Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 11:15

“Исёнчи” полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистондаги аскарлари Тошкент ҳукуматидан паспорт сўрамоқда


Маҳмуд Худойбердиев

Ўтган ҳафтада ўзларини полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистондаги "жанговар бирлиги" аъзолари деб таништирган 50 ëшлардаги 2 нафар этник ўзбек “ҳуқуқий мақоми муаллақ эканини айтиб”¸ Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотидан ëрдам сўради.

Икки ҳафтача муқаддам айни шундай сўров билан яна 5 нафар “Худойбердиев аскари” Тошкентдаги адвокатлик бюросига мурожаат қилган эди. Улардан бири адвокатлик ширкати ëрдамида “яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат”га эга бўлган¸ қолган 4 кишининг иши эса кўриб чиқилмоқда.

Рўйхатларда йўқ...

Озодлик мухбири ҳуқуқий мақом олиш учун инсон ҳуқуқлари ташкилотидан кўмак сўраган икки ҳарбий билан ўтган ҳафтанинг икки куни давомида учрашди.

Ҳавфсизлик сабабларига кўра, исмлари сир қолишини сўраган бу икки суҳбатдош Маҳмуд Худойбердиев батальонида фаолият юритаëтган¸ аммо “ҳужжатлари ҳал бўлмаган” 50 та оилага мансуб 100 кишилик ​ (аскарлар оиласи билан) гуруҳ номидан гапираëтганини таъкидлади.

Уларнинг айтишича¸ айни кунларда Худойбердиев “аскар”лари Ангрен ва Жиззахдаги ҳарбий қисмлар шахсий таркибидадир; 2005 йилгача Фарғона вилоятининг Қувасой туманидаги ҳарбий қисмда ҳам “Худойбердиев аскарлари” бўлган.

Тожикистонда турли жиноятларда айбланиб “исëнчи” деб айтиладиган, аммо тор ҳарбий доираларда профессионал қўмондон сифатида кўриладиган 55 яшар ҳарбий полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг ўзи¸ Озодлик суҳбатлашган икки нафар ҳарбий иддаосига кўра¸ шу кунларда Жиззахдаги махсус ҳарбий қисмда хизмат қилмоқда.

2018 йили Тожикистон расмийлари Худойбердиевнинг Туркия ҳудудида эканини билдирган¸ шундан бери Худойбердиевнинг қаерда эканига оид маълумот чиқмаган эди.

Расмий Душанбе Худойбердиевни қоралаб чиққани ортидан у қидирувга берилган. Аммо Худойбердиевнинг айбдорлиги борасида суд ҳукми мавжуд эмас. Полковник Худойбердиевнинг қўл остида хизмат қилган аскарлардан баъзилари (тахминан 15 - 20 киши) эса, Тожикистонда судланиб, озодликдан маҳрум қилинган.

Тожикистонда қидирувга берилганлар рўйхатида Худойбердиев ҳам бор
Тожикистонда қидирувга берилганлар рўйхатида Худойбердиев ҳам бор

Аскарларнинг бир қисми ҳуқуқий муаллақ қолмоқда

Ўзини “Худойбердиев аскарлари” вакили деб таништирган икки ўзбек 1998 йили Ўзбекистоннинг Узун ва Сариосиë туманлари орқали Тожикистондан кириб келганини айтади.

Улар иддаосига кўра¸ Маҳмуд Худойбердиев билан бирга Ўзбекистонга 180 та оила келган¸ уларнинг умумий сони 250 киши бўлган.

Келганларнинг бир қисми 1998 йилгача Тожикистон Мудофаа вазирлигидаги алоҳида жанговар қуролли гуруҳ жангчилари бўлган.

Озодлик икки кун давомида суҳбатлашган ҳарбийларнинг айтишича¸ шу кунларда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва ДХХ чегара қўшинларида фаолият олиб бораётган юз нафар “Худойбердиев аскари”га Ўзбекистон ватандошлиги берилган. Айни пайтда¸ қолган 100 дан ортиқ одам паспортсиз ва яшаш ҳуқуқисиз муаллақ ҳолатда қолган. "Худойбердиев аскарлари"нинг бир қисми Россия Федерациясида яшаётганини Тожикистон расмийлари 2018 йилда расман билдирган.

Озодлик билан суҳбатда “Худойбердиев аскарлари” ўз болалари катта бўлгани ва уйланиб турмуш қуриши учун ҳужжат зарурлигини айтишди.

Шу пайтга қадар ҳатто ўрта таълим ҳам олмаган бу болаларнинг оталари ўз куратори бўлган ДХХ мулозимларининг амалга ошмай келаëтган ваъдаларидан чарчаганини билдирди.

Озодлик аввалроқ "Худойбердиев батальони" деб аталган гуруҳ аъзоларидан бир неча нафари билан суҳбатлашган, улардан бири Озодликка сохта ўзбек паспортини кўрсатди ва бу “ҳужжат” билан Ўзбекистонни тарк эта олмасдан юрганини” айтганди. Озодлик гаплашганлардан яна бири эса¸ собиқ МХХ гувоҳномасини тақдим этганди.

Исëнчига айланган полковник

Маҳмуд Худойбердиев 1998 йилгача Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг содиқ сафдошларидан бири бўлган.

Маҳмуд Худойбердиев
Маҳмуд Худойбердиев

Баъзи сиëсатшуносларга кўра¸ мамлакатдаги фуқаролик уруши даврида Худойбердиевнинг тожикистонликлар орасидаги обрўси Раҳмонникидан анча баланд бўлган. Уни ҳатто "ҳалоскор полковник" деб аташган. Уруш тугагач, у йирик ҳарбий қўшилмалардан бирига қўмондонлик қилган.

Тожикистондаги фуқаролар уруши ҳақидаги кўплаб мақолалар муаллифи¸ уруш пайтида "Чароғи рўз" газетасида ишлаган Мирзо Салимовнинг иддаосига кўра, "Маҳмуд Худойбердиевнинг қўли¸ фуқаролар урушининг бошқа лидерлариники каби, қонга ботган":

- Мен ўзимда бор бўлган ҳужжатларга таяниб, унинг ва гражданлар урушидаги бошқа харбийларнинг бир нечта бегуноҳ одам ўлимида айбдор эканлигини тасдиқлай оламан.

Тожикистондаги 1990- йиллардаги фуқаролар уруши пайтида Маҳмуд Худойбердиев билан қарама-қарши жабҳада бўлган журналист ва сиëсатчи Додожон Атоуллаев Озодлик билан суҳбатда бошқача фикрни билдирди:

«Гражданлар урушида қахрамонлар бўлмайди. Чунки халқ икки лагерга бўлинади. Шу боис полковник Худойбердиев тожикистонликларнинг бир қисми учун Че Гевара каби шонли қаҳрамон¸ яна бир қисми учун халқ душманидир. Шахсан мен учун Маҳмуд Худойбердиев бошқа аскарлар каби сиëсатчилар интригасининг қурбонидир. Агар уруш бўлмаганида эди, Худойбердиев шарафли қўмондон бўлиб етишган бўларди».

1997 йилда Тожикистонда ҳукумат ва мухолифат ўртасида имзоланган тинчлик битимини тан олмагани ортидан Худойбердиев ва президент Раҳмон ўртасида келишмовчилик келиб чиққандан кейин¸ полковник мамлакатни тарк этган. Унинг ўшандан бери, асосан, Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаëтгани айтилади.

"Ҳеч ким хат ëзмайдиган полковник"...

1998 йилда Маҳмуд Худойбердиев кам сонли қуролли гуруҳи билан Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидаги баъзи маъмурий бинолар ва Чкаловск аэропортини ишғол қилган¸ кўп ўтмай бу исён ҳукумат қўшинлари томонидан бостирилган эди.

Уч кунлик бу ишғол ҳақида турли иддаолар мавжуд. Расмий Душанбе иддаосига кўра, Худойбердиев Ўзбекистоннинг Зомин туманидан бостириб кирган. Президент Раҳмон ўшанда Ўзбекистон томонини ушбу исёнда қўли борликда айблаган эди.

Ўша даврдаги Имомали Раҳмон назоратидаги матбуот Худойбердиевнинг этник мансублигига урғу бериб унга "титул миллат душмани" деган ëрлиқ ëпиштиргани ҳақида Озодлик суҳбатлашган тожик мухолифати вакиллари гапириб берди.

Расмий маълумотларга қараганда, Хўжанд ишғоли пайтида 4 ҳарбий ўлган ва мародёрлик ҳолатлари қайд қилинмаган.

Ўша пайтда Тожикистон мунтазам армияси томонида Ўзбекистон чегарасига қадар сиқиб чиқарилган Худойбердиев жангчилари қўшни давлатда паноҳ топгани айтилади.

Маҳмуд Худойбердиев
Маҳмуд Худойбердиев

Бир-биридан мустақил турли манбаларга кўра, Худойбердиев ва унинг аскарлари 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таркибида фаолият кўрсата бошлаган. Аммо бу маълумот ҳозиргача расман эътироф этилмаган.

2000- йиллар бошидан собиқ президент Ислом Каримов ўлимигача Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг кескинлигича қолиши сабабларидан бири¸ кузатувчиларга кўра¸ Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида эканидир.

Каримовдан қолган зиддиятли мерос

Каримов оламдан ўтганидан сўнг иқтидорга келган Шавкат Мирзиëев учун “Худойбердиев батальони” зиддиятли мерос сифатида кўрилди.

Худойбердиев билан шахсан таниш бўлган Тожикистон собиқ мухолифати вакилига кўра, полковник Худойбердиев¸ Жоҳар Дудаев каби совет даврида шаклланиб¸ кейинчалик дала қўмондонига айланган ҳарбийлар сирасига киради.

У афғон мужоҳидлари билан бўлган қонли жанглар иштирокчиси сифатида СССРнинг “Қизил байроқ” ¸”Мардлик учун” орденлари ва ҳарбийлар орасида қадрланадиган “Жасорат учун” медали билан тақдирланган.

2018 йилда Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Искандар Солеҳзода расмий Тошкентдан олинган маълумотга таяниб, полковник Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудини тарк этганлигини айтган эди.

2018 йилнинг июлида расмий Душанбе “Мирзиëев шарофати билан Худойбердиев таҳдиди бартараф бўлгани” ҳақида баëнот берди.

Бундан олдин Тожикистон собиқ Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўз идораси кўплаб оғир жиноятларда айбланган Маҳмуд Худойбердиевнинг экстрадициясини сўраб, бир неча марта Ўзбекистонга расмий мурожаат қилгани, аммо ҳеч қандай жавоб олинмаганини айтган эди.

Айни баëнотида Бобохонов 2018 йилда Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларидан 500 дан ортиқ киши аниқланиб, рўйхатга олингани¸ улардан 36 нафари қидирувга берилганини ҳам маълум қилган эди.

2018 йил кузига келиб Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига яқин мулозим Озодликка расмий Тошкентнинг полковник Худойбердиевни Тожикистонга бермагани ва бериш режаси ҳам бўлмаганини айтган.

Ўзбекистон мудофаа вазирлигини 1991 йилдан 1997 йилгача бошқарган Рустам Аҳмедовга яқин ҳарбийнинг 14 февралда Озодликка айтишича¸ Худойбердиевнинг Тожикистонга берилишига қудратли генерал¸ МХХ собиқ раиси¸ сенатор Рустам Иноятов жиддий қарши бўлган.

Озодлик суҳбатлашган икки нафар “Худойбердиев аскари” ҳам шу кунларда улар фаолиятини ДХХ мувофиқлаштираëтганини очиқлади.

Ўзбекистондаги айрим мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари Маҳмуд Худойбердиев аскарлари 2005 йилги Андижонда юз берган исëнни қуролли бостиришда иштирок этгани тўғрисида ўз вақтида баёнот берган эди. Аммо ўтган 15 йил давомида воқеа бирор гувоҳи халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига бу ҳақда расман кўрсатма берган эмас.

Озодлик суҳбатлашган "Худойбердиев аскарлари" 2005 йили Андижонда ўтказилган харбий амалиëтда қатнашмаганлигини айтди. Улар иддаосича¸ бу “афсона” расмий Тошкент тарафидан атайлаб муаммони ўзидан чалғитиш учун тўқилган.

Озодлик гаплашган ҳарбийларга кўра¸ “Худойбердиев батальони" асосан чегараларни қўриқлаш¸ наркотрафикка қарши курашиш ва мамлакат жанубига суқилиб кирмоқчи бўлган исломий экстремистлар хуружини бартараф қилиш билан профессионал” шуғулланиб келади.

"Биз 22 йил Ўзбекистон қуролли кучлари сафида хизмат қилиб¸ шу мамлакат ҳарбий қудратига ҳисса қўшдик. Эвазига орден эмас¸ оддийгина истиқомат қилиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат сўраяпмиз" ¸ деди Озодлик суҳбатлашган "Худойбердиев жангчилари".

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG