Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:37

Эммануэл Макрон Парижда Эмомали Раҳмон билан мулоқот қилди


Эммануэл Макрон ва Эмомали Раҳмон

Франция президенти Эммануэл Макрон 8 ноябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан мулоқот ўтказди. Айни куни Парижда президент Раҳмон тансоқчилари ва мухолифат фаоллари ўртасида муштлашув бўлди.

"Ройтерс" агентлигининг ёзишича, икки мамлакат раҳбарлари учрашуви Париждаги Елисей саройида бўлиб ўтди.

Мулоқот тафсилоти маълум эмас.

Президент Раҳмоннинг Европа мамлакатларига расмий сафари 4 ноябрда Швейцариядан бошланди ва 12 ноябрга қадар давом этади.

Президент Раҳмон 7 ноябрда Францияга йўл олди ва дастлаб Парижда Жаҳон Исмоилийлари раҳбари Оғохон IV ва Франциядаги йирик ширкатлар раҳбарлари билан учрашди.

Унинг Францияга сафари арафасида камида иккита халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Эммануэл Макронни Тожикистонда мухолифатнинг йўқ этилиши, мухолиф қарашдаги шахсларнинг ҳибсга олиниши, қийноққа солиниши ва сўз эркинлигининг чекланишига "кўз юммасликка" чақирди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Европа Иттифоқи раҳбарлари, жумладан Эммануэл Макронга расмий мактуб йўллаб, уларни Тожикистон билан алоқаларни яхшилаш баробарида бу мамлакатдан сўз эркинлигини яхшилашни талаб қилишга чақирди.

Ташкилотнинг маълум қилишича, 2016 йилдан буён 20дан кўпроқ журналист босимлар туфайли Тожикистонни тарк этган.

Мухолифат намойиши ва муштлашув

Тожик мухолифатчилари намойиши. Париж, 8 ноябрь
Тожик мухолифатчилари намойиши. Париж, 8 ноябрь

8 ноябрда Парижда "Миллий Келишув" ва "24 гуруҳи" каби ташкилотлар фаолларидан иборат бир гуруҳ тожик мухолифатчилари эътироз намойиши ўтказиб, Тожикистон президентининг Францияда кутиб олинишини "шармандалик" дея баҳоладилар.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган бу икки гуруҳ фаоллари сиёсий маҳбусларни озод қилиш, қамоқхоналарда қийноқларга чек қўйиш ва шаффоф сайловлар ўтказишни талаб қилдилар.

Бу талабларга Тожикистон расмийлари ҳозирга қадар расмий муносабат билдиргани йўқ.

Турли ахборот агентликлари ва ижтимой тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, 8 ноябрга ўтар кечаси "24 гуруҳи"нинг бир неча фаоли Тожикистон президенти ва франциялик сармоядорлар мулоқоти бўлиб ўтаётган бино яқинида президент тансоқчилари билан тўқнашган.

Kun.uz сайтининг akhbor.com мустақил сайтига таяниб хабар беришича, "муштлашувдан сўнг воқеа жойига 50га яқин француз жандарми ва тез тиббий ёрдам машинаси юборилган".

Тожикистон президенти хавфсизлик хизмати ушбу воқеага ҳозирга қадар изоҳ бергани йўқ.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG