Линклар

Шошилинч хабар
22 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:34

"Вилояти Хуросон" қандай қилиб ИШИДнинг "энг муҳим бўғини"га айланди?


Аниқ санаси қайд этилмаган видеода "Вилояти Хуросон" асосчиси Ҳафиз Саид (ўртада) акс этган. Афғон-Покистон чегараси, 2015
Аниқ санаси қайд этилмаган видеода "Вилояти Хуросон" асосчиси Ҳафиз Саид (ўртада) акс этган. Афғон-Покистон чегараси, 2015

АҚШ мулозимлари “Крокус Сити Холл”да содир бўлган теракт учун жавобгарликни “Ислом давлати”нинг афғон шуъбаси – “Вилояти Хуросон” (ИШИД-К деб ҳам аталади) зиммасига қўйишмоқда. Экспертлар фикрича, Москвадаги теракт ушбу шохобчанинг амбиция ва имкониятлари ортаётганини ва у ташкилотда етакчи ролини ўйнаётганини кўрсатади.

“Вилояти Хуросон” жангари гуруҳи 10 йил муқаддам пайдо бўлганидан бери асосан Афғонистон ва Покистон ҳудудида террорчилик фаолияти билан шуғулланиб келарди.

Бироқ ҳозир ИДнинг афғон шуъбаси юзлаб қурбонлар келтирувчи терактларини бошқа мамлакатлар, жумладан Эрон ва Россияда содир этаётир.

Экспертларга кўра, 22 март куни Москва вилоятида содир бўлган теракт ИШИД-Книнг қўли узайганини ва айни пайтда у ташкилот ичида етакчилик мақомига эришганини кўрсатади.

“Мазкур тармоқ ИДнинг энг муҳим бўғинига, етакчи халқаро филиалига айланди”, дейди MilitantWire.com сайти муассиси ва муҳаррири Лукас Уэббер.

Эксперт 2019 йилда “Ислом давлати” АҚШ бошлиқ коалиция томонидан тор-мор этилганидан сўнг ташкилотнинг Сурия ва Ироқдаги марказий раҳбарияти “бутун эътиборини жон сақлаб қолиш, қайта гуруҳланиш ҳамда имкониятлар ва тармоқларни кенгайтиришга қаратган”ини айтади.

Тожикистонда теракт режалашда гумонланаётган 15 киши ҳибсга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:13 0:00

“Моҳиятан, у ИД франшизасининг бош ташкилоти бўлиб қолди”, дейди Уэббер Афғонистонда 2014 йил охирларида, яъни ИД Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудларини босиб олиб, халифат тузилганини эълон қилган йили пайдо бўлган ИШИД-Кни назарда тутиб.

“Ислом давлати” филиаллари Арабистон яримороли, Африка, Жануби-Шарқий Осиё ва Кавказда ҳам мавжуд.

Хориждаги амалиётлар

ИШИД-К Афғонистон ва Покистонда терактлар уюштиришни тўхтатгани йўқ, аммо сўнгги ойларда ташқи операцияларга кўпроқ эътибор қаратаётганга ўхшайди.

Январ ойида Эроннинг Кирмон шаҳрида 90 дан зиёд одам ўлимига олиб, Ислом Республикасининг сўнгги бир неча ўнйиллик тарихидаги энг қонли теракт бўлган воқеада ҳам ИШИД-К жавобгар қилинганди.

22 март куни эса жангарилар Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”га бостириб кириб, камида 140 кишини ўлдиришдики, бу Россияда сўнгги 20 йилда юз берган энг мудҳиш террорчилик ҳужуми бўлди.

Теракт учун масъулиятни ИД ўз зиммасига олди. Америка расмийлари ҳужум ижрочиси деб тўғридан-тўғри ИШИД-Кга ишора беришган бўлса, Москва ИД шохобчасини тилга олмаган ҳолда “исломчи экстремистлар”ни айбдор қилди.

25 март куни ИШИД-К Россияда янги “ҳудкушликлар”ни уюштириш билан таҳдид этди. Москва Сурия ва Африкада ИД жангарилари билан урушмоқда, шунингдек Афғонистонда ИДнинг асосий рақиби бўлмиш “Толибон” ҳукумати билан алоқаларни мутаҳкамлаётир.

MilitantWire.com муҳаррири Лукас Уэббер ИШИД-К Ғарб учун тобора катта хавфга айланаётганини урғулайди. “Яқин келажакда у кўп жиддий воқеаларни белгилаб берадиганга ўхшайди”, дейди у.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Э. Курилла 21 март куни парламентдаги чиқишида “ИШИД-К АҚШга ва Ғарбнинг хориждаги манфаатларига ҳамла қилиш имкониятлари ва хоҳишини сақлаб қолмоқда, у олти ойдан сўнг, деярли огоҳлантиришсиз ҳаракатга кечиши мумкин”, деган эди.

Сўнгги йилларда Европа ҳуқуқ-тартибот идоралари ИШИД-Книнг бир неча фитнасини фош этди.

19 мартда Германия полицияси ИШИД-Книнг икки муҳтамал тарафдорини қўлга олганини маълум қилди. Улар Швеция парламентига ҳужум қилиш мақсадида тил бириктирганликда айбланмоқда.

Июлда Германия ва Нидерландия полицияси ИШИД-К билан алоқада бўлганликда гумон қилинаётган 9 кишини ушлади.

Ўтган йили Қуръонни ёқиш воқеаларидан сўнг ташкилот Швеция, Нидерландия ва Данияда терактлар уюштириш билан таҳдид қилган эди.

“Крокус”дан сўнг: Терактнинг олдини ололмаган махсус кучлар мигрантларни сиқувга олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:37 0:00

“Эркин шўъбалар тармоғи”

ИШИД-К тузилганидан сўнг у Афғонистон шарқи ва шимолидаги кичик ҳудудларни забт эта бошлади.

Бироқ тахминан 2019 йилда афғон армияси ва халқаро кучлар, шунингдек толиблар босими остида гуруҳ таянч ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлди. Ўшандан бошлаб ИШИД-К шаҳарларда жанговар ҳаракатлар олиб бориш янги стратегиясини амалга оширмоқда.

“Биз “Вилояти Хуросон” янги даврни бошидан кечираётганига гувоҳ бўлиб турибмиз”, дейди жангари гуруҳнинг Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий ҳаракатларини кузатиб борувчи The Khorasan Diary онлайн-платформаси муассисларидан бири Рикардо Валле.

Унинг сўзларига кўра, ИШИД-К ҳудудларни “анъанавий армия” каби босиб олишга интилувчи гуруҳдан – “кўпроқ ўлим келтирувчи терактлар содир этиш тенденциясига эга шуъбаларнинг эркин тармоғи”га айланган.

ИШИД-К афғонистонлик ва ажнабий жангарилардан иборат. БМТ Хавфсизлик кенгаши 2023 йил июндаги ҳисоботида ИШИД-Книнг Афғонистондаги жангарилари сонини “4000 дан 6000 нафаргача” деб кўрсатган эди.

Терроризм ва мудофаа сиёсати бўйича эксперт Сара Хармуш (Вашингтон) айтишича, ИШИД-Книнг ҳудудий назорат ўрнига асимметрик жанговар ҳаракатларга ўтиб кетиши унга маҳаллий шарт-шароитга мослашиш ва аксилтеррор операцияларга қарши туриш имконини берган.

“Бу мослашувчанлик ИШИД-Кни ИД тармоғидаги постхалифат даври қийинчиликларини енгиб ўтишга қодир энг динамик ва мустаҳкам шуъбага айлантиради”, дейди Хармуш.

Экспертга кўра, гуруҳнинг Афғонистон ва Покистондан ташқарида шов-шувли терактлар уюштира олиш лаёқати унинг обрўсини оширган.

“Бу авторитет ИШИД-Кни, айниқса рекрутларни ва ресурсларни жалб этиш масаласида ИД тармоғида пешқадамга айлантириши мумкин”, хулоса қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG