Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:35

"Яна осмон мусаффо". Давлат телеканалидаги "охирги танқидий кўрсатув" ёпилди


25 август куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси - МТРКнинг “Маҳалла” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Минбар” кўрсатуви ёпилди.

Бу ҳақда “Маҳалла” телеканали масъул муҳаррири Лазиз Исмоилов маълум қилди. Муҳаррирга кўра, мазкур ток-шоу тарзидаги кўрсатув телеканалдаги ягона танқидий кўрсатув эди.

«Салкам 3 йил давомида долзарб мавзуларни кўтариб чиққан ва мунтазам муҳокамалар марказида турадиган" Минбар" кўрсатуви расман тугатилди! Эндиликда янгича форматда, янгича ёндашув асосида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз», — деди ижтимоий тармоқдаги чиқишида Лазиз Исмоилов.

Айрим маҳаллий журналист ва блогерлар давлат телеканалидаги охирги танқидий руҳдаги кўрсатув ёпилгани ҳақида ёзишмоқда.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Расул Кушербаевга кўра, “Минбар” кўрсатуви шу вақтгача жамиятдаги оғриқли муаммоларни баҳсли ва мунозарали тарзда оммага олиб чиқаётган танқидий ва таҳлилий кўрсатув ўлароқ танилган эди.

“Минбар” кўрсатувининг Озодлик боғланган бошловчиларидан бири МТРК раҳбарияти томонидан “Минбар” ўрнига мустақиллик байрами арафасида кўнгилочар ток-шоу ташкил қилиниши борасида кўрсатма берилганини маълум қилди.

Янги ташкил қилинаётган ток-шоу ҳам Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим мавзуларини ёритишга ҳаракат қилади. Унга жамоатчилик орасида ўз нуфузига эга шахслар, таниқли экспертлар таклиф қилинади.

Кўрсатувнинг илк сони 26 августда эфирга узатилиши мумкин.

“Минбар”ни раҳбарлар аввалдан ёқтиришмасди

Кўрсатув экспертларидан бири Расул Кушербаевга кўра, "Минбар" кўрсатуви Ўзбекистон телевидениесида "ушоқ учун қолган нисбатан очиқ ва танқидий рухдаги" кўрсатув эди.

"Бир муддат аввал ушбу кўрсатувнинг "Опен бюджет" мавзусидаги танқидий сонидан сўнг ҳам уни ёпмоқчи бўлишганди. Бироқ жамоатчиликнинг эътирозлари сабаб кўрсатув сақлаб қолинган.

Афсуски бу узоқ давом этмади.

Бундан чиқди энди давлат телевидениесида маддоҳликдан йироқ, "заказ" билан ишламайдиган танқидий рухдаги кўрсатувлар қолмади, деса ҳам бўлаверади: ҳамма ёқ гўзал, мусаффо",
деб ёзди Кушербаев.

Кўрсатувнинг шу йил май ойидаги сонларидан бирида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида муҳим мавзулардан бири бўлган давлат бюджети пули тақсимоти тилга олинганди. “92% / 8% = мансабдорлар / халқ” шаклидаги кўрсатувда очиқ бюджет лойиҳаси кескин танқид остига олиниб, бюджетдаги талон-торожликлар ҳақида гапирилган. Шундан сўнг кўрсатувнинг ёпилиши ҳақида тахминлар пайдо бўлганди.

Кўрсатув муаллифларидан бирига кўра, ўша пайтнинг ўзида телеканал раҳбарлари МТРК раҳбарияти томонидан огоҳлантирилган ва кўрсатувнинг кейинги тақдири савол остида қолган. Аммо кўрсатув ёпилмаган, бироқ кўрсатув иштирокчилари бўлган экспертларни “саралаш” йўлга қўйилган.

Сўз эркинлиги борасида изчил ортга қайтиш

Шу йилнинг 6 августида “Азон медиа” гуруҳи раҳбари Алишер Турсунов гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилганди. Мазкур онлайн медиа тармоғи аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, дин ва таълим, шунингдек, маърифий мавзуларни ёритиш мақсадида 2017 йилда ташкил қилинган.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначиларига эга бўлган тармоқ эгаси ўз фаолиятининг якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган, кейинчалик бу сабаблар очиқланиши мумкинлигини айтилганди. Бироқ сайт ёпилишига ҳануз изоҳ берилмаган.

Ҳозирги пайтда сайтдаги барча диний контентлар ўчирилган ва сайт ходимлари “Fikrat” номли янги лойиҳа устида иш бошланганини маълум қилишди.

2021 йилда “Азон медиа” гуруҳининг 4 нафар раҳбарлари бир қанча диний контентлар ва материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси назоратидан ўтказмай чоп қилгани учун суд томонидан йирик миқдорда жаримага тортилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг тегишли рухсатисиз диний мазмундаги материалларни чоп қилган Kun.uz сайти ҳам жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди қарори билан жаримага тортилган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, “Mening yurtim”, “Milliy”, “Sevimli” телеканалларида маиший муаммоларни муҳокама қилувчи бир қанча ток-шоу бошловчилари ҳам огоҳлантирилган.

Исми сир қолишини истаган бошловчиларнинг бири ток-шоуларда эксперт сифатида тасодифий ёки исталмаган шахсларнинг иштирокини чеклашга кўрсатма берилганини айтди.

“Маиший характердаги танқидлар учун мутлақо цензура йўқ, аммо синалмаган кишилар масалани сиёсатга буриб юборишлари мумкин. Шу боисдан уларни саралашимиз керак экан. Менга кўрсатувингни, рекламангни қилиб, тинчгина пулингни олиб юравермайсанми, дейишди", - дейди Озодлик суҳбатлашган бошловчилардан бири.

Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган. Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.

Форум

XS
SM
MD
LG