Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хориждан келадиган йиллик пул ўтказмалари ҳажмини 50 миллиард долларга етказиш зарурлигини айтди. У бу ҳақда 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда гапирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакат фуқаролари ватанга 20 миллиард доллардан ортиқ маблағ юбормоқда, бироқ давлат идоралари бу жараённи ташкил этишда деярли иштирок этмаяпти.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2025 йилда 18,9 миллиард доллар, 2026 йил январь–сентябрда эса 15,17 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 8,9 фоиз кўп, аммо пул ўтказмаларининг ўсиш суръати секинлашган.
"Экспортни 70 млрд қилганимиздек, бир йилда бу йўналишда ҳам 50 млрд доллар пул хонадонларга кириши керак", деди Мирзиёев.
Президент хорижда ишлаётган фуқаролар даромадининг ошиши улар оилаларининг моддий аҳволини яхшилаш билан бирга, мамлакатнинг халқаро тажрибага эга мутахассислар билан таъминланишига ҳам хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистон давлат идоралари маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўтган йили 147 миллиард долларни ташкил этган.
Президент ҳокимлар, элчилар ва бошқа давлат идораларини меҳнат муҳожирларини, унинг фикрича, етарлича қўллаб-қувватламаётгани учун танқид қилди. У ҳозирги пул ўтказмалари ҳажми асосан хорижда ишлаётган фуқароларнинг ўз саъй-ҳаракатлари ҳисобига таъминланаётганини айтди.
"Бугун давлатнинг бу 20 миллиард долларга алоқаси йўқ", деди Мирзиёев.
У, шунингдек, ўзбекистонликлар хорижда ойига камида 2 минг доллар топиш имконига эга бўлиши кераклигини билдирди. Айрим фуқаролар етарли касбий тайёргарликсиз чет элга бориб, 400 долларга ишлаётганидан норозилик билдирди.
"Ёшларни касбга ўргатмай, улкан уммонга чиқишга мажбур қиляпсизлар. Улар камида 2 минг доллар топиши керак", деди президент.
Мирзиёев бўлажак меҳнат муҳожирларини хорижда ишлашга олдиндан тайёрлаш, жумладан, уларга касб ва чет тилларини ўргатишга чақирди. Унинг айтишича, ёшлар мамлакатдан чиқишидан олдин қаерда ишлаши, қанча маош олиши ва ҳуқуқларини ким ҳимоя қилишини билиши керак.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилда хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони икки баравар камайган, мамлакатга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми эса тўрт баравар ошган.