Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2022, Тошкент вақти: 13:10

Халқаро хабарлар

Кобулдаги масжидда уюштирилган портлашда 21 киши нобуд бўлди

Кобул масжидидаги портлашда вафот этганлардан бирининг жанозаси, 2022 йил 18 августи

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги масжидда 17 август куни намоз пайтида кучли портлаш содир бўлди. Афғонистон полицияси маълумотига кўра, ҳодиса чоғида масжид имомий дохил 21 киши нобуд бўлган, яна 33 киши жароҳатланган.

Ҳужум ортида ким тургани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ бир ҳафтача аввал “Ислом давлати” террор ташкилоти жангарилари “Толибон” ҳаракатини дастаклаётган руҳонийни портлатишган эди.

Бугунги кунда “Ислом давлат” гуруҳи бир йил муқаддам Афғонистон устидан назоратни қўлга киритган толибларнинг асосий душмани бўлиб ҳисобланади.

Кобулда портлатилган масжид атрофи айни пайтда хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Гувоҳлар портлаш кучидан яқин-атрофдаги уйларнинг деразалари синиб тушганини айтишган.

Кун янгиликлари

Владимир Путин Эмомали Раҳмонни орден билан мукофотлади

Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонни III -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади.

Путин фармонида қайд этилишича, тожик президентига бу орден “Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ҳамда минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” берилди.

Июль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Путиндан Россиянинг Александр Невский орденини олишдан воз кечган эди. Буни қозоқ президенти ўз ваколати якунлангунига қадар маҳаллий ва хорижий мукофотларни олишдан бош тортгани билан изоҳлаган.

23 июль куни Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёвни ҳам Александр Невский ордени билан тақдирлаган. Мирзиёев бу орденни қабул қилган.

Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.

Эмомали Раҳмон 2020 йилнинг октябрида бешинчи бор президентликка сайланган эди. У Тожикистонни 28 йилдан бери бошқармоқда.

Физика бўйича Нобель мукофоти лауретлари аниқланди

Франциялик физик Ален Аспе.

Нобель қўмитаси 4 октябрь куни физика бўйича мукофот франциялик Ален Аспе, америкалик Жон Клаузер ва австриялик Антон Цайлингерга берилишини эълон қилди. Улар чалкаш фотонлар билан тажриба ўтказгани, Белл нотенгламаларидаги бузилишларни тадқиқ қилгани ва квант информатикаси соҳасидаги фаолияти учун мукофотланди.

Олимлар чалкаш квант ҳолатидан фойдаланган ҳолда икки зарра алоҳида-алоҳида бўлган ҳолида ҳам ҳудди битта заррадай ҳаракатланишига оид новаторча тажрибаларни ўтказишган. Квант механикасига асосан, зарралар бир вақтнинг ўзида турли жойда ва ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.

Нобель ҳафталиги анъанага биноан Стокҳолмда октябрь ойида бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот одатда иккинчи бўлиб берилади. Биринчи бўлиб тиббиёт ва физиология соҳаси лауреати номи эълон қилинади. Жорий йилда бу соҳа бўйича мукофот швециялик 67 ёшли генетик Сванте Паабога берилди. У қадимий одамлар ДНКси ва инсон эволюциясини тадқиқ қилган.

5 октябрда химия бўйича, 6 октябрда адабиёт бўйича лауреатлар номи эълон қилинади. 7 октябрда эса Ослода Нобель тинчлик мукофоти совриндори аниқланади.

Альфред Нобель хотираси учун 1969 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича мукофот 10 октябрда топширилади.

Ҳар бир соҳа бўйича бериладиган мукофот пули 900 минг долларни ташкил қилади.

Илон Маск яна Twitter тармоғини сотиб олмоқчи эканини билдирди

Илон Маск илк маротаба апрелда Twitter ширкатини 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини билдирган эди.

Америкалик миллиардер Илон Маск Twitter корпорацияси раҳбариятига тармоқни ўзига сотишни таклиф қилди. Маск тармоқни апрелда келишилганидай 44 миллиард долларга (бир акцияга 54,2 доллардан) сотиб олишга тайёрлигини айтди.

Bloomberg агентлигининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, миллиардер бу таклифни тармоқ раҳбариятига мактуб орқали жўнатган.

Twitter сотилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар ортидан тармоқ акциялари нархи 18 фоизга қимматлади. Шундан сўнг Нью-Йорк биржасида Twitter акцияларини сотиш тўхтатилди.

Reuters агентлиги Маск бу таклифни Twitter талаби билан ўзига қарши иш судда кўриб чиқилиши арафасида киритганига эътибор қаратди. Суднинг биринчи йиғилиши 17 октябрда ўтказилади.

Илон Маск апрелда Twitter ширкатини 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини билдирган эди. Кейинроқ у фейк аккаунтлар сонини ҳисоблашда ноаниқликлар мавжудлиги ортидан ширкатни сотиб олишни ортга сурганди.

Июль ойида Маск тармоқни сотиб олишдан бош тортди. Тадбиркор буни ширкат унга етарли даражадаги маълумотларни тақдим эта олмагани билан изоҳлади.

Twitter раҳбарияти Илон Маскнинг бу баёнотини “тўқима” деб атади ва Маскни ширкатни сотиб олиш жараёнини ниҳоясига етказишга мажбурлаш илтимоси билан судга мурожаат қилди. Маск ўз навбатида ширкатга қарши судга даъво аризаси киритган.

Эрон Украинанинг тўрт вилояти аннексияси бўйича Россия томонидан ўтказилган сохта референдумларни тан олгани йўқ

Эрон ТИВ вакили Носир Каноний

Москванинг халқаро майдондаги иттифоқчиларидан бири деб қараладиган Эрон расмийлари Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида Россия томонидан уюштирилиб-ўтказилган хўжакўрсин референдумлар натижаларини тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний баёнотида айтилган.

IRNA давлат ахборот агентлиги қайдича, Каноний душанба кунги чиқишида Эрон халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда БМТ низомидаги тамойил ва мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини урғулаган.

Мулозим Эрон “тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни бузиши мумкин бўлган ҳар қанақа провокацион хатти-ҳаракатларга қарши” эканини қўшимча қилган.

Жорий йилнинг 23 сентябридан 27 сентябригача ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган ЛХР ва ДХР айирмачи бўлгалари ҳамда Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятларидаги босиб олинган ҳудудларда Россия таркибига қўшилиш бўйича сохта референдумлар ўтказилган.

Сешанба, 4 октябрь куни овоз бериш натижалари Россия Федерация кенгашида тасдиқланди. Ундан аввал мазкур “натижалар”ни Давлат думаси ва Конституциявий суд ҳам қонуний, деб топган.

Сохта референдумлар натижалари шу кунгача Шимолий Кореядан бошқа дунёдаги бирор давлат томонидан тан олингани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Forbes: Мобилизация бошидан бери Россияни 700 минг чоғли киши тарк этди

Президент Путин томонидан ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан буён ўтган қарийб икки ҳафта мобайнида Россияни 700 мингга яқин одам тарк этган. Бу ҳақда Forbes журнали Россия президенти админстрациясидаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, аввалига Кремль маълумотларидан хабардор манба мобилизация бошидан бери мамлакатдан 1 миллион киши чиқиб кетганини маълум қилган. Бироқ президент маъмуриятидаги манба Forbes’га гап 600 000 — 700 000 нафар россиялик ҳақида бораётганини айтган. Айни пайтда манба булардан қанчаси Россиядан туризм мақсади билан чиқиб кетганини аниқлаш мушкуллигини урғулаган.

Аввалроқ Қозоғистон ички ишлар вазири 21 сентябрдан буён мамлакатга 200 мингдан зиёд россиялик кириб келгани, улардан 147 минги Қозоғистондан чиқиб кетишга ҳам улгурганини очиқлаган эди.

Россия тожикистонлик мигрантларни Мариуполни тиклаш ишларига юбормоқда

Мариуполда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари

Россиядаги қурилиш ширкатлари тожикистонлик меҳнат муҳожирларини вайрон бўлган Мариуполь шаҳрини тиклаш ишларига йўллаяпти.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Мариуполга боришга рози бўлганларга 130 минг рублдан 250 минг рублгача маош тўлашни ваъда қилишган.

Катта ойликдан ташқари, мигрантларга ижтимоий пакет, яъни вақтинча тураржой ва уч маҳал овқат ваъдаси берилган.

Мигрантларнинг айримлари бу шартга кўнишган, баъзилари эса дайди ўққа нишон бўлишдан чўчиб, қурилиш ширкатлари таклифидан бош тортишган.

Киев Путин билан музокаралардан расман бош тортди

Украина президенти Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг (МХМК) 30 сентябрдаги қарорини амалга татбиқ қилувчи фармонни имзолади. Мазкур қарорда Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиш имконсизлиги ҳақида гап боради. МХМК қарори Россия томонидан Украина ҳудудлари аннексия қилинганига жавобан қабул қилинган.

Зеленский фармони 4 октябрь куни эълон қилинди. Шунингдек, Украина президенти, Олий рада раиси ва бош вазирнинг НАТОга мурожаати матни маъқулланди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг Путин билан музокаралардан бош тортишини изоҳлай туриб, “энди ё амалдаги президент позициясининг ўзгаришини кутамиз, ёки Украина халқи манфаати йўлида ўз позициясини ўзгартирадиган кейинги президент келишини кутиб қоламиз”, деди.

Зеленский 30 сентябрь куни Украина жадаллаштирилган тартибда НАТОга кириш учун ариза беришини очиқлаган. Ўшанда у, токи Россиянинг президенти Владимир Путин бўлиб қолар экан, Украина бу мамлакат билан музокаралар олиб бормаслигини билдирган.

Аввалроқ президент Путин Москва Киев билан музокараларга тайёр экани ҳақида бир неча бор билдирган, бироқ бирор марта ҳам музокараларда шахсан ўзи иштирок этишига ишора қилган эмас.

Мобилизация эълонидан сўнг Қозоғистонга 200 мингдан зиёд россиялик келди

Россия-Қозоғистон чегарасида навбат кутаётган россияликлар, 2022 йил 27 сентябри

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрдан бери Қозоғистонга 200 мингдан зиёд россиялик кириб келди, дея маълум қилди Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов.

Вазирга кўра, улардан 147 минг нафари мамлакатдан чиқиб кетган. Ахметжанов ўтган вақт оралиғида Қозоғистондан Россияга етти фуқаро депортация қилингани, улардан уч нафари чегарадан ноқонуний ўтгани, тўрт нафари эса Уральск шаҳрида майда безорилик содир этгани учун бадарға қилинганини билдирди.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев россияликлар оқими кучайгани манзарасида Москва расмийлари билан музокаралар ўтказмоқчи эканини қайд этган. Шунингдек, ички ишлар вазири, мобилизациядан қочиб, Қозоғистонга келаётган россияликлар халқаро қидирувга берилмаган тақдирда, ўз мамлакатларига мажбуран қайтарилмаслигини билдирган.

Бу орада Ўзбекистон расмийлари ҳам мамлакатга россияликлар оқими кучайганини тасдиқлашган, бироқ бунга оид бирор рақам очиқлаган эмаслар.

AP: Россия камида ярим миллиард долларлик украин буғдойини ўғирлаган бўлиши мумкин

Мелитополдан юкланган ғаллани Ливанга етказган "Лаодикия" кемаси.

Россия умумий қиймати 530 миллион доллардан кам бўлмаган миқдордаги украин ғалласини ўғирлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Associated Press агентлиги ва Frontline жамғармаси журналистик суриштирувида қайд этилди.

Журналистлар сунъий йўлдошлардан олинган фотосуратлар ва радиоузаткичлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларидан Туркия, Сурия, Ливан ва бошқа давлатлар бандаргоҳларига камида 50 маротаба буғдой олиб борган 30 та кеманинг йўналишини ўрганган.

Журналистлар украин буғдойи контрабандасиси кўламини аниқлаш учун транспорт декларацияларини текширган, ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўрганган, фермерлар, юк жўнатувчилар ва амалдорлар билан суҳбатлашган.

Суриштирув муаллифлари суҳбатлашган экспертлар бу каби ҳажмдаги буғдойнинг ўғирланишини ҳарбий жиноят деб баҳолаш мумкинлигини айтмоқда. Негаки, халқаро ҳуқуқ бўйича мародёрлик жиноий жазо берилиши шарт бўлган ҳаракат ҳисобланади.

Журналистлар Россия томонидан босиб олинган Мелитополдан юкланган ғаллани Ливанга етказган "Лаодикия" кемасини мисол тариқасида келтирган. Киев бу кемага ўғирланган ғалла юкланганини билдириб, Ливан ҳукуматидан кемани ҳибсга олишни илтимос қилган. Бироқ Ливан Кремль томонини ҳимоя қилиб, 10 минг тонна ғалла ўғирланмаганини билдирган ва уни тушириб олишга рухсат берган.

Журналистик суриштирувда қайд этилишича, украин ғалласини ўғирлаётган ширкатлардан яна бири Бирлашган кемасозлик корпорацияси бўлиши мумкин. Корпорация Crane Marine Contractor шўъба корхонаси орқали Россия Украинага уруш бошлашидан бир неча ҳафта олдин учта юк ташувчи кемани сотиб олган. Бу кмалар камида 17 марта Қримдан Туркия ва Сурияга қатнаган.

Мелитопол мэри Иван Федоров Associated Press агентлигига Россия минтақадан поезд ва юк машиналарида аннексия қилинган Қрим ва Россия портларига украин ғалласини олиб кетаётганини айтган.Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда ҳам Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан Россияга тинимсиз қатнаётган ғалла ташувчи юк машиналарини кўриш мумкин. Улардан айримларига Z белгиси чизилган.

Журналистик суриштирувда Туркия ҳам укриан ғалласини ўғирлаш иштирокчиларидан бири бўлгани эҳтимол экани айтилади. Россия қамал қилган Одесса портларидан буғдой олиб чиқиш амалиёти Туркиянинг аралашуви ортидан бошланган.

Суриштирув муаллифлари Туркия ўғирланган украин ғалласини қабул қилиб олган бўлишини тахмин қилишмоқда. Бироқ Туркия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатга Украинадан ўғирланган ғалла олиб кирилгани тасдиқланмагани тўғрисида билдирган. Кремль ҳам бу иддаоларни рад этган.

Россия бойлари йил бошидан бери 94 миллиард доллар йўқотди

Йил бошидан бери 9, 8 миллиард йўқотга “Северсталь” бош директори Алексей Мордашов.

Жорий йил бошидан бери Россия миллиардерлари умумий ҳисобда 94 миллиард доллар йўқотди. Бу зарарнинг учдан бир қисми сўнгги ойга тўғри келди, деб хабар берди Bloomberg Billionaires Index.

Bloomberg рейтингида қайд этилишича, пул йўқотганлар орасида биринчиликни “Северсталь” бош директори Алексей Мордашов эгалламоқда. Бойлиги ҳозирда 19,1 миллиард долларга баҳоланаётган миллиардер 2022 йил бошидан бери 9,8 миллиард доллар йўқотди.

Энг кўп пул йўқотганлар рўйхатининг иккинчи поғонасида президент Путинга яқин бўлган тадбиркор Геннадий Тимченко ўрин олди. Volga Group инвестиция ширкати асосчиси 9,7 миллиард долларни, яъни бойлигининг деярли ярмини қўлдан бой берган.

Forbes Россияда 2022 йилнинг энг бой одами деб эълон қилган Владимир Лисин 9,1 миллиард доллар йўқотган. Шундан сўнг унинг бойлиги 18,9 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Фоиз ҳисобидан олганда “Ренова” ширкати директорлар кенгаши раиси Виктор Вексельберг бойлигининг 60 фоизини йўқотиб, эндиликда 11,2 миллард долларга эгалик қилаяпти.

Роман Абрамович ҳам пулларининг деряли ярмини йўқотган. Йил бошида 18 миллиардга эгалик қилган Абрамовичнинг бугунги кундаги бойлиги 9,7 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Самарқанд саммитида Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлади

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг байроқлари.

Самарқандда 11 ноябрь куни ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммитида Туркманистон тўлақонли аъзоликка қабул қилинади. Бу ҳақда ўтган пайшанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билдиргани тўғрисида “Анадўлу” агентлиги хабар тарқатди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтишини тасдиқлади. Аммо билдирувда Туркманистон тўғрисида маълумот берилмади.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бокуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

Илон Маск урушни тўхтатиш учун Қримни Россияга беришни таклиф қилди

Илон Маск тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи тадбиркордир.

Америкалик миллиардер Илон Маск Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У твиттер саҳифасида урушни тўхтатиш юзасидан тўртта таклифни ёйинлади.

Маскнинг фикрича, аннексия қилинган ҳудудларда БМТ назорати остида шаффоф ва демократик референдумлар ўтказилиши зарур. Агар Россия аннексия қилган ҳудудлар Украинада қолишни истаса, Россия ортга чекиниши лозим. Маск Қримни Россияга беришни таклиф қилди. Ярим орол сув таъминоти бўйича кафолатларни олиши зарур. Маск, шунингдек, Украина нейтрал мақомни сақлаб қолиши кераклигини айтди.

Маскнинг фикрича, уруш ниҳоясида томонлар мана шундай муросага келадилар. Бироқ бу иш бугунги кунда амалга ошса, томонлар камроқ талафот кўрган бўларди, деб ҳисоблайди Маск. Миллиардернинг фикрича, урушнинг муқобил якуни ядровий уруш бўлиши мумкин.

Маскнинг таклифига муносабатлар

Маск твиттер саҳифасидаги урушни тўхтатиш бўйича фикрлари остига овоз бериш функциясини очди. Ҳозиргача камида 700 минг киши овоз берди. Улардан 59,6 фоизи Маскнинг фикрларига қарши эканини, 40,4 фоизи қўллашини билдирди.

Украина президенти офиси бошлиғининг маслаҳатчиси Михаил Подляк Маск фикрларига муносабат билдирар экан, урушни тугатишнинг уч тезисини эълон қилди: Украина ўз ҳудудларини, жумладан, Қримни ҳам озод қилади. Россия демилитизация қилинади ва ядровий қуролдан воз кечтирилади. Ҳарбий жиноятчилар суд қилинади.

Украина президенти Владимир Зеленский телеграм каналида ўз обуначиларига қайси Илон Маск сизга кўпроқ ёқади, деган саволга жавоб беришни таклиф қилди. Овоз берувчилар “Украинани қўлловчи Маск” ёки “Россияни қўлловчи Маск” деган жавобдан бирини танлаши лозим.

Маскнинг бу баёноти ортидан унга қарашли Tesla ширкати акциялари нархи камида 8 фоизга тушиб кетди.

Илон Маск SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси, жаҳоннинг энг бой одами. У тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи тадбиркордир.

Европа Иттифоқи Украина бюджетини дастаклаш учун 5 миллиард евро беради

Жорий йил охиригача Европа Иттифоқи Украинага 5 миллиард евролик макромолиявий ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбарининг ўринбосари Валдис Домбровскис маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур пакетнинг биринчи қисми октябрь ойи ўрталаридаёқ Украинага етказилади, қолган қисми эса ноябрь ва декабрь ойларида берилади.

Домбровскисга кўра, мазкур маблағлар бюджетда кўзда тутилган энг зарур эҳтиёжлар, жумладан ойлик маош ва пенсияларни тўлаш учун йўналтирилади.

Украина бош вазири Денис Шмигаль молиявий кўмак учун Европа кенгашига миннатдорлик билдириб, мазкур қадам урушда ғалабага эришишни дастаклаш учун берилаётганини урғулаган.

Россия “Биринчи канал”ининг собиқ муҳаррири қидирувга берилди

Марина Овсянникова Москвадаги судда, 2022 йил 11 августи

Россия Ички ишлар вазирлиги “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянниковага нисбатан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда “Медиазона” нашри хабар берди.

Овсянникова Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай “Биринчи канал” эфирида урушга қарши плакат намойиш қилгани билан танилган. Шу йил август ойида унга нисбатан Россия армияси тўғрисидаги “фейклар” моддаси бўйича жиноят иши очган, суд аёлга уй қамоғига йўллаган.

Яқинда Овсянникованинг собиқ эри унинг 11 яшар қизи билан биргаликда уй қамоғидан қочиб кетганини билдирган эди.

Дума Украинанинг тўрт вилояти аннексиясини маъқуллади

Москвадаги Давлат думаси биноси

Россия Давлат думаси Украинанинг ишғол этилган тўрт вилоятини Россия таркибига қўшилишини маъқуллади.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни депутатларнинг аксарияти ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган айирмачи “ДХР” ва “ЛХР” ҳамда қисман ишғол этилган Херсон ва Запорожье вилоятлари аннексиясини ёқлаб овоз беришган.

Аввалроқ Россия Конституциявий суди ишғол этилган ҳудудлар аннексиясини қонуний деб топган эди. Эндиликда мазкур ҳужжатлар Федерация кенгаши (Россия парламентининг юқори палатаси) томонидан ҳам маъқулланиши лозим.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG