Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:49

"Антибиотик" Мирағлам Мирзаев тергов изоляторидан ИИВ касалхонасига ўтказилди


Мирағлам Мирзаев
Мирағлам Мирзаев

Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, жорий йил февралидан бери тергов изоляторида ҳибсда сақланаëтган «Антибиотик» лақабли Мирағлам Мирзаев оғир касаллиги боис ИИВ касалхонасига ўтказилган.

Бу маълумотни Озодлик ИИВ касалхонаси ходимидан ва Мирзаевнинг оиласига яқин кишидан олди.

Ҳар иккала суҳбатдошга кўра¸ Мирағлам Мирзаев инсульт оқибатида ҳаракатланиши қийин бўлиб қолгани ва малакали шифокор назорати зарурлиги учун ИИВ касалхонасининг қаттиқ қўриқланадиган палатасига жорий йилнинг 17 сентябрь куни ўтказилган.

Мирағлам Мирзaевга қўйилган ташхислардан хабари бўлган врач Озодлик билан суҳбатда “Мирзаев жазодан қутулиб қолиш учун ўзини касал қилиб кўрсатмоқда”, деб иддао қилди.

Собиқ Бош прокурор жиноят иши доирасидаги ҳибс

Собиқ прокурор Мирағлам Мирзаев жорий йил 23 февралида ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 22 мартда тарқатган баëнотига кўра¸ “Мирағлам Мирзаевга нисбатан жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.”

Айни баëнотда Мирзаев «Бош прокуратура томонидан собиқ Бош прокурор Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида” тергов қилинаëтгани билдирилган эди.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларда Мирағлам Мирзaевга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши очилгани айтилади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи зобитнинг Озодликка айтишича¸ “Мирзаевга қарши собиқ бош прокурор Қодиров кўрсатма берган”:

- Рашид Қодиров кўрсатмаларидан кейин адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи, «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова, уларнинг ўғли, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев, Мирағлам Мирзаевнинг жияни (Мираъзам Мирзаевнинг ўғли), МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши очилган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи зобитнинг айтишича¸ Мирағлам Мирзаевнинг хотини Муҳаббат Ҳасанова ва бошқа қариндошлари тергов изоляторида қолмоқда.

- Яқинда иш судга оширилади Мирзаев¸ Хасанова ва яна уларнинг тўрт қариндоши ўз айбига иқрор бўлди. Энг кўп айблов Муҳаббат Хасановага нисбатан қўлланилди. Айблов исбот ва бошқа гувоҳлар кўрсатнмалари билан далилланди.

Собиқ прокурор уйидаги тинтув

Жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев ва унинг яқинлари устидан очилган жиноий иш доирасида тинтув ўтказилганлигини билдирган эди:

"Терговнинг Мирзаевлар оиласига оид эпизодида М.Мирзаев¸ М.Мирзаева¸ А.Мирзаев ва З.Иноғомов (М.Мирзаеванинг жияни) ушланган. Мирзаев оиласига қарашли турар-жой ва нотурар-жой объектларида тинтув ўтказилди¸ турли предметлар¸ ҳужжатлар¸ автотранспорт воситалари ва бошқалар олиб қўйилди”, дейилган Озодликка юборилган маълумотномада.

Мирағлам Мирзаев ва унинг яқинлари

Узоқ йиллар расман Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари лавозимида ишлаганига қарамай¸ амалда бутун прокуратура тизимини бошқарувчи “ўзгармас ва қудратли” шахс сифатида ном чиқарган Мирағлам Мирзаев (лақаби "Антибиотик") президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 9 февраль кунги селектор йиғилишида ИИВ ва прокуратура тизимларини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб ишдан олинган эди.

Мирағлам Мирзаевнинг ушбу тасвири илк бора Eltuz.comнашрида эълон қилинган
Мирағлам Мирзаевнинг ушбу тасвири илк бора Eltuz.comнашрида эълон қилинган

​Мирзаевнинг хотини Муҳаббат Ҳасанова (лақаби "Кардинал")¸ Юнусобод адвокатлар коллегиясини бошқарган¸ МХХнинг собиқ раиси¸ генерал Рустам Иноятовнинг хотини Флора Иноятованинг яқин дўсти ва қариндошидир.

Мирзаевларнинг ўғли Абдурашид Мирзаев МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмасини бошқарган.

Мирағлам Мирзаевнинг укаси Мираъзам Мирзаевнинг ўғли Мансур Мирзаев (лақаби "Малиш") МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмасини бошқарган.

Тошкент мулозимлари¸ қолаверса Озодликка ўз ҳикоясини айтиб бераëтган тадбиркорлар МХХ собиқ раиси Иноятов қаноти остида иш юритган Мирзаевлар сулоласининг узоқ йиллар давомида МХХ¸ ИИВ¸ прокуратура ва ҳокимият амалдорларини террорда ушлаб¸ улардан мунтазам пора талаб қилиб келганлик баробарида¸ иши юришган тадбиркорларни аëвсиз қақшатиб келганини иддао қилишади.

XS
SM
MD
LG