Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 08:30

Кремль Москвада навбатдаги мухолифат намойишига рухсат берди


Актёр Павел Устинов ҳимоясига намойишда қатнашишни истовчилар навбатда турибди, 18 сентябрь, 2019 йил, Москва

Кремль мухолифлари ёзги бир қанча намойишлардан кейинги танаффус ортидан улкан митинг уюштиришни режаламоқда.

Ҳибсдаги сиёсий тутқунларни озод қилиш талаби билан 29 сентябрга белгиланган намойишларга Москва ҳокимияти рухсат берди.

Бу уч ҳафта олдин бўлиб ўтган сайловдан кейин мухолифат чақирган илк намойишдир.

Ёзги намойишлар Россия пойтахтини қамраб олган ва ҳуқуқни қўлловчи идораларнинг зўравонликларига сабаб бўлди.

Президент Владимир Путин мухолифлари россияликларни “сиёсий қатағонлар”га қарши курашиш, ҳокимият идораларидан Кремль мухолифи Алексей Навальнийнинг мамлакат миқёсидаги тарафдорлари тармоғига қарши рейд ва ҳибсга олиш кампаниясини тўхтатишни талаб қилишга даъват этмоқда.

Намойишчилар яна “Москва иши” деб аталаётган иш бўйича қамоққа ташланган ёки тергов изоляторида ушлаб турилган шахсларни озод этиш ҳамда полиция июль-августда бостирган норозилик намойишларидан сўнгги таъқибларни тўхтатишга чақирмоқда.

Сахаров шоҳкўчасидаги митинг “Отпускай!” (“Қўйиб юбор!”) шиори билан ўтказилади.

Бу ёзги намойишлар вақтидаги “Допускай!” (“Рухсат бер!”) шиорига ҳамоҳангдир. Айни шиор ҳокимият идораларидан мухолифат ва мустақил номзодларни 8 сентябрдаги Москва шаҳар думасига бўлган сайловдан четлатган ҳокимият вакилларига нисбатан айтилганди.

Давлат “мухолифатни қўрқитиш” учун “сиёсий ишлар” очмоқда ҳамда “мухолифатни қўрқитиш мумкин, деб ўйлагани учун буни давом эттиришга қарор қилган”, деб ҳисоблайди инсон ҳуқуқи масалалари бўйича адвокат ва Навальнийнинг тарафдори Любовь Соболь.

У ёзги митингларнинг асосий ташкилотчиси бўлган эди.

Интернетга жойланган видео клипда, жумладан, Соболь шундай дейди:

‒ Барчамиз уларга, йўқ, буни қила олмайсизлар, деб айтишимиз керак, ‒ деди у. ‒ Мен ҳар бир кишини митингга келиб, сиёсий таъқибларга қарши, “Москва иши” бўйича адолатсиз қарорларга қарши, ноқонуний тинтувларга қарши ва минтақаларда одамларни қўрқитиш учун ўтказилаётган махсус амалиётларга қарши чиқишга чақираман.

Москвада июль ва август ойларида бўлиб ўтган митингларда 3000 дан ошиқ киши ҳибсга олинди. Бир неча киши оммани тарқатиб юбориш учун куч ишлатган полиция томонидан калтакланди.

Бу ҳолни ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва Ғарб ҳукуматлари қоралади.

Бундан олдинги энг йирик намойишлар 2011-12 йилларда сайлов натижалари сохталаштирилиши ва Путиннинг Кремлга президентликнинг учинчи муддатини ўташ учун қайтишига норозилик тариқасида ўтказилганди.

Путин ҳозир президентликнинг тўртинчи муддатини ўтамоқда ва Конституцияга кўра, 2024 йилги сайловда қатнаша олмайди. Айни ҳолат сиёсий мавҳумликни оширмоқда.

8 сентябрдаги маҳаллий ва минтақавий сайловлар 2021 йили парламентга бўлиб ўтадиган сайлов олдидан Кремль назоратидаги “Ягона Россия” партияси учун синов бўлди.

Яъни, ўнлаб мухолифат ва мустақил номзодлар рўйхатга киритилмаганига қарамай, “Ягона Россия” партияси зарбага учради - Москва шаҳар думасидаги 45 та ўриндан 13 тасини қўлга киритди, холос.

Бунга қисман Навальний “ақлли овоз бериш” стратегиясини қўллагани сабаб эришилди.

Стратегияга кўра, мухолифат етакчиси, россияликларни “Ягона Россия” партияси сиёсатчиларини енгиш имконияти катта бўлган бошқа номзодларга овоз беришга чақирганди. Натижада, ушбу партия вакиллари эса Москвадаги сайловда “Ягона Россия” партиясига мансублигини яшириш учун мустақил номзод сифатида қатнашгани ҳам кутилган натижани бермади.

Аслида, ҳеч қачон обрўси баланд бўлмаган “Ягона Россия” партияси нуфузини ҳукуматнинг пенсияга чиқиш ёшини ва қўшилган қиймат солиғи ставкасини ошириш, узоққа юк ташувчиларга солиқ солиш, чиқиндиларни кўмиш ва қурилишлар каби масалалар бўйича норозиликларни бостиришга уриниш ҳаракатлари янада тушириб юборди.

Оқибатда, Путиннинг рейинги ҳам зарар кўрди.

Аммо, “Ягона Россия” 8 сентябрда Москвадан ташқарида барча минтақалардаги губернаторлик сайловларида ғолиб чиқди.

Айни чоқда давлат жорий йил ёзида рўй берган норозилик кайфиятини бостириш ва келгусида бунинг олдини олиш учун аралаш тактикани қўллади.

Жумладан, намойишлар вақтида ҳибсга олинган 7 киши 2 – 5 йилга кесилди, лекин айрим ҳолларда Кремлга ҳисоб берадиган прокурорлар билан судлар ҳимояга босим ўтказмади.

27 июлдаги 1400 киши ҳибсга олинган оммавий тартибсизликларда айбланган фаол Алексей Миняйло 26 сентябрда Москвадан чиқиб кетмаслик шарти билан озод этилди. У айбловларни бўйнига олмаяпти, чунки намойишга қўшилишдан олдин ҳибсга олинганини айтмоқда.

3 августдаги намойиш вақтида полицияга ҳужум қилганликда айбланиб, 3,5 йилга кесилган Павел Устинов, ҳамкасб актёрлар ва бошқаларнинг қатъий мурожаатларидан сўнг, апелляция шикояти бўйича қарор чиқарилгунга қадар қамоқдан озод қилинди.

Намойишчиларга нисбатан кескин чораларни қоралаб чиққанлар орасида, ҳатто раҳбарияти Кремлга содиқ бўлган Рус православ черковининг 180 нафар руҳонийси кўринди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG