Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Мирзиёев 60 ёшга тўлган Бош вазир Абдулла Ариповни орден билан тақдирлади


Абдулла Арипов
Абдулла Арипов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни 60 ёшга тўлган бош вазир Абдулла Ариповни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

ЎзА хабарига кўра, ҳукумат раҳбарига мазкур мукофот “давлат идораларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий қудратини юксалтириш, муҳим стратегик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги улкан хизматлари, ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан” берилган.

Абдулла Арипов 2016 йилдан буён Ўзбекистон бош вазири лавозимини эгаллаб келади. У 2002 йил майидан 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб, 2009 йилдан 2012 йилгача эса бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мулозим 2012 йили телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан ишдан олинган эди. Шундан сўнг у бир неча йил давомида Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган.

Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг - 2016 йилнинг 13 сентябрида Абдулла Арипов аввал бош вазирининг ўринбосари, кейин эса бош вазир этиб тайинланган эди.

А. Ариповгача Ўзбекистон бош вазири лавозимида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 13 йил ишлаган.

Бош вазир Арипов ким?

Ариповни яқиндан билган ва у билан 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бирга ишлаган муҳандис исми айтилмаслик шарти билан аввалроқ Озодликка баъзи тафсилотларни айтиб берганди:

- Биз Комилжон Раҳимов вазир бўлганида бирга ишлаганмиз¸ ўша Олой бозори ëнидаги Главпочтамтнинг орқасидаги бинода ишлаганмиз. У киши оддий алоқачи мутахассис эди. Ўша пайтда, масалан, Рустам Азимов Миллий банк бошқаруви раиси эди. Старт чизиғидан олдинга югуриш масаласида қаралса, Абдулла Ниғматович қисқа вақтда анча масофани босиб ўтди, деган суҳбатдош.

Маълумотларга кўра, Абдулла Арипов 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1983 йили Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)ни тамомлаган. Иқтисодиёт магистри. Оилали, беш нафар қизи бор.

А. Арипов 1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида 1-тоифали муҳандис-электрончи бўлиб ишлаган. 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис, 1993-1995 йилларда "Ўзимпэксалоқа" халқаро савдо ширкатида директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

1997 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг бозорни шакллантириш ва қимматли қоғозлар бўлими бошлиғи, 1997-2000 йилларда Почта ва телекоммуникацияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори лавозимида ишлади.

2000 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори биринчи ўринбосари, 2001 йили эса шу ташкилот раҳбари этиб тайинланган (бир йилдан сўнг ташкилот номи Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги деб қайта номланди.).

Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарига айланишидан бир йил аввал - 2002 йили бош вазир Ўткир Султоновнинг ўринбосари этиб тайинланган ва Алоқа ва ахборот-технологиялари масалалари комплексига масъул бўлган. Айни вақтда агентликка раҳбарлик қилишда давом этган.

2009 йили Абдулла Арипов масъул бўлган ҳукумат комплексига ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масалалари ҳам қўшиб берилган.

Коррупция жанжали ва истеъфо

Арипов 2012 йил ёзида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидан истеъфога чиқарилгани ва бош вазир ўринбосари лавозимидан ҳам озод этилган.

Гулнора Каримовага дахлдорлиги иддао қилинган Takiland ширкати орқали TeliaSonera (Ucell), Beeline ва МТС мобил операторларининг норасмий тўловлар ёрдамида Ўзбекистон бозорига кириши ва эмин-эркин ишлаши таъминлангани борасида журналистик терговлар мавжуд. АҚШ Адлия вазирлиги ва Швеция прокуратураси бу ишлар юзасидан жиноий иш қўзғатган.

Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸"TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараëн Абдулла Арипов раҳбар бўлган даврни қамрайди. Ариповнинг имзосини айни ишга оид кўп ҳужжатларда кўриш мумкин".

Бироқ Гуннар Стетлер Ариповнинг тергов жараёнидаги мақоми тўғрисида изоҳ бермаган.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Ариповнинг сиёсий лавозимга қайтарилиши Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин, деган фикрда.

Швеция прокуратураси апелляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.

TeliaSonera ширкатига қарши айбловлар ширкатнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир тергов билан боғлиқдир.

Бу ишга оид Халқаро матбот назарига тушган тафсилотлар ортидан 2012 йилда Арипов ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилгани ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном интернет нашри хабар берган эди.

2012 йилда ўзининг ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар қилган Узметроном нашрига кўра, Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилган.

2013 йилга келиб Абдулла Арипов устидан жиноий иш тўхтатилди ва собиқ мулозим Тошкент алоқа институтида оддий ўқитувчи сифатида яна Бош вазир ўринбосари қилиб тайинланган 2016 йилнинг 13 сентябргача ишлаб юрди.

Келажак учун асралган “кадр”

Таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, бир томондан Takiland бошқа томондан Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари аралашган схема Ўзбекистон ҳазинасини йиллик бюджетнинг 7 фоизи миқдоридаги пулдан махрум қилган.

- Бу сумма соғлиқни сақлашга бюджетдан ажратилган пулнинг 50 фоизи демакдир¸ дея таъкидлаган таҳлилчи.

Суҳбатдошга кўра Абдулла Ариповнинг Бош вазир қилиб тайинлангани Ўзбекистон ҳукумати коммуникация ширкатлари тарафидан пора сифатида олиниб ҳозир музлатилган бир миллиард долларни АҚШ суди орқали қайтариб олмоқчи бўлаëтган пайтга тўғри келмоқда.

- Бу АҚШ судида кўрилаëтган масалага ҳалақит беради. Абдулла Ориповнинг Бош вазир лавозимига тайинланиши пулни бюджетга қайтариш шансларини камайтиради¸ деб ҳисоблайди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Шу билан бирга Илҳомов Абдулла Ариповнинг телекоммуниация соҳасида тажрибали мутахассис эканлигини ҳам эътироф қилди.

Арипов билан боғлиқ жанжалларни ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков ҳам унинг касбий маҳорати ҳақида гапириб¸ Мирзиëев уни шу боис бугунгача асраб келганини таъкидлаган эди.

- У Ўзбекистондаги телекоммуникация модернизациясини бошлаб берган эди. Мирзиëев уни мутахассис сифатида қадрлаб келажак учун асраб қўйган эди¸ деган эди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG