Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

"Крокус": Терактнинг олдини ололмаган махсус кучлар мигрантларни сиқувга олмоқда


Россия пойтахтида террорчилик ҳужуми содир бўлгани ва мигрантларга нисбатан нафрат оловланаётгани манзарасида Қирғизистон ўз фуқароларига Россияга бормай туришни тавсия қилди.

Тожик диаспораси эса мигрантларга нисбатан зўравонлик қилиш ҳолатлари кўпайганидан хавфсираб, ўз аъзоларини жуда эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Россия Давлат Думасида мамлакатга кириш чекловлари ва депортация мезонларини кучайтиришга доир таклифлар аллақачон билдирилди.

Россияликлар тожикистонлик такси ҳайдовчилар хизматидан фойдаланишдан бош тортишмоқда, “Крокус”даги теракт гумонланувчиларидан бири ишлаган Ярославлдаги сартарошхона соҳиби ва ходимларига таҳдидлар бўлди. Екатеринбургда полиция кўча-кўйда “шарқона қиёфали” одамларни тўхтатяпти, бир савдо маркази раҳбарияти эса ижарачиларидан марказий осиёлик ходимлари ҳақида маълумот талаб қилган.

“Ижозат муждаси”: Россия ҳукумати ва теракт манзарасидаги ксенофобия

“Мемориал” аксилдискриминация маркази эксперти Стефания Кулаева Россияда ксенофобия кайфияти ортаётганини, жуда зўрайиб кетганига амин бўлмаса-да, бунақа ҳолатлар юзага чиқа бошлаганини айтади.

“Собиқ президент Дмитрий Медведев ўз оғзи билан “терактга алоқадор кимсаларнинг барчаси ўлиши керак, ўлдирилади ҳам” деб турганидан сўнг яна нима дейиш мумкин. Албатта, бу ҳамма нарса мумкин, ҳар қандай бебошликка изн берилди, деган сигнал ва худди шу нарсадан қўрққулик”, дейди Кулаева.

Москвадаги терактдан кейин мигрантларга босим кучайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00

Сиёсий фанлар доктори, Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича эксперт, Бегин-Садат номидаги марказ илмий ходими Андрей Казанцев Россия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари ва терактга доир баёнотларидаги “телба-тескарилик”ка эътибор қаратади.

“Улар бир тарафдан: “Россиянинг жамики аҳолиси ва Марказий Осиёдан келган мигрантлар Ғарбга қарши бирлашиши керак”, деб туришибди. Иккинчи томондан эса, Украинага қарши уруш баҳонасида ўта ўнг кайфиятларга ўзлари мой сепиб қўйиб, энди бу жангари кайфият мигрантларга қарши қаратилишининг олдини олишга ақллари етмаётир, – изоҳ беради олим. – Қолаверса, улар яқинда патриарх Кириллдек нуфузли одам тили билан “мигрантлар, айниқса марказий осиёликлар Россия учун хатарли, чунки улар бошқа дин мансублари бўлиб, россияликларнинг тамаддуний бирлигига путур етказади”, деган гапни айтишди. Бошқа тарафдан эса, Украина уруши муносабати билан Россияда демографик инқироз кескинлашган ва Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантларисиз ҳукумат инқироз олдида ожиз қолади”.

“Радикал миллатчиларнинг куни туғди”

Ҳукумат тоқатсизликка ижозат муждаларини йўллагач биринчи бўлиб радикал миллатчилардан садо чиқди, дейди Стефания Кулаева: “Назаримда, уларнинг кўпчилиги ўз нафратини намойиш қилиш, Марказий Осиёдан келганлар учун турли-туман сеграгациялар, визалар жорий этиш ва уларни бадарға қилишга чақириш фурсати етганини ҳис этишди. Ҳатто, афсуски, ҳужумкорликка, жисмонан ўлдиришга даъватлар ҳам янграмоқда”.

Эксперт ксенофоблар нафратига энг аввало Тожикистон фуқаролари ҳадаф бўлаётганини, бироқ айни вазиятда ғайриславян кўринишли ҳар қандай одамнинг ҳаёти таҳликада қолишини урғулайди:

“Гўё бизга бирон хавф туғдириши мумкин бўлганларни визуал аниқлаш жараёни кетяпти, аммо Россияда одамлар бир муҳожирни иккинчисидан тезда фарқлай олиши амри маҳол. Бу биринчидан. Иккинчидан, кўпчилик, жумладан полициячилар фарқлашни истамайди ҳам. Умуман, марказий осиёлик барча мигрантларга бир кўзда қараш, уларни фарқлай олмаслик, ҳатто истамаслик тенденциялари мавжуд. Бу мусулмон мамлакатлардан келганларга, эҳтимолки, озарбайжон ва афғонларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Ҳа, барчанинг боши хатарда, лекин ҳаммадан кўра Тожикистон фуқароларига қийин бўлганга ўхшайди”.

Меҳнат мигрантларига қарши полиция рейдлари

Россияда ишлаётган муҳожирларга бепул маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан кейинги дастлабки икки кун ичида унга Россиядаги хорижлик фуқаролардан 2, 5 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлганини айтади. Хабарларнинг ярмидан ортиғи полиция рейдлари ва ноқонуний ҳибсга олишлар ҳақида бўлган. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Росгвардия ходимлари тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан “суҳбат”га олиб кетишаётганини сўзлаб берганлар. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кираётгани ҳақида маълум қилишган.

Чупикка мурожаат қилганларнинг аксари – Москвадан. Шунингдек, Санкт-Петербург ва Екатеринбургдан келган шикоятлар ҳам бор. Полиция нафақат Тожикистон, балки Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам қизиқмоқда. Ҳуқуқбонга кўра, қарийб 30 киши ушланганидан сўнг қийноққа солинганидан арз қилган.

“Крокус Сити Холл”га ҳужум: Суд яна 4 кишини ҳибсга олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:35 0:00

Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича эксперт Андрей Казанцев фикрича, кучишлатар идоралар рейд ва облавалар орқали ўзларининг “самарадорлиги”ни кўрсатишга уринмоқда.

“Россияда мигрантларни сиқувга олиш кучайиши турган гап, чунки кучишлатар тузилмалар қўл қовуштириб турмаётганини кўрсатиб қўймоғи даркор. Чунки мана шу теракт жамиятда Росгвардия, полиция ва бошқа идоралар ҳақида жуда ёмон таассурот қолдирди, энди улар ўз реакцияларини кўрсатишлари керак бўлади. Хўш, қандай қилиб? Бечора мигрантларга ғазаб сочиш билан-да”.

“Мемориал” аксилдискриминация маркази эксперти Стефания Кулаева ҳам кучишлатар идоралар теракт ва ксенофобия жиноятларининг олдини олиш борасида реал иш қилиш ўрнига энг осон йўлни – меҳнат мигрантларига босим ўтказишни танлади, деб ҳисоблайди. У “яқин орада полиция масжидлар, бозорлар ва ётоқхоналарда янги рейдлар уюштирадими?” деган саволга шундай жавоб беради:

“Бунақа ишлар бирон кор-ҳол рўй беришининг олдини олиш учун навбатчиликка ўхшаш перевентив чора сифатида ташкил қилинса, тушунча бўларди. Бироқ улар этник нафратга таяниб ҳаракат қилаётган ва, меҳнат мигрантлари бошқарувидаги барча такси машиналарини тўхтатиб қўяётган экан, бунда ҳеч бир ижобий маъно йўқ. Даҳшатли терактдан бехабар қолиб, энди ўзларини жон койитиб ишлаётгандек кўрсатишяпти. Ажойиб ҳуқуқбон Сергей Ковалёв таъбири билан айтганда, “бандитларни эмас, қоракўзларни овлашяпти”. Бу шунчаки, кўзбўямачилик, айни чоғда ксенофобия кайфиятини оловлантиришдан бошқа нарса эмас. Аслида айни пайтда уларнинг асосий вазифаси зўравонлик ёйилишининг олдини олиш бўлиши керак эди”.

Форум

XS
SM
MD
LG