Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Лукашенко режими таъқибидан қочиб, Швеция элчихонасида жон сақлаётган ота-ўғил ҳикояси (ВИДЕО)


Виталий ва Владислав Кузнечик
Виталий ва Владислав Кузнечик

2020 йилнинг 11 сентябрь куни, сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши оммавий норозиликнинг авж палласида икки нафар беларуслик Швециянинг Минскдаги элчихонасига келади. Ота-ўғил – Виталий ва Владислав Кузнечик қўнғироқ тугмасини босиб, уларни милиция қидираётганини ва ҳаётлари хавфда эканини айтишади ва бошпана сўрашади. Илтимослари рад этилгач эса, девордан ошиб ўтиб, элчихона ҳудудида қоладилар.

Шундан бир неча кун олдин 47 яшар Виталий Кузнечик ва унинг ўғли, 27 ёшли Владислав Витебск шаҳрида бирдамлик маршида иштирок этганди: кучишлатар ходимлар катта Кузнечикни ерга босиб ура бошлайдилар, юзига газ пуркайдилар. Владислав эса отасини қутқариш учун “силовик”ларга ташланади, уларни итариб ташлайди ва пировардида икковлон ҳам қочиб кетишга муваффақ бўладилар.

“Отамни куч ишлатар идоралар жаллодлари қўлидан тортиб олганимга ҳеч қачон пушаймон қилмайман”, дейди Владислав Кузнечик.

“Ўғлимнинг ишидан фахрланаман, мен ҳам худди шундай қилган бўлардим. Фақат мен эмас, кўпчилик бунга журъат қилган бўларди”, дейди 2020 йил сентябрда милиция томонидан калтакланаётгани чоғида видеотасвирга тушган Виталий Кузнечик.

Иккала эркакка қарши дарҳол жиноят иши қўзғатилган бўлиб, уларга олти йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда. Норозилик намойишидан сўнг ота-ўғил бир неча кун яшириниб юришди, қавм-қариндошлари кузатувда эканидан воқиф бўлишгач эса, Швеция элчихонаси эшигини қоқишди.

“Бизни ўлдиришади ахир!”

“Бизни дарров киритишгани йўқ. Эҳтимол, ишонишмагандир. Элчихонага келганимизда бизга домофондан: “Сизларни киритмаймиз”, деб айтишганди. Биз эса: Нима қилайлик? Ўлдиришади-ку ахир, дедик”, ўша кунни хотирлади Владислав.

Шундай қилиб, Кузнечиклар девордан ошиб ўтиб, зинапоя тагига беркиниб олишади. Ўша ерда видеомурожаат ёзадилар. Бу маҳал бино олдига ОМОН ва журналистлар етиб келишганди.

“Одамларни бошлари мажақланган, осилган ҳолатда топишяпти. ОМОН элчихонани ўраб олиб, швед элчилиги бизни уларга топширишини кутмоқда. Умид қиламизки, бундай бўлмайди”, деган видеода Ввладислав Кузнечик.

Ўша пайтда Беларусда камида уч киши норозиликни куч билан бостириш оқибатида ўлган, деб ҳисобланарди. Намойишчилардан бири – Никита Кривцов Минск чеккасидаги ўрмонда осилган ҳолда топилди. Яна бир неча кишининг ўлими ҳам намойишчиларга қарши қатағон сиёсати қўлланилиши билан боғланар эди.

Кузнечиклар зина тагида кечурун соат 10 гача қолиб кетишади, сўнг уларга элчихона биносига киришга изн берилади ва кетидан бу ерда узоқ қола олмасликларини айтиб, огоҳлантирадилар – Швеция қонунчилигида элчихонада сиёсий бошпана олиш тартиб-таомиллари назарда тутилмаганди.

Эртаси куни Беларусда туғилиб, ҳозирда Европада яшаётган юрист Вадим Дроздов ота-болага ҳуқуқий ёрдам таклиф қилиб қолади. У Виталий ва Владиславни ҳимоя қилиб дастлаб Европа инсон ҳуқуқлари бўйича судига, кейин эса БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитасига хат ёзади.

2020 йил биринчи октябрь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Котибияти юристга Қийноқларга қарши қўмитанинг мактубини жўнатади. Вадим Дроздов бу мактуб амалда элчихона мутасаддиларига Кузнечикларни элчихона ҳудудидан ташқарига чиқармаслик мажбуриятини юклайди, деб ҳисоблайди.

“Биз бўлаётган воқеалардан бехабармиз”

Аммо Вадим Дроздов швед ҳукумати мазкур вазиятда бирор ечим топа олишига унчалик ишонмайди.

“Элчихона шунчаки пайт пойлаётган, яъни Кузнечикларнинг тоқатлари тоқ бўлиб, ўз ихтиёрлари билан чиқишларини кутаётган бўлиши мумкинлигини истисно қилмайман. Ўшанда Швеция ҳукумати “Ана, биз уларни ҳайдамадик, ўзлари чиқишди”, деб ўзини оқлай олади. Кейин уларга нима бўлиши эса бутунлай бошқа масала”, тушунтиради юрист.

Швециянинг Ғарбий Европада демократияни дастаклаш ташкилоти раҳбари Мартин Уггла швед дипломатлари Кузнечикларни Литва ёки Польшага чиқариб юбориш учун кафолат олиш мақсадида Беларусь ҳукумати билан яширинча музокара олиб боришаётгандир, дея умидланади.

“Аммо биз бўлаётган воқеалардан бехабармиз, чунки швед ҳукумати бу ҳақда лом-мим демайди. Муаммони ҳал қилиш устида ишлаяпмиз, дейишади, вассалом. Лекин қанақа ечим ҳақида гап бораётганини биз билмаймиз”, дейди швециялик ҳуқуқбон.

Жаноб Угглага кўра, Беларусни унутмаслик, Евроиттифоқ ҳамда Швеция демократия ва озодлик учун курашаётган одамларга кўмаклашишда давом этиши, дастаклар сўзда қолиб кетмаслиги ва амалий ҳаракатларга кўчиши учун айни дамда бу ишлар жуда муҳим.

“Настояшчее время” Швеция ТИВга сўров йўллаб, ундан қуйидагича жавоб олди:

“Икки эркак таклиф ва рухсатсиз Швециянинг Минскдаги элчихонаси ҳудудига киришган. Бу икки киши Швеция уларга бошпана беришини сўраб, ариза бермоқчи эканини айтган. Бироқ сиёсий бошпана сўраб Швеция элчихонасига тақдим этилган аризалар қаноатлантирилмаслиги мумкин. Биз ушбу масала устида иш олиб боряпмиз, мазкур икки киши билан мулоқот қиляпмиз. Аммо мазкур ишлар тафсилотларини баён қила олмаймиз”.

2014 йилда шунга ўхшаш воқеа Озарбайжонда ҳам содир бўлганди. Президент Илҳом Алиевнинг мунаққиди, журналист ва ҳуқуқбон Эмин Ҳусейновни тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланганликда ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблашган. Ҳусейнов эса уни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилишаётганини айтиб, Швейцариянинг Бокудаги элчихонасига яширинган.

Швейцария билан Озарбайжон ўртасидаги музокаралар салкам бир йилга чўзилган, алал-оқибат ҳуқуқбон Швейцария вазирининг учоғида Бокуни тарк этган.

“Менинг саратон касалим бор”

Элчихонада Кузнечиклар ўзларини хавфсиз ҳис қилишмоқда. Уларга ётоқ-жой, ҳаммом, ҳожатхона ва бошқа маиший қулайликларга эга хона ажратилган. Спорт билан шуғулланиш учун ҳам шароит мавжуд. “Овқатимизни ўзимиз қиламиз, ҳатто пирог пиширяпмиз”, дейди Владислав Кузнечик. Телевизор билан компьютер тақиқланган, ота ва ўғил янгиликлардан мобил телефон орқали хабардор бўлишади.

“Энг катта муаммомиз шуки, мен ҳам, отам ҳам тиббий текширувга муҳтожмиз. Мен онкологик хасталик билан оғриганман”, урғулайди Владислав.

2019 йилда шифокорлар унинг кўричагида зарарли ўсимта пайдо бўлганини аниқлашган экан.

“Ҳар олти ойда кўрикдан ўтишим зарур. Бошқа касаллигим ҳам бор. Кўз нервларим қисман атрофияга учраган (қуриган). Ўсмир ёшимда олган жароҳат оқибати. Кўриш қобилиятим пасайиб кетмаслиги учун бир йилда икки марта касалхонага ётиб, даволанаман. Бу кетишда бир кўзим буткул ишдан чиқиши ҳеч гап эмас”, давом этади кичик Кузнечик.

Айтишича, отасининг ҳам соғлиғида муаммо бор: қорни оғриб қолиб, орада бир ҳафта ҳеч вақо емаган, иситмалаб ётган. Бу ҳақда элчихона ходимларига айтилган, улар эса Швеция ҳукуматига билдирганлар. Аммо Швеция ҳукумати “Ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз”, деб жавоб қилибди.

“Биз эса бу ердан ҳеч қаёққа кетмаслигимизни, охиригача шу ерда қолишимизни айтяпмиз”, дейди Владислав.

Адвокат Вадим Дроздов Швеция ҳукуматидан Кузнечиклар ҳузурига шифокорларни киритишни илтимос қилди. Бунга жавобан “Швеция сизнинг мижозларингизга нисбатан юрисдикцияга эга эмас, сўралган тиббий хизмат эса Қийноқларга қарши қўмита томонидан кўрсатилган муваққат чора-тадбирлар доирасига кирмайди. Швециянинг Минскдаги элчихонаси мижозларингизга зарур тиббий ёрдам кўрсата олмайди”, деган мазмунда хат олди.

Владислав уларнинг сиёсий бошпана олиш мақсади йўқлигини айтади.

“Режим шунчага тоб беради деб ўйламагандик. Янги йилгача, узоғи билан (2021 йил) баҳоргача тузум ағдарилади ва биз бу ердан чиқиб, ўз мамлакатимизда ўз оиламиз билан қоламиз, деб умид қилувдик. Лекин ҳаммаси чўзилиб кетганга ўхшайди, бу яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди”, дейди у маъюсланиб.

Кичик Кузнечикнинг Беларусда хотини ва икки фарзанди бор. Норозилик намойишлари бошлангунча отаси иккови майда тадбиркорлик билан шуғулланишган экан.

“Орзумиз шуки, тузум тезроқ қуласин”

“Мен бу ҳукуматни легитим эмас, деб ҳисоблайман, чунки улар 2020 йилда сайловларни сохталаштиришди, Лукашенко ақл бовар қилмас натижа – 80 фоиздан ортиқ овоз тўплаганини эълон қилишди”, дейди Виталий Кузнечик.

Владиславга кўра, у ўз фарзандлари келажагини ўйлаб намойишга чиққан. Уларнинг сайлаш ҳуқуқисиз яшашини хоҳламагани учун.

“Сендан бу ҳуқуқни тортиб олишса, қулга айлантирмоқчи бўлишса – бу ҳаёт эмас. Ҳозирда отам иккимиз фақат бир нарсани орзу қиламиз: бу тузум тезроқ йиқилсин-у, қийноқларга солинган, қатағонларга дучор қилинган барча сиёсий маҳбуслар озодликка қовушсинлар. Айбдорлар қилмишлари учун жавоб берсин”, дейди Владислав.

XS
SM
MD
LG