Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Ливанда яна алоқа воситалари портламоқда. Бу сафар пейжерлар эмас


Сидонда дўкон эгаси батареясиз рацияларни кўрсатмоқда.
Сидонда дўкон эгаси батареясиз рацияларни кўрсатмоқда.

Ливаннинг турли ҳудудларида чоршанба куни, яъни Ливан радикал шиа гуруҳи "Ҳизбуллоҳ" аъзолари фойдаланган минглаб пейжерлар портлаганининг эртаси куни яна мобил алоқа воситалари портлади. Бу ҳақда маҳаллий манбалар ва хорижий агентликлар хабар бермоқда.

Reuters манбаларга таяниб келтирган хабарига кўра, бу сафар "Ҳизбуллоҳ" аъзоларининг портатив рациялари портлаган. Агентлик манбалари таъкидлашича, бу рациялар "Ҳизбуллоҳ" томонидан бир неча ой олдин, тахминан кеча портлаган пейжерлар харид қилинган пайтда сотиб олинган.

Портлашлар Байрутнинг турли ҳудудларида, шунингдек, Ливан жанубида юз берди. Sky News Arabia кўрсатишича, портлашлар бир кун аввал ҳалок бўлган "Ҳизбуллоҳ"нинг Ливан парламентидаги аъзоси Али Аммарнинг ўғли дафн маросимида содир бўлган. Шунингдек, портлашлар натижасида ёниб кетган автомобиллар тасвирлари ҳам эълон қилинмоқда.

Ливан оммавий ахборот воситалари камида тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, 300 га яқин киши жароҳат олган.

Эрон тарихда илк бор Исроилни тўғридан-тўғри ракета ва дронлар билан ўққа тутди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:19 0:00

Сешанба куни Ливанда "Ҳизбуллоҳ" аъзолари ички шифрланган хабарларни узатиш учун фойдаланган пейжерлар портлаганди. Сўнгги маълумотларга кўра, 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида "Ҳизбуллоҳ" аъзолари ҳам, тинч аҳоли вакиллари ҳам бор, жумладан, саккиз ёшли бола, уч мингга яқин киши жароҳат олган. Исроил ва бошқа бир қатор мамлакатларда террорчи деб таснифланган ҳаракат Ливанда қонуний равишда фаолият юритади, парламент ва ҳукуматда вакиллари ҳам бор.

Исроил портлашлар учун расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, аммо кўплаб оммавий ахборот воситалари ҳужумни унинг махсус хизматлари уюштиргани ҳақида ёзмоқда. Исроилнинг "Хабар" нашри ёзишича, Исроил хавфсизлик хизматлари "Ҳизбуллоҳ" қисқа вақт ичида ҳужумга жавоб қайтариши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Мамлакатда жанговар тайёргарлик кучайтирилган. "Ҳизбуллоҳ" эса қасос олишни ваъда қилган.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант чоршанба куни кечқурун мамлакат олиб бораётган уруш "янги босқич"га кираётганини ва унинг оғирлик маркази Ғазо секторидан шимолий чегарага, яъни Ливан билан чегарага кўчаётганини маълум қилди. "Ҳизбуллоҳ" ва Исроил мунтазам бир-бирига зарбалар бериб келмоқда, аммо ҳозирча кенг кўламли қуруқликдаги жанговар ҳаракатлар бўлгани йўқ. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливандаги воқеаларга ҳеч қандай изоҳ бермади, аммо тез орада отишма туфайли эвакуация қилинган Исроилнинг шимолий ҳудудлари аҳолиси ўз уйларига қайтишлари мумкинлигини айтди.

  • Чоршанба куни Reuters агентлиги Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли манбага таяниб, Исроилнинг "Моссад" разведка хизмати портлашлардан бир неча ой олдин "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи томонидан импорт қилинган 5 мингта пейжерга портловчи модда ўрнатгани ҳақида хабар берди.
  • Reuters манбаларига кўра, операцияга бир неча ой тайёргарлик кўрилган. Ливанлик манбанинг таъкидлашича, пейжерлар "ишлаб чиқариш босқичида" ўзгартирилган, уларга "кодни қабул қиладиган портловчи модда жойлаштирилган плата ўрнатилган." Агентлик суҳбатдоши айтишича, буни "бирор усул билан аниқлаш жуда мушкул." Манбанинг сўзларига кўра, уч мингта пейжерга кодланган хабар юборилганда портлаган, бу бир вақтнинг ўзида портловчи моддани фаоллаштирган. Илгари "Ҳизбуллоҳ" вакили пейжерларга вирус тушган бўлиши мумкин, бу уларнинг қизишига, кейинчалик эса портлашига сабаб бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қилган эди.
  • БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш чоршанба куни портлашлар муносабати билан чуқур хавотир билдирди ва Исроил билан "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги можаронинг минтақада кенг кўламли урушга айланиб кетиши олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақирди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси портлашларни, жумладан, тинч аҳолига қарши ҳам қаратилган ёппасига ҳужум сифатида қоралади ва уларни тергов қилишга даъват этди.

Форум

XS
SM
MD
LG