Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Отабек Умаров, Ғафур ва "Равшан Золотой". "Кўча"га қарши рейдларнинг ғалати натижаси


"Равшан Золотой" лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов (чапдан энг чеккада) Париждаги олимпия тадбирида президент куёви Отабек Умаров билан бир қаторда турган суратини тармоқда улашди. Instagram
"Равшан Золотой" лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов (чапдан энг чеккада) Париждаги олимпия тадбирида президент куёви Отабек Умаров билан бир қаторда турган суратини тармоқда улашди. Instagram

Тошкентда "Долзарб 40 кунлик" номи берилган рейдлардан ўн бир ой ўтиб, ҳануз жиноят олами вакиллари билан боғлиқ суд ва апелляция жараёнлари давом этмоқда.

Ушбу маҳкамаларда терговдаги қийноқ ва бошқа босимлар билан боғлиқ иддаолар янграган, аммо ҳозиргача қамалганларнинг яқинлари бу борада ҳуқуқ ташкилотларига расман шикоят қилгани маълум эмас.

Рейдлар доирасида ушланган жиноят оламининг энг кўзга кўринган вакили Салим Абдувалиев ёки "Салимбойвачча"нинг эса қамоқ муддатини қайси жазо муассасасида ўтаётгани номаълумлигича қолмоқда.

Бу орада жиноят оламининг бошқа кўзга кўринган вакиллари, хусусан, Ғафур Раҳимов ҳамда унинг хорижда яшаётган жияни Равшан Муҳиддинов (лақаби - "Равшан Золотой") нафақат ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари назаридан четда қолди, балки президент Мирзиёевнинг кичик куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан бирга йирик спорт тадбирларида кўриниш берди.

Шу йил ёзида қамоққа ташланган "Саидазиз медгородок" лақабли Саидазиз Саидалиев шу кунларда Тошкентда яна суд залига келтирилди.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари буйича апелляция хайъати Саидалиевга нисбатан 5 августда чиқарилган ҳукм устидан унинг ҳимоячилари киритган шикоят аризасини кўриб чиқмоқда.

"Саидазиз медгородок" ёки Саидазиз Саидалиев Тошкентдаги судда. 11 июнь, 2024
"Саидазиз медгородок" ёки Саидазиз Саидалиев Тошкентдаги судда. 11 июнь, 2024


36 яшар Саидалиев, халқ тилида “кўча” деб аталадиган жиноят оламида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган ёш авторитетлардан бири кўрилади.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди шу йилнинг 5 август куни Саидалиевга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган ва бу муддатни умумий колонияда ўташни белгилади.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида ўтган илк босқич маҳкамада Саидалиев ўзига нисбатан қўйилган айбловларни инкор қилди.

Ҳозир апелляция тартибида бораётган маҳкамадан хабардор тошкентлик манбага кўра, Саидалиев судга Тоштурмадан келтирилмоқда:

“Саидалиевга тергов 17 та эпизод билан айблов қўйган. У фақат ўзбошимчалик қилган бўлишим мумкин, лекин бошқа жиноятларни қилмадим, деяпти. Адвокатлари ҳам фақат 229-модда (ўзбошимчалик) бўйича айби бор, бошқа айбловлар судда тасдиқланмади, деяпти. Жиноий гуруҳга бирлаштириб юборилган қолган тадбиркорларга қўйилган айблар ҳам тасдиқланмади судда. Лекин судья инобатга олмади. Апелляцияда қандай бўлади, ҳозирча номаълум”.

Манбага кўра, Саидазиз Саидалиев шу ҳафтанинг душанба куни ички тартибни бузди, деган сабаб билан Тоштурмада 10 кунга тергов изоляторига ташланган. Бу унинг иккинчи бор жазо изоляторига ташланиши, демоқда манба.

Шунингдек, Саидалиевга нисбатан жисмоний қийноқлар қўллангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Салим Абдувалиевнинг Тошкент шаҳар ИИББ эълон қилган сурати. 5 декабрь, 2023
Салим Абдувалиевнинг Тошкент шаҳар ИИББ эълон қилган сурати. 5 декабрь, 2023

Саидазиз Саидалиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик), 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 277-моддаси (безорилик), 211-моддасида (пора бериш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Ўша кезда маҳкаманинг бир қисми маҳаллий журналистлар учун очиқ ўтди. Суддаги савол-жавобларда айрим қизиқ эпизодлар тилга олинди.

Жумладан, "Саидазиз медгородок"нинг Ўзбекистон ва постсовет ҳудудидаги йирик криминал авторитет Салимбой Абдувалиев билан алоқаси сўралди. У Салимбойни “отамдек инсон” деб таърифлади.

“Салимбойвачча” лақаби билан танилган Абдувалиев ўқотар қуролларни ноқонуний сақлашда айбланиб, шу йил март ойида 6 йилга қамалган. Унинг тергови ва ёпиқ ўтказилган маҳкама тафсилотлари жамоатчиликка маълум эмас.

Шунингдек, унинг жазо муддатини қаерда ўтаётгани ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ. Олдинроқ манбалар унинг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тергов ҳибсхонасида ўтиргани, яъни қамоқхонага этап қилинмаганини айтишган.

Айни пайтда, Қирғизистон махсус хизматлари Абувалиевни қирғизистонлик яна бир авторитет, марҳум Қамчи Қолбаев етакчилик қилган жиноий гуруҳни молиявий қўллаганликда айбламоқда.

Бундан ташқари, қирғиз томони уни жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш ҳамда гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилиб, қидирувга берган.

Илк маҳкамада қирғиз томони даъво қилаётган асосий мотив - Салимбойнинг қирғизистонлик марҳум “қонундаги ўғри” Қамчи Қолбаев жиноий алоқалари эпизоди “Саидазиз медгородок”ка нисбатан дастлабки терговда суриштирилгани маълум бўлди.

АҚШ санкцияларига учраган “Коля қирғиз” лақабли Қамчи Қолбаев 4 октябрь куни махсус хизматларнинг Бишкек марказидаги операцияси чоғида отиб ўлдирилганди.

"Бахти Ташкентский" лақабли Бахтиёр Қудратуллаев судда ўзи билан бирга маҳкамага тортилганлар учун енгиллик сўраган.
"Бахти Ташкентский" лақабли Бахтиёр Қудратуллаев судда ўзи билан бирга маҳкамага тортилганлар учун енгиллик сўраган.


Бунинг ортидан Қирғизистон ҳокимият идораларидаги 200 дан ортиқ ишчи ва мулозимлар, жиноий гуруҳларга алоқадорликда айбланиб, кетма-кет ишдан ҳам олинди.

Қирғизистонда ўнга яқин таниқли шахс Абдувалиев билан жиноий тил бириктирганликда гумон қилиниб, терговга тортилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 5 август куни берган баёнотида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди Абдувалиев устидан жиноят иши қўзғатгани ва шу иш доирасида халқаро қидирувга бергани айтилди.

“Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштиришда гумонланади”, дейилади МХДҚ матбуот хизмати хабарномасида.

“Салим Абдувалиев Европага наркотик савдосини ташкил қилган” - айблов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:44 0:00

Озодликниг айрим манбалари 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда бўлган рейдларга, гўёки қирғиз махсус хизматларида пайдо бўлган мана шу жиддий айблов туртки бўлган, деб тахмин қилмоқда.

Ўтган йили ҳуқуқ-тартибот идоралари расман “Долзарб қирқ кунлик” номи берилган рейдлар давомида жиноят оламининг ўнлаб вакилларини қўлга олди.

Расмийлар рейдлар криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ўтказилаётганини айтишган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган Салим Абдувалиевга нисбатан қўшни давлатда илгари сурилган айбловларга Тошкент ҳеч бир шаклда муносабат билдиргани йўқ.

Тошкентда “Саидазиз медгородок” ва бошқалар устидан маҳкамаларда иштирок этаётган адвокатларга кўра, айбловларнинг аксари судда исботини топмаган.

Айрим экспертлар фикрича ҳибсга олишлар ортида ҳокимиятга яқин кучларнинг ўтган йилнинг кузига қадар Қирғизистонда “Коля қирғиз” дейилган Қамчи Қолбаев, Ўзбекистонда эса Салимбойвачча дейилган Абдувалиев назоратида бўлган контрабанда маҳсулотлари савдосини ўз назоратига олиш мақсади турган бўлиши мумкин.

Айниқса, Қирғизистонда Қолбаев ўлдирилгач, Хитойдан келадиган контрабанда маҳсулотлар савдоси мамлакатнинг бугунги ҳукуматига яқин доиралар қўлига ўтгани ёки ўтаётгани иддао қилинади.

Бу иддаони илгари сураётганлар ҳозир Ўзбекистонда ҳукмрон элита вакилларининг криминал шахслар билан тез-тез ёнма-ён кўринаётганини тилга олмоқда.

Ўтган йили "кўча"га қарши рейдлар авжига чиққан паллада жиноят оламида “Граф”, “Ғофурбой” лақаби билан танилганли криминал авторитет Ғафур Раҳимов Тошкентдаги йирик спорт тадбирида президентнинг кичик куёви ва унинг хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан ёнма ён кўриниш берганди.

Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров Тошкентдаги спорт тадбирида.
Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров Тошкентдаги спорт тадбирида.

73 яшар Ғафур-Арслонбек Раҳимов америка дипломатларининг Викиликсга сиздирилган ёзишмаларида ўзбекистонлик криминал авторитет - “Маҳаллий мафия босси” деб таърифланган иккинчи йирик шахсдир.

Бу ёзишмаларда Раҳимовнинг Ўзбекистонга сармоя киритган хорижий ширкатларга босим ўтказган ва улушларини тортиб олгани иддао қилинган.

Шунингдек, уни "Биродарлик халқаси" номли жиноий гуруҳ етакчиси сифатида 2012 йилда АҚШ халқаро қидирувга берган.

Яқинда эса Отабек Умаров жиноят оламида “Равшан Золотой”лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов билан кўриниш берди.

Ғафур Раҳимовнинг жияни бўлган Муҳиддинов 2007 йилда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242- моддаси билан уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш гумон қилиниб қидирувга берилган.

Ўзбекистондан чиқиб кетган Муҳиддинов, 12 йил халқаро қидирувда бўлган, Тошкент сўрови билан Истанбул ва Дубайда ҳибсга олинган ва қамоққа ташланган.

2012 йилда қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов 2019 йил ёзида Ўзбекистонда бўлган.
2012 йилда қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов 2019 йил ёзида Ўзбекистонда бўлган.


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари, ўша кезларда Муҳиддиновнинг "Биродарлик халқаси" (Братский круг) уюшган жиноий гуруҳ етакчи аъзоларидан бири сифатида кўрилганини иддао қилган.

АҚШ Молия вазирлиги ҳужжатларига кўра, “Биродарлик халқаси” аъзоларининг Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фаолият юритади.

​АҚШ Молия вазирлиги Равшан Муҳиддиновнинг тоғаси бўлган Ғафур Раҳимовни ушбу жиноий гуруҳ етакчиси сифатида айблаган. Раҳимов 2012 йилда "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиси сифатида санкцияга тушган эди.

Аммо, 2018 йил июлда Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан қарийб икки йил ўтиб, Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “қидирувдаги шахслар” рўйхатидан олиб ташланди ва Ўзбекистонга қайтди.

Орадан бир йил ўтиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари Равшан Муҳиддиновга нисбатан эълон қилинган қидирув ҳам бекор қилинганини билдирган.

Яқинда тармоқларда Ғафур Раҳимов ва Равшан Муҳиддиновнинг президентнинг кичик куёви Отабек Умаров билан ёнма-ён турган сурат ва видеолари ёйилди.

Хусусан, Муҳиддинов ўзининг Инстаграм саҳифасида ўзбек спортчиларининг қўллов учун унга миннатдорлик билдириб чиқарган видеороликларини улашди.

Президент Мирзиёевнинг куёви ва хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлган Отабек Умаровнинг ўзи, муқаддам АҚШ томони ёки Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, қатор жиноятларда айблаб қидирувга берган шахслар билан ёнма-ён кўриниш берганига бирор изоҳ бермади.

Шунингдек, расмийлар ўтган йил кузида бошланган рейдлар натижаси, хусусан, улар Тошкент ёки мамлакатдаги криминоген вазиятга қандай таъсир кўрсатгани борасида бирон маълумот бергани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG