Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

"Металлолом солиғи": Топшириқни бажармаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда


Ўзбекистонда металлолом йиғиш мажбурий меҳнат ва норасмий солиқ турларидан бири
Ўзбекистонда металлолом йиғиш мажбурий меҳнат ва норасмий солиқ турларидан бири

Турли вилоятлардан Озодликка боғланган давлатга қарашли корхоналарнинг ишчи-ходимлари металлолом учун пул йиғишга мажбурланаётганларидан шикоят қилишди.

Уларнинг иддао қилишларича, "металлолом солиғи"ни топширмаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда.

Бир ойдирки, мамалакатдаги деярли барча корхона ва ташкилотлар металлолом “йиғиш” билан банд.

Металлолом йиғиш топшириғи Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан берилган.

Мулозимлар ташкилотларга металлолом йиғиш топшириғи берилганини тасдиқлашди, бироқ ходимлардан мажбуран пул йиғилаётганини инкор қилишди.

Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг бир гуруҳ ходимлари Озодликка боғланиб, металлолом учун пул йиғилаётганидан шикоят қилди:

“Бухоро ҲЭТК ишчилари номидан мурожаат қилмоқдамиз. Раҳбарият бизни металлолом учун пул беришга мажбурламоқда. Олдин ҳар биримиз 85000 сўмдан йиғиб бердик. Энди етмаганига қўшимча яна 33000 сўмдан бердик, яна ўлганнинг устига тепгандай, рангли металл учун 25000 сўмдан йиғиб бердик. Биз ходимлар 5-6 миллион сўм ойлик олмаймиз-ку! Ҳар ой темир-терсакка пул бераверсак, оилани қандай боқамиз? Ўзи қаердан чиққан бунақанги мажбурий тўлов? Биз ишчиларни ҳимоя қиладиган ташкилот борми?”

Худди шу мазмундаги шикоят Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ишчиларидан ҳам келди:

“Андижон ҲЭТК ишчиларимиз. Раҳбарият бизни металлолом тоgширишга мажбурламоқда. Олдин 36 минг сўмдан йиғиб берардик. Ҳозир эса ҳар ойнинг 20-санасида 55 минг сўм ёки 20 кг қора рангли металл топшириш талаб этилмоқда. Ўзи маошимиз кам. Ўша 55 минг сўмга 1 кило гўшт олиб бола-чақамизга едирса бўлмайдими?!”

Озодликнинг 25 февраль куни ўрганишича, “металлолом солиғи” нафақат Бухоро ва Андижон ҲЭТКларга балки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг мамлакатдаги барча - 16та корхонаси ходимларига солинган. Буни Хоразм, Самарқанд ва Сирдарё ҲЭТКлари ходимлари Озодликка тасдиқлашди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ идорасининг Озодлик боғланган мулозими ҲТЭКларига металлолом йиғиш топшириғи берилганини инкор қилмади. Бироқ мажбурий равишда пул йиғилаётганини рад этди.

Айни пайтда нафақат ҲЭТКлар ходимлари, балки мамлакатдаги деярли барча идора ва ташкилотларга металлолом йиғиш топширилгани маълум бўлди.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам ўзига қарашли барча ташкилотларга металлолом йиғишни топширган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимининг Озодликка маълум қилишича, металлолом учун ишчиларнинг ойлик маошидан пул ушлаб қолинмоқда.

“Қора ва рангли металл топшириш вазифасини қўйишди. Энди олий маълумотли одамлар металлолом қидириб топишимиз керак экан. Топа олмасак, ёнимиздан (ойликдан) тўлашимиз керак. Пешона теримиз билан ишлаб топган ойлигимизни кимларнингдир чўнтагини қаппайтириш учун сарфлашимиз керакми?”,- дейди исмини очиқламасликни сўраган “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходими.

Унинг айтишича, металлолом йиғиш топшириғини бажармаганларга таҳдид қилинмоқда:

“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли ташкилотлар директорлари ҳам нима қилишни билмасдан юрибди. “Қилмайман” деса, угроза қилишяпти. Директорлар ҳам нима қилсин? Иложсизликдан ҳар бир ишчи-ходимга бўлиб берган. Ҳар бир ходим ойига 500-1000 килогача металлолом топшириши керак. Тасаввур қиляпсизми, ҳар ой!”.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Озодлик боғланган мулозими “металлолом солиғи” Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги буйруғи билан амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2021 йил 2З январдаги қарори асосида мамлакатдаги барча идора ва ташкилотларга қора ва рангли металл йиғиш топширилган. Вазирлик қарори асосида “Ўзбекнефтгаз” 25 январда ўзига қарашли МЧЖларга метал йиғиш борасида буйруқ чиқарди. Бир ойдан буён шу буйруқ асосида металл йиғяпмиз”,- деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмасликни сўраган “Ўзбекнефтгаз” АЖ мулозими.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ кейинги 1 ой ичида металл йиғишга оид 4 та буйруқ чиқарган бўлиб, Озодлик ушбу ҳужжатлар нусхасини қўлга киритди:

Ҳужжатларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бир йил ичида 10000 тонна қора ва 350 тонна рангли металл топшириши лозим.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси ўринбосари К. Тўхтаев томонидан 22 февралда имзоланган ҳужжатда эса металлолом йиғиш топшириғини бажармаган ташкилотлар огоҳлантирилиб, уларга нисабатан қаътий жазолар қўлланилиши қайд қилинган:

“Агарда ойлик режа топшириқлари бажарилмаган тақдирда уларга нисбатан қаътий интизомий ва зарур ҳолатларда ишдан олишгача бўлган чоралар кўрилади”.

“Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими ташкилотларга металл йиғиш топшириғи вазирлик томонидан берилганини тасдиқлади.

“Вазирликнинг Геология- металлургия ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бошқармаси бу иш билан шуғулланяпти. Ташкилотлар йиғилган металлни бизга эмас, “Ўзметкомбинат”га топширади”, - деди мулозим.

Геология-металлургия ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бошқармаси ходимларидан олинган маълумотга кўра, жорий йилда ишлаб чиқариш учун 1 миллион 26 минг тонна қора металл зарур бўлиб, бунинг 742 минг тоннаси мамлакат ичкарисида йиғилади, қолган қисми эса импорт қилинади.

“Ўзметкомбинат”- Ўзбекистон металлургия комбинати АЖнинг Озодлик боғланган мулозимига кўра, комбинатга топширилаётган ҳар бир тонна металлолом учун 2001000 сўм нарх тўланмоқда:

“2 миллион 1000 сўм. Бу ҚҚС билан ҳисоблагандаги ягона нарх. Юридик шахслар учун бонусларимиз ҳам бор. Топширган тоннасига қараб 5 фоиздан 15 фоизгача устама нархлар ҳам белгилаганмиз”.

Металлолом йиғиш амалиёти Ўзбекистонда йиллардан буён кузатиб келинаётган амалиёт.

Бу ҳақда SizdanTelegram рукнида мунтазам ёритиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG