Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:08

Касалхоналар Россиядан 500та тиббий вентилятор келишига кўз тикмоқда; Тошкентдаги чайқовчилар "истаганча" етказиб беришга тайëр!


Коронавирус тушган ўпкада яллиғланиш бошланган кезда¸ беморни сунъий нафас олдириш аппаратига улаш унинг ҳаëт-мамотини ҳал қилади.
Коронавирус тушган ўпкада яллиғланиш бошланган кезда¸ беморни сунъий нафас олдириш аппаратига улаш унинг ҳаëт-мамотини ҳал қилади.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар кўпайиб бораëтгани ортидан ўпкасида яллиғланиш бошланган беморлар ҳаëтини ҳал қилувчи сунъий нафас олдириш аппаратлари - вентиляторларга эҳтиëж кескин ошиб кетди.

Вентиляторлар бутун дунëда тақчил тиббиëт ускунасига айланган бир пайтда¸ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительний завод"ига 500 та шундай аппарат учун буюртма берди.

Ҳозирча касалхоналар кўз тикиб кутаëтган бу аппаратлардан бирор гуруҳининг Ўзбекистонга етказилгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Асосан авиация техникаси ва технология жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бу завод матбуот хизмати вакили Лидия Зимина Озодлик билан 2 апрель кунги суҳбатда “ўзбеклар саломатлигига ҳисса қўшаëтганлигидан мамнун” эканлигини айтиш билан чегараланди.

Зиминага кўра, завод талаб ва эҳтиëждан келиб чиқиб кунига кўпи билан 100 дона сунъий нафас олдириш аппарати ишлаб чиқармоқда. “Талаб бирдан ошиб кетди¸ шу пайтгача завод кунига 20 та ИВЛ (искусственная вентиляция легких бирикмаси қисқартмаси -таҳр.)​ ускунаси чиқарар эди¸ эҳтиëждан келиб чиқиб ИВЛ ишлаб чиқаришни кунига 100 донага кўпайтирдик¸ дейди суҳбатдош.

- Франциядаги тиббий техника ишлаб чиқарадиган Air Liquide заводи пандемия эълон қилингунига қадар бир ойда 100 дона ИВЛ ускунаси ишлаб чиқаргани билан солиштирсак¸ бизнинг ҳозирги кўрсаткич ëмон эмас¸ деди Лидия Зимина.

Айни пайтда Зимина Ўзбекистон билан имзоланган контракт тафсилотлари, хусусан¸ аппарат нархлари тижорий сир эканлигини урғулаб¸ бу борада қўшимча маълумот бера олмаслигини айтди.

Завод раҳбари 2019 йил март ойида Россия матбуотига берган интервьюсида¸ энг сўнгги нусхадаги ИВЛ ускуналари нархининг 550 минг рублдан (ҳозирги курс билан тақрибан 7000 АҚШ доллари) то 1 миллион 400 минг рублгача (18 минг АҚШ доллари) эканини айтган эди.

Бундан эса¸ Россияда ишлаб чиқарилаëтган сунъий нафас олдириш аппаратларининг Франция ва Германиядагидан қимматроқ экани англашилади.

12 март куни Бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги махсус комиссиянинг коронавируснинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилишида тиббиёт муассасаларида зарур тиббиёт техника етишмаëтгани гапирилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительний завод"идан 500 та сунъий нафас олдириш аппарати сотиб олишга айни шу йиғилишда кўрсатма берилган эди.

Минглаб тиббий вентиляторга эҳтиëж бор

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев Озодлик билан 2 апрель кунги суҳбатда шу кунда мамлакатга минглаб сунъий нафас олдириш ускуналари зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шухрат Вафоев мурожаати
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шухрат Вафоев мурожаати

Унинг айтишича¸ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мамлакат соғлиқни сақлаш тизими учун фавқуллода зарур бўлган сунъий нафас олдириш аппаратларини чет элдан олиб келиш бўйича жиддий ишлар олиб бормоқда.

Суҳбатдошга кўра¸ кўплаб Европа мамлакатлари бу ускуна экспортини тақиқлагани боис¸ мамлакат тиббиëтини тиббий вентиляторлар билан таъминлаш мушкул бўлмоқда.

Вазир ўринбосари Озодлик билан суҳбатда бу ускунани етказиб бермоқчи бўлган хорижий ширкатлар билан ҳамкорликка тайëр эканлигини билдирди.

Суҳбатдош таъкидича¸ “Ўзавтосаноат” таркибидаги “UzAuto Motors” ширкати айни кунларда тиббий вентиляторлар ясаш устида қизғин иш олиб бормоқда. Дунëдаги етакчи автомобиль ширкатлари ҳам сўнгги ҳафталарда коронавирусга чалинганлар ҳаëтини қутқариш жараëнидаги энг муҳим тиббий жиҳозда айланган шунда аппаратлар ишлаб чиқара бошлади.

Касалхонада йўқ тиббий вентилятор¸ чайқов бозорида бор

Айни пайтда Ўзбекистондаги 40 дан зиëд хусусий ширкат ҳар бирининг баҳоси 9 минг доллардан 20 минг долларгача бўлган сунъий нафас олдириш аппаратларини сотиш учун интернет тармоғида юзлаб эълон жойлаштирган.

Сунъий нафас олдириш аппаратлари сотилиши ҳақидаги реклама эълонларидан бири.
Сунъий нафас олдириш аппаратлари сотилиши ҳақидаги реклама эълонларидан бири.

Озодлик мухбири бу эълонларда кўрсатилган телефон рақамларидан бирига қўнғироқ қилганида¸ ўзбекча гапирган сотувчи донаси 17 минг АҚШ доллари эвазига бугуннинг ўзида Ўзбекистоннинг "исталган нуқтасига¸ исталган сонда" сунъий нафас олдириш аппаратини етказиб беришни ваъда қилди.

Озодлик 2 апрель куни суҳбатлашган олий тоифали врач Бахтиëр Қурбонов “мусибатдан пул қилмоқчи бўлган тужжорларни” қоралади.

- Пандемия пайтидаги мусибатдан фойдаланиб¸ бирини икки қилмоқчи бўлган бу савдогар олибсотарлар қилаëтган иш уятсизликдан бошқа нарса эмас. Коронавирус кенг тарқалган Францияда ИВЛ ускунаси етишмаяпти. Аммо бирорта ширкат нархни кўтармади. Битта ускуна нархи Францияда шу кунда модификациясига қараб¸ 3500 евродан максимум 10000 еврогача. Францияда ишлаб чиқарилган ускуна яхши ҳисобланади. Ўзбекистондаги чайқовчилар эса¸ Хитойда ишлаб чиқарилган ИВЛга 20 минг доллардан нарх қўйиб¸ тагига босиб ўтиришибди. Бундай пайтда пандемия даври қоидасига кўра¸ давлат буларнинг фаолиятини чеклаши керак. Тарозига пул эмас¸ инсон саломатлиги қўйилган.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик врачлардан яна бири¸ аҳоли сони 4 миллионга яқин Андижон вилоятида жами ўнга яқин ИВЛ ускунаси борлиги¸ унинг ҳам ярми таъмирталаб аҳволда эканини айтади.

"Грузияда Саакашвили президент бўлган 9 йил ичида мамлакатда 140 та янги шифохона қурилган, 2200 та сунъий нафас олдириш мосламаси сотиб олинган. Америкадан битта қимматбаҳо антивирус лабораторияси олиб келиб ўрнатилган. Аҳоли сони Грузияда 4 миллионга етар-етмас¸ Андижон вилояти билан деярли бир хил. Орадаги фарқни кўринг! Ўзбекистонда қимматбаҳо ситилар¸ Муз саройию ҳангиллаган стадионлар¸ сарой ва тўйхона қурилди. Лекин тиббиëт тизимини кўтариш¸ касалхоналарни оддий вентилятор билан таъминлашга пул топилмади"¸ дейди Озодлик гаплашган тиббиëт соҳаси мутахассисларидан яна бири.

Коронавируснинг оғир кўринишига чалинган беморларнинг яшаб қолиши учун улар сунъий нафас олдириш аппаратларига улаб қўйилиши лозим.

Италия ва Испанияда коронавирусга чалинганлар орасидаги ўлим ҳолатининг кўплиги¸ айнан шу ускуналарнинг етмаëтгани билан изоҳланмоқда.

XS
SM
MD
LG