Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Россиялик таниқли фаоллар депортация лагерларидаги муҳожирларни озод этишни сўради


 Челябинскдаги ЦВСИГда сақланаëтганларга берилган тушлик.
Челябинскдаги ЦВСИГда сақланаëтганларга берилган тушлик.

Бир гуруҳ таниқли россиялик ҳуқуқ фаоллари Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказларида (ЦВСИГ) депортация қилинишини кутаëтган меҳнат муҳожирларини озод қилиш талаби билан чиқди.

Фаоллар Москва расмийлари диққатини ЦВСИГда қолаётган мигрантлар ҳаёти ва соғлиги хавф остида эканига қаратди.

29 март куни россиялик қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар депортация марказларида сақланаётган чет эл гражданларини озод этиш талаби битилган махсус мурожаатнома эълон қилди.

Мурожаатнома муаллифлари фикрича¸ шундай қилиш Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказларида (ЦВСИГ) сақланаётганлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Дунëнинг қатор давлатларида коронавирус инфекциясидан ҳимоялаш мақсадида маҳкумларнинг озодликка чиқарилаëтганини таъкидлаган фаоллар¸ депортация лагерларидаги муҳожирларнинг зудлик билан озод этилиши лозимлигини айтади.

- Бу қарор фавқулодда тартибда бюрократик сансалорликсиз ЦВСИГларда ушлаб турилган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя этиш чораси ўлароқ қабул қилиниши лозим. Зотан¸ бу жойларда етарли ҳимоя тизими ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш имкони йўқ, дейилади хатда.

Москва ҳукуматига қилинган мурожаатномага Светлана Ганнушкина, Александр Черкасов, Лев Пономарев, Лидия Графова, Ольга Цейтлина, Даниил Кашницкий, Стефания Кулаева ва бошқа таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар ¸ шунингдек¸ "Мемориал”, “Инсон ҳуқуқлари учун” ҳаракати, Кўчиш-кўчириш ташкилотлари форуми ва “Мемориал” Дискриминацияга қарши маркази ташкилотлари имзо қўйди.

Ҳимоячилар ўз талабномасида Россия Конституциявий судининг 2017 йил 23 май куни чиқарган қароридан иқтибос келтирди. Бу қарорда хориж фуқаросини депортация марказидан бадарға қилиш имкони йўқ бўлган вазиятда, уни озод этиш лозимлиги айтилган.

“Акс ҳолда бу шахснинг изоляторда сақланиши “ноқонуний озодликдан маҳрум этиш” деб аталади”, дейилади Россия Конституциявий суд ҳукмида.

Очиқ мактубга қўл қўйган ҳуқуқ фаоллари муҳожирларнинг ЦВСИГлардан чиқариб юборилиши коронавирус эпидемиясининг Россияда кенг тарқалишига қарши чоралардан бири бўлишини ҳам қайд этади.

Мурожаатнома муаллифлари ўз талаблари Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссари Дуня Миятовичнинг турли миграция марказларида ушлаб турилган шахсларни озодликка чиқариш сўровига монанд эканини таъкидлаган.

Бундан олдинроқ, Россиядаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамият тараққиёти Кенгаши расмийси Татьяна Мерзлякова ҳам депортация марказларида ёш болали аёллар ва кексалар сақланаётгани, у ердаги вазиятнинг мураккаблашиб бораётганини хабар қилган эди.

Россиянинг ҳар бир ўлкасида мавжуд Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказларида (ЦВСИГ) мамлакат ҳудудида миграция қонунчилигини бузган хорижликлар суд қарори билан ушлаб турилади.

Бугунга келиб Россиянинг 85 минтақасидан 78 тасида шундай махсус приёмниклар мавжуд ва бу ерда сақланаëтганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этади.

Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдан чиқиб кета олмаган муҳожирларнинг яшаш жойи бўйича қайди ва ишга рухсатномаси муддати узайтирилишини эълон қилганди.

Россия полицияси раҳбарияти ўз ходимларидан муҳожирларни қоидабузарликда айблаб¸ уларни "овлашни" бас қилишни талаб қилган.

XS
SM
MD
LG