Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:33

Ўзбекистонлик имомлар: Катта йўллар бўйида “мини масжидлар” очилади


Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги масжид.
Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги масжид.

Ўзбекистонда катта йўллар бўйлаб намозхоналар ташкил қилиш ҳақида 12 январь кунги жума ваъзларида айтилди. Хусусан, бу ҳақда Озодликка Тошкентдаги "Тинчлик" масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай маълум қилди. Айни пайтда намозхоналар қуришга асос бўлувчи ҳужжат Озодликка, ҳозирча, маълум эмас.

Имом Шермурода Тоғайга кўра¸ 20-30 кишига мўлжалланган бу "мини масжидларда" жума номозидан бошқа барча ибодатларни қилиш учун барча шароитлар бўлади.

Бундай намозхоналар очилиши ҳақида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳам Озодликка 15 январь куни айтди. Унга кўра, ўтган йил охирида Тошкент халқаро аэропортида намозхона очилиши бу ишларнинг бошланиши бўлган.

Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов 12 январь кунги жума намозида қилган ваъзида Тошкент шаҳридаги йўл бўйларида кичик номозхоналар қурилиши бўйича кўрсатма олинганини айтган эди.

«Энди катта, серқатнов йўллар бўйларида, намоз вақти бўлганида одамлар таҳоратхона ва масжид излаб қийналмаслиги учун намозгоҳлар қурилади. Бу жоме масжид эмас, жума намози ўқилмайди, лекин 5 маҳал намоз ўқиса бўлади. Бу "йўловчи масжидлар" дейилади. Шундай топшириқ бўлди. Бу катта хушхабар», деган эди Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари идораси ходимининг Озодликка 15 январь куни маълум қилишича¸ мусулмонларнинг ибодат қилишини таъминлаш мақсадида¸ республика ҳудудларини бир-бири билан бошлайдиган автотрассалар бўйлаб кичик номозхоналар ташкил қилинади.

Исми эфирда айтилишини истамаган мулозимга кўра¸бу номозхоналар Ўзбекистон ватандошлари билан биргаликда мамлакатга ташриф буюрган туристларнинг ҳам ибодат эҳтиëжини қондириш мақсадида ташкил қилинмоқда.

Мулозимга кўра¸ туристик марказлардан ташқари Тошкент шаҳрининг ўзида 22 та намозхона ташкил қилинади.

Шунингдек, мулозим¸ мамлакатда яшайдиган бошқа конфессия вакиллари¸ ҳусусан христианлар истак билдиришса¸ шундай кичик ибодатхоналар ташкил қилиб берилишини алоҳида таъкидлади.

"Намозхоналарнинг айнан қерда бўлиши шаҳар ва туман бош имом хатиблари билан кенгашилади", деди мулозим.

Саудия ўрнаги

Тошкентдаги "Тинчлик" масжиди имоми Шермурод Тоғай бундай кичик номозхоналар яратиш бўйича Саудиядаги мавжуд тажрибадан фойдаланиш кераклигини Озодлик мухбири билан суҳбатда таъкидлади:

- Мен Ҳаж сафарига борганимда ана шундай намозхоналарни Саудияда кўрган эдим. Кичкинагина 20 -30 одам сиғадиган аëллар ва эркаклар учун айри-айри намозхоналар. Намоз вақти бўлганида автобусдан тушиб ибодатни қилаверасиз. Таҳоратхоналар ҳам бор. Мен ўша пайтда бундай намозхоналар бизда ҳам очилсин деб ният қилган эдим. Мана ниятим ижобат бўлди¸ дейди суҳбатдош.

Мисрдаги мини-масжид
Мисрдаги мини-масжид

Тошкентлик имом айни пайтда бу ишни ривожлантириш зарурлигини ҳам айтади:

- Тошкентдан Нукус, Термиз, Андижонгача йўл четларида кичик-кичик масжидлар бўлса, йўловчилар бемалол ибодатларини қилиб Аллоҳга шукрини қилиб йўлларида давом этишса, нур устига нур бўлади. Бизда доимо бир савол туғилади - уни ким назорат қилади? Назоратни маҳалла ва маҳалланинг диний маслаҳатчилари, масжид имом ва ноиблари навбати билан кунига бир-икки марта хабар олсалар ҳаммаси зўр бўлади. Масжидлар газ заправкаларига яқин жойларда бўлса, масжид назорати ва тозалигига заправка раҳбарияти қараб турсалар бўлади.Масжид олдига кичик эҳсон қутиси қўйилса, ундан тушган маблағни масжид ва таҳоратхонани тозалаб супуриб-сидириб қараб турганларга берилса, бюджетдан маблағ ҳам керак бўлмайди. Минг-минглаб халқ бу ишлардан рози бўлади¸ дейди имом.

Eвропaнинг катта йўлларидаги кичик ибодатхоналар

Катта йўл бўйларида ҳайдовчи ва йўловчилар учун ибодатхона қуриш ғояси илк бор ўтган асрнинг 70- йилларида амалга оширилган эди. Autobahnkirche (катта йўлдаги черков) деб номланган бу ибодатгоҳлар йўлларда махсус белги билан кўрсатилади.

Германиядаги мини-черков
Германиядаги мини-черков

- Германиянинг Baden-Baden автойўлидаги мини ибодатхонага қўйилган датчик йилига 200 минг одам кирганини қайд қилган, деди Озодлик билан 15 январь куни суҳбатлашган берлинлик талаба Ҳайнрик Фрост.

Унга кўра¸ Германия автобанларида (катта йўл) ҳали мусулмонлар учун ибодатхонани учратмаган.

- Лекин Берлиндаги Тегел ва Шўнелфелд аэропортларида мусулмонлар учун намозхоналар мавжуд, дейди берлинлик талаба.

Германиянинг бу тажрибаси Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам ëйилгани кузатилади. Скандинавия мамлакатлари йўлларидаги бундай мини-черковлар туристлар гавжум пайтда мавсумий ишлайди.

XS
SM
MD
LG