Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:55

Мирзиёев ерни хусусийлаштириш ҳақидаги фармонни имзолади


Турар-жой учун ажратилган ер участкаси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон расмий матбуоти президент Мирзиёевнинг "Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини эълон қилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, тез орада жисмоний шахсларга уй-жой учун ажратилган ер участкасини "ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорда пуллик асосда" хусусийлаштириб олиши учун рухсат берилади.

Адлия вазирлиги Телеграм каналида берилган маълумотга кўра, 2019 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистонда жисмоний шахсларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкасини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, юридик шахслар ҳам бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлади.

Фармонда айтилишича, хусусийлаштириш жараёнини бошлаш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори лозим.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштириб олинган ер майдонларига хусусий мулк мақоми берилади ва унинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

"Хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади", дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати берган хабарда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тўлиқ чоп этган фармон матнида, шунингдек, урбанизация жараёнини фаоллаштириш бўйича мақсадлар белгиланган.

Жумладан, мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш, миграция жараёнларини маъмурий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш орқали аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиш учун шарт-шароитлар яратиш вазифалари қайд этилган.

Фармонда айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси 2 ой ичида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритиши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Шунингдек, йирик шаҳарларга туташиб кетган аҳоли пунктлари инвентаризациядан ўтказилиб, 2019 йил 1 ноябригача йўлдош-шаҳарларга айлантириш мумкин бўлган аҳоли пунктларининг рўйхати тузилади.

"2019 йил 1 июнга қадар хусусийлаштириладиган ер участкалари учун табақалаштирилган тўловлар миқдорлари, шунингдек, уларни тўлаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарорини қабул қилсин", дейилади фармонда.

Ушбу ҳужжат асосида эса Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошида Урбанизация агентлигини ташкил этиш кўзланмоқда.

Янги фармонга асосланган ҳолда мавжуд Уй-жой кодекси ва Ер кодексини ўзгартириш учун ушбу ҳужжатларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG