Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:19

Ўзбекистон раҳбари сўнгги 30 йилда биринчи марта Хўжандга борди


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғида сайр қилмоқда, 11 июнь, 2021
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғида сайр қилмоқда, 11 июнь, 2021

11 июнда Шавкат Мирзиёев Хўжандга борди. Ўзбекистон президенти Тожикистонга расмий сафар билан 10 июнда келган.

Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллиги даврида бу қадимий шаҳарга борган илк давлат раҳбари бўлди.

Хўжанд - Тожикистондаги иккинчи йирик маъмурий ҳудуд, минтақадаги энг қадимий шаҳарлардан бири, Сўғд вилояти марказидир.

Ўзбекистон раҳбари Ш. Мирзиёевнинг бу сафари, президентликка келганидан бери бу давлатга қилаётган учинчи сафаридир. Бунга қадар Мирзиёев Тожикистонга 2018 йили 2 марта расмий ташриф билан борган.

Хўжандда Шавкат Мирзиёевни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон шахсан кутиб олди, икки давлат раҳбарлари ва делегациялари Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройида мулоқотларни давом эттирди.​

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон, мулоқотлар пайтида марҳум президент Ислом Каримов даврига ишора қилиб, у даврдаги муаммоларни эслади ва уларни қисқа муддатда ҳал қилди, деб президент Шавкат Мирзиёевни олқишлади.

- Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, - деди Эмомали Раҳмон.

Эмомали Раҳмон Хўжанддаги музокаралар учун айнан “Арбоб” маданият саройини танлагани бежиз эмасдай.

1992 йилда у шу саройда Тожикистонга раҳбарлик қилишни бошлаган. Мирзиёевнинг Хўжанд сафари арафасида ярим аср муқаддам қурилган сарой обдон таъмирланди, янгиланди, дабдабали қилиб ясатилди.

Раҳмоннинг шахсан ўзи Мирзиёевга ушбу саройни намойиш қилди.

Сўнгра икки раҳбар Хўжанддаги “Қайроққум гиламлари” корхонасига борди, ундан чиқиб йўл-йўлакай Қайроққум сув омбори ёнида тўхташди.

Сув омборни айланиб, суҳбатлашишди. Кейин Сўғд вилоятидаги “Ваҳдати миллат” боғига бориб, боғни кезишди.

Бу галги икки кунлик мулоқотлар пайтида Тожикистон томони самарқандликларга мактаб совға қилди. Ўзбекистон томони эса хўжандликларга бутун бошли шифохона совға қилди. Президентлар виртуал очилиш маросимида иштирок этиб, рамзий тугмаларни босди.

Мирзиёевга бу сафарда эшлик қилган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоевга кўра, Қубодиён туманидаги бу замонавий кўп тармоқли шифохона, 250 ўринга мўлжалланган, бир йилда 72 минг беморга хизмат кўрсатиши мумкин ва бу муассаса тўлиқ Ўзбекистон ҳисобига қурилган. Ҳозирча вазир бу лойиҳа учун қанча маблағ сарфланганини очиқламади.

Эмомали Раҳмон ҳам Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Тожикистон ҳукумати томонидан қуриб битказилган мактабни виртуал шаклда очиб берди. 640 нафар ўқувчига мўлжалланган 3 қаватли мактаб биноси президентларга онлайн намойиш қилинди.

Айни пайтда, президентлар, бу мулоқот пайтида ҳозирга қадар жами 17 та чегара ўтказиш пункти очилгани, аҳолининг қатнови енгиллашгани, Ўзбекистонга ўтиб-қайтаётганлар сони ортиб бораётганини эътироф этди.

Бу орада, икки раҳбарга ҳамроҳлик қилиб юрган ҳукумат делегациялари баёнотларига қараганда, 2020 йили, пандемияга қарамай, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ярим миллиард долларга етган.

2017 йилда бу кўрсаткич 70 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2016 йилда 18 миллион, 2015 йилда 12 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Ўзбекистон президенти матубот хизмати тарқатган расмий баёнотда айтилишича, икки давлат ўртасидаги қўшма корхоналар сони сўнгги 2 йил ичида қарийб 20 тадан 200 тага ошган.

Улар орасида етакчилик қилаётган ширкат номи ўзбекистонликлар учун жуда таниш бўлган “Артель Авесто Электроникс” қўшма корхонаси экани президент матбуот хизмати баёнотида алоҳида тилга олинди.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган Artel Engineering and Management ширкати билан Тожикистонда президент оиласига тегишли экани айтиладиган «Авес­то групп» ширкатлари ўртасидаги бу қўшма корхона Душанбеда очилган.

Ўзбекистон-Тожикистон: Регистрациясиз 10 кун яшаш мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

10 - 11 июнь куни учрашувлар пайтида берилган яна бир жиддий баёнот Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш бўйича қўшма лойиҳа режасидир.

Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султоновнинг маълум қилишича, томонлар умумий қиймати 550 миллион доллардан ошадиган 2 та ГЭС қуришни кўзламоқда. Вазир бу маблағ ташқи қарз ва грантлар асосида йиғилишини маълум қилди.

Мирзиёевнинг бу галги ташрифига Тожикистонда ҳозирланган саройлар, концертлар ва қабуллар аввалгисидан янада тантаналироқ, янада дабдабалироқ ўтди.

Шунга кўра, томонлар расмий баёнотларида янграган рақамларнинг ҳажми ҳам баланд бўлди - 2 кунлик учрашувларда жами қиймати 1 миллиарддан доллардан ошадиган 35 та “аниқ лойиҳа ва шартномалар имзолаган”.

Аммо, ҳозирча, бу шартномалар конкрет қайси соҳалардаги лойиҳалар ёки ширкатларни ўз ичига олгани ҳақида тўлиқ тафсилотлар йўқ.

Сафар якунида Мирзиёевни Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг шахсан ўзи Хўжанд халқаро аэропортидан кузатиб қўйди.

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари минтақада чегара зиддияти кучайган, тожик-қирғиз муносабатлари кескинлашиши фонида ўтмоқда.

Айни пайтда, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетаётгани боис, минтақани ўзининг орқа ҳовлиси сифатида кўрадиган Россия расмийларининг Ўзбекистон ва Тожикистонга эътибори кучайгани кузатилмоқда.

Шу маънода Тожикистонга сафар чоғида эришилган келишувлар ва томонларнинг кейинги сиёсий-иқтисодий муносабатлари нафақат икки давлат, балки минтақа учун ҳам муҳим, дея баҳоланмоқда.

XS
SM
MD
LG