Ҳурматой кунларини тиббиёт пунктида ўтказади — бу бир қаватли қишлоқ шифокорлик пункти бўлиб, у ерда у укол қилади, қон босимини ўлчайди ва беморларни уйларига бориб кўради. Бироқ сўнгги пайтларда ҳамшира Тожикистон шимолидаги Суғд вилоятида яшовчи тахминан 300 нафар аҳолига узоқдан туриб тиббий хизмат кўрсатишга мажбур бўлмоқда.
Беморларга қараш ўрнига, у энди пахта теримида.
«Ўтган ҳафта мен ва яна ўнлаб бошқа [давлат секторидаги] ходимлар пахта далаларида бир ҳафта ўтказдик», — дейди ўз исмини тўлиқ ошкор этмоқчи бўлмаган Ҳурматой, чунки у жазодан қўрқади. — «Бизга ётоқ (раскладушка) олиб келишни айтдилар, далалар ёнидаги вақтинча тураржойда ухладик. Эрталабдан то қуёш ботгунгача ишладик, фақат тушлик учун қисқа танаффус бўлди».
Пахта — Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг асосий таянчи. Ўзбекистон дунёдаги энг йирик 10 пахта ишлаб чиқарувчи давлатдан бири бўлиб, йилига тахминан 1,3 миллион тонна ҳосил олади. Ундан кейинги ўринда Туркманистон (800 минг тонна атрофида) ва Тожикистон (тахминан 500 минг тонна).
Ҳурматой — бу йил куз мавсумида пахта теримига сафарбар этилган минглаб тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва бошқа давлат хизматчилари, шунингдек талабалардан бири. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда мактаблар, шифохоналар ва давлат идоралари август охиридан ноябргача давом этадиган мавсумда ходимларсиз қолмоқда.
Ҳуқуқ ташкилотлари ва ишчиларнинг айтишича, минтақада ҳокимият идоралари давлат хизматчиларини ишдан ҳайдалиш таҳдиди билан мажбурий меҳнатга жалб қилмоқда, талабалар эса таълим муассасасидан ҳайдалиш ёки интизомий жазога дучор бўлиш хавфи остида.
Пули борлар қийин қўл меҳнатидан қочиш учун амалдорларга пора бермоқда ёки ўз ўрнига бошқаларни ёлламоқда. Тожикистон ва Туркманистонда пахта теримида иштирок эта олмайдиганлар ўрнига албатта одам ёллаши талаб қилинади.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, халқаро босим ва санкциялар таъсирида сўнгги йилларда бу амалиёт қисқарган бўлса-да, Ҳурматой ва бошқаларнинг ҳикоялари унинг ҳануз давом этаётганини кўрсатади.
Ҳурматойнинг айтишича, нонушта, тушлик ва кечки овқат учун харажатлар уларнинг пахта теримида топган ҳақидан ушлаб қолинади.
«Охирида жуда озгина пул оламиз. Бу жуда оғир меҳнат. Менинг ёшим 48 да, белим оғрийди. Лекин бормасам, ишимдан айрилишим мумкин», — дейди у Озодлик радиосига.
Ихтиёрий-мажбурий меҳнат
Расмийлар пахта теримида иштирок этиш ихтиёрий эканини таъкидламоқда. Аммо Озодлик радиоси тўплаган маълумот ва гувоҳликлар бунинг аксини кўрсатади.
Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида таълим идоралари мактаб ва коллежларга ўқитувчи ҳамда талабаларни “бўш вақтларида” далаларга юборишни буюрган.
Хатлондаги Бохтар давлат университети ўқитувчиларининг Озодликка айтишича, уларга дам олиш кунлари пахта териш ҳақида буйруқ берилган, акс ҳолда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.
Ўзбекистонда ҳам бир нечта вилоятлардаги ўқитувчилар, шифокорлар ва маҳаллий амалдорлар ҳам ҳокимият ташкил этган “ихтиёрий” пахта терими акциясига қатнашиш учун босимга учраганини маълум қилишган.
«Мактабимиздаги барча — ўқитувчилар, қоровуллар, маъмурий ва техник ходимлар пахта термоқда», — дейди Бухоро вилоятининг Олот туманидан бир ўқитувчи Озодликка.
«Бизга шундай дейишни буюришди: агар кимдир сўраса, ‘ўз хоҳишимиз билан келдик’ деб жавоб бериш керак», — дейди исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган ўқитувчи.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келгач, болалар меҳнатидан фойдаланиш туфайли H&M, Nike ва Walmart каби Ғарб чакана савдо компаниялари бойкотига дуч келган Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий ва болалар меҳнатини тугатишга ваъда берган эди.
2023 йилда Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида бу амалиёт “бутунлай тугатилгани" ҳақида баёнот берди.
Бироқ бу йил ҳуқуқ ташкилотлари ва маҳаллий ОАВ “ихтиёрий” деган янги ном билан бу ҳолат яна қайтиб келаётганини хабар қилмоқда.
26 сентябрда Мирзиёев ҳосил йиғим-теримининг кечикиб қолмаслиги учун 10 кунлик “фавқулодда” терим кампаниясини эълон қилди. Бу йил Ўзбекистонда 875 минг гектар майдонга пахта экилиб, 2025 йилда 3,7 миллион тонна пахта йиғиб олиш режалаштирилган.
Халқаро эътибор ҳали ҳам юқори даражада экан, ҳукумат танқидларга нисбатан сезгирлигича қолмоқда.
14 октябр куни Ўзбекистон Бандлик вазирлиги меҳнат қонунчилигини бузиш билан боғлиқ 70 дан зиёд ҳолат аниқланганини маълум қилиб, “мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъиян тақиқланади”, дея таъкидлади.
Бир нечта маҳаллий амалдорлар одамларни пахта теримига мажбурлагани учун жаримага тортилди. Улар орасида Сурхондарё вилоятидаги туман ҳокимининг ўринбосари ҳам бор — у маҳалла фаолларини ҳақорат қилгани ва одамларни теримга чиқармагани учун уларни таҳдид қилгани сабаб 2,6 миллион сўм (1 720 доллар) жаримага тортилган.
Туркманистонда эса ҳукумат оммавий меҳнат сафарбарлигини очиқчасига қўллаб-қувватлайди, шу боис бу кампания янада кенг кўламли кўриниш олган. Деҳқонлар ва давлат хизматчилари билан бирга, ҳокимият далаларга ҳарбийлар, собиқ маҳкумлар ва ҳатто алимент тўламай юрганларни ҳам жўнатган.
«Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, бу йил кўплаб давлат хизматчиларига ҳозир ҳақсиз ишлашни буюришмоқда. Амалдорлар буни шундай изоҳлашади: “Ахир, сенинг ойлигингни давлат тўлаяпти-ку”», — дейди Ғарбий Балқан вилоятидан бир фуқаро Озодлик радиосига исмини ошкор этмаслик шарти билан.
Фермерларга кўпроқ пул
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ислоҳотлар ва халқаро босимга қарамасдан, Марказий Осиёдаги пахта иқтисодиётининг илдиз отган тузилиши ҳануз мажбурийликка таянади.
«Бу мамлакатлардаги пахта соҳаси ислоҳ этилмаганича қолмоқда», — дейди Буюк Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази директори Алишер Илҳомов. — «Мирзиёевнинг ислоҳотлари сиёсий тусда бўлиб, бир муддат оммавий сафарбарликни тўхтатди, аммо марказлашган тизим ўзгармади. Давлат ҳосил режаси ва нархларни белгилаб турар экан, маҳаллий ҳокимият одамларни мажбурлаб режани бажартиришда давом этаверади».