Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 01:52

Мулозимлар: Коронавирус пандемияси ҳам ўзбекча мажлисбозликни тўхтата олмаяпти


Андижон ҳокимлигида ўтказилган йиғилишлардан бири. (Бу суратнинг 20 март кунги мажлисга алоқаси йўқ).

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус эпидемияси ëйилишининг олдини олиш учун қатор чекловлар ўрнатиб¸ оммавий тадбир ва йиғилишларни бекор қилганига қарамай¸ вилоятларда бир неча юз кишилик мажлислар ўтказиш давом этмоқда.

Кейинги уч кун давомида Озодликка Хоразм¸ Бухоро ва Андижон вилоятларидан юборилган хабар ва ҳужжатларга бундай йиғилишларга эскича услубда шахсан қатнашиши шарт қилинган раҳбар ва мулозимлар рўйхати илова қилинган.

Мажлисда қатнашиши шарт бўлган мулозимлар Озодлик билан суҳбатда ҳокимларнинг ўзини гўëки атрофда жиддий эпидемия йўқдек тутаëтгани¸ бир неча юз одамни студияларда ҳеч бир маскасиз соатлаб ўтиришга мажбурлаëтганидан хавотир билдирди.

15 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган чора-тадбирларни эълон қилган Бош вазир Абдулла Арипов “барча давлат ва нодавлат ташкилотларида мажлислар ўтказиш вақтинча тўхтатилгани”ни эълон қилган эди.

Бухорода солиқдан қарздорликни ундириш масаласида катта мажлис

Бухоро ҳокимият тизимида ишловчи мулозим томонидан Озодликка юборилган "Телефонограмма" 18 март куни шаҳардаги тўрт сектор раҳбари¸ вилоят тегишли ташкилотлари бошлиқлари¸ шунингдек Марказий банк вилоят бошқармаси ва вилоятдаги тижорат банки раҳбарларига юборилган.

Бухоро шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев номидан юборилган бу телефонограммада шаҳардаги банк тизими раҳбарлари¸ шунингдек¸ ҳар бир тижорий банкнинг 65 маҳаллага бириктирилган ходимларига 18 март куни эрталаб шаҳар ҳокимлиги катта мажлислар залида ҳозир бўлиш буюрилган. Телефонограммада шаҳар ҳокими бу йиғилишнинг вилоят янги ҳокими Карим Камолов топшириғига кўра чақиртирилганини таъкидлаган.

Бухоро шаҳар ҳокими банк тизими раҳбарларига юборган Теелефонограмма нусхаси.
Бухоро шаҳар ҳокими банк тизими раҳбарларига юборган Теелефонограмма нусхаси.

Коронавирус эпидемияси ëйилиб бораëтган айни кунларда чақиртирилган бу мажлис кун тартибидаги асосий масала Бухоро шаҳридаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ер¸ мол-мулк солиғидан қарзини тўлиқ ундириш деб белгиланган.

Телефонограмманинг сўнгги сатрида Бухоро шаҳридаги 65 маҳаллага бириктирилган банк ходимлари “ўзи билан терминалини ҳам олиб келсин” деган буйруқ мазмунига Озодлик ҳозирча ойдинлик кирита олмади.

Бухоро вилояти ва шаҳар ҳокимлигининг Озодлик боғланган хизматчилари бу мажлис ва унинг тафсилотларидан бехабарликларини айтиш билан чекландилар.

Андижон ҳокими “муҳтарам президент” топшириқлари бўйича катта мажлис чақирди

Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраган маҳаллий мулозим томонидан юборилган ҳужжат “Шошилинч Телефаксограмма”дир.

Шаҳар ва туман ҳокимларига юборилган бу ҳужжат Андижон вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев номидан ëзилган.

Унда 20 март куни соат 16:30 да вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида “ўта долзарб” масалалар юзасидан мажлис ўтказилиши айтилган.

Андижонда 20 март куни чақиртирилган катта йиғинга оид ҳужжат нусхаси.
Андижонда 20 март куни чақиртирилган катта йиғинга оид ҳужжат нусхаси.

Ҳужжатнинг сўнгги абзацида унда туманлардаги студиялардан қатнашиши шарт қилиб белгиланганлар рўйхати берилган ва ундан мажлисга шахсан келиши керак бўлган мулозим ва тадбиркорлар сонининг ҳар бир туманда юзлаб бўлишини тушуниш мумкин.

Андижондаги фавқулодда мажлис кун тартибидаги бош масала ҳам Бухородаги каби¸ бюджет тушумлари бўйича “қолоқликни бартараф этиш”¸ мева-сабзавот экспорти бўйича белгиланган режани бажаришдир.

“Шошилинч Телефаксограмма”га йиғилишда, шунингдек, президент Мирзиëев 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли ва иқтисодга зарарини юмшатиш бўйича ўтказган йиғилишда берган топшириқлар ва шу ҳақда имзоланган Фармон ижросини муҳокама қилиниши ҳам айтилган.

Абдураҳмоновнинг мажлисбозлигини на Бош вазир¸ на коронавирус тўхтата олмаяпти. Битта туман студиясига 300 тача одам чақиртирилган¸ шаҳардаги 450 ка етади. Ҳамма шахсан келиши шарт¸ бўлмаса¸ калласи кетади. Карантин¸ ижтимоий изоляция деган нарсаларни булар тушунмаяпти. Коронавирус десак¸ "ваҳима қилма¸ бизда унақа нарса йўқ"¸ дейишди. На ҳоким¸ на бошқалар маска тақаëтгани йўқ. Бунақа мажлислар вирус ўчоғи айланиши мумкинлигини раҳбар бўлиб булар тушунмаганда¸ бозорда текин исириқ учун тўпланаëтган оломондан хафа бўлмаса ҳам бўлади”¸ деди бу мажлисда қатнашиши буюрилган андижонлик мулозимлардан бири.

Андижонлик суҳбатдош вилоят раҳбарлари мажлисларни бошқа формат¸ хусусан¸ масофавий шаклга кўчириш¸ раҳбарларнинг уй ëки иш хонасидан қатнашишига рухсат бериш масаласини ҳозирча тилга олмаëтганини қўшимча қилди.

Озодлик маҳаллий вақт билан 19:25 да¸ "Шошилинч Телефаксограмма"да айтилган мажлис чақиртирилган вақтдан уч соат ўтиб боғланганида¸ Андижон вилоят ҳокимлиги расмийлари “мажлиснинг ҳали тугамаганини” билдирди.

Хоразмда инвестиция масаласида 300 кишилик мажлис ўтказилди

Озодликка Хоразмдан боғланган маҳаллий мулозимлардан бири 19 март куни Бош вазирнинг инвестициялар бўйича ўринбосари махсус йиғилиш уюштиргани ва камида 300 маҳаллий раҳбар ва тадбиркорнинг унда қатнашиши шарт этиб белгилаганини билдирди.

"Бизнинг саломатлигимиз¸ уйимиздагилар саломатлигининг мажлиссевар раҳбарларга бир тийинлик аҳамияти йўқ. Ҳатто Ғарбда ўқиб келган раҳбарлар ҳам маҳаллий мулозимлар даражасига тушиб қолган. Телевизорни озгина очган одам дунëда коронавирусни тўхтатиш учун қанақа фавқулодда ишлар қилинаëтганини¸ таҳдид жиддийлигини тушунади. Лекин президентга ҳисоб беришдан бошқа нарсани ўйламайдиганлар ҳамманинг соғлиғини мажлис деб хавфга қўймоқда"¸ дейди Озодлик билан шахсини очиқламай гаплашган хоразмлик мулозим.

12-13 март кунлари Хоразмга сафар қилган президент Мирзиëев Хоразмдаги иқтисодий кўрсаткичларнинг республика даражасидан паст эканини танқид қилган ва тадбиркорларни жалб қилган ҳолда аҳоли турмуш даражасини кўтариш учун вилоятда 200 минг янги иш ўрни яратишни буюрган эди.

Коронавирус пандемияси Ўзбекистонда ҳам ëйилиб бораëтган бир пайтда ўтказилган катта мажлис ана шу топшириқ ижросига бағишланган.

Пандемия мажлис ва ҳатто олий даражали учрашувлар форматини ўзгартирмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия деб эълон қилган жорий вазиятда аксар давлатларда оммавий карантин эълон қилинди¸ чегаралар ëпилди¸ миллионлаб ишчи-хизматчиларга таътил ëки уйидан ишлашга рухсат берилди¸ аҳолидан ўта муҳим эҳтиëж бўлмаган тақдирда¸ уйидан чиқмаслик¸ ижтимоий изоляцияда яшаш тавсия этилди.

Ҳукуматлар ва бошқарув тизимлари ҳам мажлисларни онлайн шаклга кўчирди¸ ҳатто иқтисоди тараққий қилган 7 давлат раҳбарининг олий даражали сўзлашуви ҳам¸ тарихда биринчи марта¸ онлайн видеосуҳбат шаклида ўтказиладиган бўлди.

15 март куни пандемиянинг Ўзбекистонда ëйилишини тўхтатишга қаратилган ҳукумат чора-тадбирларини эълон қилган Бош вазир Абдулла Арипов мактаб ва боғчаларда 16 март кунидан камида икки ҳафталик таътил бошланиши¸ анъанавий Наврўз сайиллари¸ қолаверса¸ бошқа оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар бекор қилиниши¸ шунингдек¸ барча давлат ва нодавлат ташкилотларида мажлислар ўтказиш ҳам вақтинча тўхтатилишини билдирган эди.

Айни пайтда¸ президент Шавкат Мирзиëев 20 март куни чиқарган "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармоннинг қалин ҳарфлар билан ëзилган 25-моддасида:

"Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси жорий йил 22 мартдан бошлаб 2 ой давомида кунлик селектор йиғилишларини ўтказиб, ҳар бир ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма ва бошқа соҳалар барқарор фаолият юритишини таъминлаш масалаларида муаммолар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиб боради"¸ дейилган.

Бу эса¸ Озодлик гаплашган давлат мулозимларига кўра¸ Ўзбекистонда коронавирусга бағишланган янги мажлисбозлик тўлқини бошланишига асос бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG