Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:08

Шавкат Мирзиёев марҳум Ислом Каримовни ўз отасига тенглаштирди


Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовни ўз отасига тенглаштирди.

"Бу одам менга отам каби жуда катта тарбия қилган," деди Шавкат Мирзиёев 17 сентябрда Жиззах шаҳар кенгашидаги чиқишида марҳум президентни эсларкан.

Шавкат Мирзиёев марҳум президент ҳақида гапираркан уни “ўзбек миллатининг ғурури ва ифтихори,” деб атади.

"Ислом Абдуғаниевич ифтихоримиз. Мен бу инсон билан 27 йил елкадош бўлганман. Қанча-қанча оғир кунларни бирга ўтказганмиз," деди вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи.

У мажлис иштирокчиларини "ҳалол бўлиб халққа хизмат" қилишга чақирди.

"Муҳтарам президентимиз жуда кўп тизим яратиб берган. Шуни одамларга тўғри етказиб, адолатли бўлиб, ҳалол бўлиб халққа хизмат қилсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев. - Худо менга умр берса, фарзанд отага қандай хизмат қилса, ана шундай бутун борлиғим билан хизмат қиламан".

Айни мажлисда Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳри ва вилоятдаги камида еттита туман ҳокимини ишдан бўшатди.

У бу амалини қуйидагича изоҳлади:

"Бугун ҳамма қилинган ишлар Жиззахнинг эртанги куни учун қилинди. Одамлар рози бўлиши учун ишни жой билан, инвестиция билан, ойлик билан натижа бўлади. Худо хоҳласа, йўлимиз нурафшон," деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ идора қилган Ислом Каримов 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида 2 сентябрда вафот этди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажариш бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилди.

Марказий Сайлов Комиссияси Ўзбекистонда президент сайлови 4 декабрда бўлиб ўтишини эълон қилган.

16 сентябрь куни Ўзбекистондаги ЎзЛиДеп партияси президент сайловига номзод сифатида 59 ёшли Шавкат Мирзиёевнинг номзодини илгари сурди.

XS
SM
MD
LG