Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:21

АҚШда яшаëтган фарғоналик тадбиркор ватанига сармоя киритмоқчи. Лекин...


АҚШда яшаëтган фарғоналик тадбиркор¸ ўз ватанидаги меҳмонхона бизнесини ривожлантириш мақсадида Hilton ва Radisson каби Америкадаги йирик меҳмонхоналар тармоғи билан музокара қилаëтганини айтди.

АҚШда истиқомат қилаётган фарғоналик тадбиркор Озодлик билан мулоқот қиларкан, ўзи туғилиб-ўсган, ҳозирда ота-онаси яшаётган ҳовлида 1 млн. долларлик меҳмонхона қуриш истагини билдириб, Ўзбекистондаги тегишли идораларга мурожаат қилгани, бироқ сўраган жойи берилмаётганини айтди.

Потенциал инвесторнинг таклифини ўрганиб чиққан мутахассисларнинг Озодликка тушунтиришича, тадбиркор сўраётган ер шаҳарнинг тасдиқланган бош планига кириб қолган ҳудуд ичидадир.

Мутахассисларга кўра, уларнинг рад жавоби шаҳар бош режасида тадбиркор қуришни истаётганга ўхшаш иншоот назарда тутилмагани билан изоҳланади.

Потенциал инвестор эътирози

Асли фарғоналик Абдулазиз Расулбердиевнинг айтишича¸ у 15 йилдан бери АҚШда яшаб¸ тадбиркорлик билан шуғулланади. Ҳам Ўзбекистон¸ ҳам АҚШ универститетларида бизнес бошқаруви соҳасида ўқиганини айтган Расулбердиевга кўра¸ у ҳозирда Миннесотада кўчмас мулк соҳасида ўз бизнесига эга.

Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бошлангани ҳақидаги хабарларни муттасил кузатиб бораëтган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда она ватани Фарғонада "замонавий меҳмонхона комплекси қуриш мақсадида камида 1 миллион доллар сармоя киритишга қарор қилганини" айтди.

Расулбердиевнинг айтишича¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил сентябрида Нью-Йоркка қилган сафари давомида АҚШда яшаëтган ўзбекистонликларга қарата қилган мурожаати¸ уни шундай қарорга ундаган:

- Президентнинг бу чақириғидан илҳомланиб¸ Фарғона шаҳар марказидаги ота-боболаримдан қолган (ҳозирда ота-онаси яшаётган - таҳр.) ҳовли ўрнида замонавий¸ халқаро талабларга мос келадиган меҳмонхона қуришни режа қилдим. Президентимиз туризмни ривожлантирайлик¸ четдан инвесторларни жалб этайлик¸ деб роса жон куйдираяпти. Мен бировдан бир қарич ер ëки бир тийин пул сўрамасдан¸ ўз ҳовлимиз ўрнида меҳмонхона қуриш режасини шу йил Фарғона шаҳар ва вилоят ҳокимлиги расмийларига маълум қилдим. Улар бу режани яхши кутиб олишди ва маъқуллашди¸ дейди Озодлик билан 15 май кунги суҳбатда.

Тадбиркорга кўра¸ бу режа маъмурий қоидаларга мувофиқ¸ тасдиқланиш учун Тошкентдаги "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонасига юборилган.

Корхона расмий сайтида берилган маълумотга кўра¸ мазкур идора “шаҳарсозлик соҳасида бош лойиҳа ташкилоти ва давлатнинг бу соҳада ягона илмий ва техника сиёсатини амалга оширувчиси бўлиб ҳисобланади¸ Ўзбекистон Республикасининг шаҳарлари ва аҳоли пунктларини шаҳарсозлик бўйича ҳужжатлар билан таъминлайди, бинолар ва иншоотларни қуриш учун лойиҳа–смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.”

Расулбердиевнинг айтишича, "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” унинг таклифини икки ой ўрганиб чиққанидан сўнг¸ уларга қарашли ерда меҳмонхона қуриш Фарғона шаҳар бош планига киритилмаган¸ деган асосда уни рад қилган:

- Генплан чизиб қўйилган экан¸ шу бўйича бу ерда қанақадир уйлар қурилиши керак экан. Лекин конкрет ҳали ўзлари ҳам билмайди¸ у ерда қанақа бино¸ қанақа уй бўлишини. Бу ерда муаммо¸ бюрократияда. Қайта чизишга эринаяпти. Бу лойиҳани бошқараëтган архитекрор Ильдар Хасанов бизнинг вакилимизга¸ ҳаммаëқ чизиб бўлинган¸ уни қайта чизолмаймиз¸ деяпти. Тепадан жуда зўр¸ прогрессив ташаббуслар чиқаяпти¸ аммо ўрта қатлам бюрократияси ҳали тез ва яхши ишлашга ўргана олмаяпти¸ дейди Абдулазиз Расулбердиев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:35 0:00
Бевосита линк

Расмий жавоб

Озодлик мухбири АҚШда яшаëтган фарғоналик тадбиркорнинг айтганларига муносабат олиш мақсадида у номини тилга олган Ильдар Хасанов билан суҳбатлашди.

Озодлик мухбири билан суҳбат давомида 40 йилдан бери шаҳарсозлик соҳасида ишлаб келаëтган 67 яшар бу мутахассис¸ Абдулазиз Расулбердиевнинг сўрови тафсилотларидан яхши хабардор эканини кўрсатди.

“Биз Америкада яшаëтган тадбиркорнинг ўз ватанига сармоя киритиш ниятидан хурсандмиз ва буни қувватлаймиз. Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг ҳам ўз қонунчилиги бор ва биз у америкалик бўладими ëки ўзимизнинг тадбиркор¸ ҳаммадан шу қонунчиликка ҳурмат кўрсатишни сўраймиз”¸- деди Хасанов Озодлик билан суҳбатда.

«Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси архитекторининг билдиришича¸ Абдулазиз Расулбоев ўз ота-боболари яшаганини айтаëтган Фарғона марказидаги ер участкаси шаҳарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бош планига кўра¸ бузишга тушган ҳудудда жойлашган:

- Бир қаватли ҳовлилар жойлашган бу ҳудуд Фарғонанинг қоқ маркази ва ҳурматли президентимиз кўрсатмаси билан бу ерда кўп қаватли¸ ҳамма қулайликларга эга янги уйлар¸ боғча¸ мактаб ва аҳоли дам олиши учун яшил зона -парк қуриш генпланга киритилган. Асосан¸ янги турар-жой комплекслари қуриладиган бу ерга меҳмонҳона қуриш¸ иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Иккинчидан¸ Ўзбекистон Республикасида ер хусусий мулк ҳисобланмайди ва ота-боболардан қолган ер дегани бу ердан хоҳлаганича фойдаланиш ҳаққини бермайди. Ер тўғрисидаги Кодексга кўра¸ ер аҳолига узоқ муддатли ижарага берилади¸ холос¸ деди Озодлик билан 16 май кунги суҳбатда Ильдар Хасанов.

Мутахассис¸ Фарғона шаҳри марказида жуда катта қурилиш ишлари бошлангани ва ана шу ҳудуддан Абдулазиз Расулбердиевга ҳам¸ ўзи сўраганидан ҳам яхшироқ ер таклиф қилинганини билдирди:

- Энди Фарғона ҳокимлиги билан масаланинг техник жиҳатларини ҳал қилиш керак. Биз таклиф қилган ерда жойлашган ҳовли эгаларига компенсация бериш¸ уларни рози қилиш керак бўлади. Муаммони конструктив ҳал қилишнинг ўнлаб варианти бор ва биз ҳокимликка шуни таклиф қилдик. Қолгани¸ уларнинг иши¸ деди «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонасининг Фарғона бош плани учун масъул архитектори Ильдар Хасанов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:33 0:00
Бевосита линк

Озодлик Фарғона вилоят ҳокимининг айни масала учун масъули билан боғланди. Мавзуни эшитган вилоят ҳокими ўринбосари¸ ҳозир мажлисга кириб кетаëтгани ва бир соатдан кейин¸ албатта¸ гаплашишини айтди. Аммо кун давомида қилинган қўнғироқларга жавоб берилмади.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг АҚШга қилаëтган илк расмий сафарини катта умид билан кузатаëтганини таъкидлаган фарғоналик тадбиркор¸ бу сафар турткисида Ўзбекистондаги қуйи ва ўрта қатлам амалдорларининг янгича¸ прогрессив иш услубига тезроқ ўтишига умид қилаëтганини айтади.

- Ҳозирча бизнинг режамиз ҳавода муаллақ қолмоқда. Тошкент таклиф қилган муқобил вариант¸ амалда нореалистик бўлиб чиқди. Сармоя мавҳумлик бор жойга бормайди. Аниқ бир жавоб бўлмаса¸ режамиздан воз кечишга мажбур бўламиз¸ Америкада ҳам ишимиз яхши¸ дейди Абдулазиз Расулбердиев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG