Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Қирғизистон КХШТ машғулотларини ўтказишдан бош тортди


Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон, Беларус, Тожикистон ва Россия аъзо бўлган.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон, Беларус, Тожикистон ва Россия аъзо бўлган.

Қирғизистон ўз ҳудудида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортди. Ҳарбий машғулотлар 10 октябрь куни бошланиши ва 14 октябргача давом этиши режалаштирилган эди.

Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, бу қарор аллақачон қабул қилинган, лекин 9 октябрь куни жамоатчиликка ошкор этилди. Бунга қадар Ереванда қирғиз дипломатлари мазкур ташкилотнинг низом ҳужжатларига қўшимчалар киритишни таклиф қилган эди. Бироқ унинг мазмуни ошкор этилмаган.

КХШТ раҳбарияти Бишкекнинг мазкур қарорига ҳозирча изоҳ бермади. Қирғизистон ҳукумати ҳам ўз қарори моҳияти юзасидан тушунтириш бермади.

1992 йили ташкил этилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон, Беларус, Тожикистон ва Россия аъзо бўлган.

Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарда “2022 йил октябрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тинчликпарвар кучларининг “Бузилмас дўстлик – 2022” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини Қирғизистон ҳудудида ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди”, деб билдирилган.

“Ҳа, машғулотлар тўхтатилди. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан машғулотларни ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди. Машғулотлар 10-14 октябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Аслида бу қарорнинг қабул қилинганига анча бўлди, уни бугун расман эълон қиляпмиз”, — деди вазирлик ахборот хизмати вакили Тўлқинжон Райимжонов.

Мудофаа вазирлиги расмийси ва Қирғизистон ҳукумати мазкур қарор моҳияти юзасидан тушунтириш бермади. КХШТ раҳбарияти ҳам Бишкек қарорига ҳозирча изоҳ бермади.

Мурат Бейшенов
Мурат Бейшенов

Қирғизистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, ҳарбий эксперт Мурат Бейшенов бу борада фикр билдирар экан, қуйидагиларни айтди:


“Менимча, КХШТ Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятларга муносабат билдириши керак эди. Бироқ ташкилот бош котиби Станислав Зас ва ташкилотга аъзо давлатлар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Вазирлар Маҳкамаси Раиси Жапаров Засни қабул қилганида, у совуққонлик билан ўз фикрини билдирди. Боткенда 63 нафар фуқаромиз ҳалок бўлган бўлса, биз қайси ҳолимизга машғулот ўтказамиз? Россия Украина билан урушда, Қозоғистон ҳам аросатда, Арманистон норози, бу ерда Қирғизистон ва Тожикистон зиддиятда. КХШТ ҳозир цугцванг (шахмат ва шашка ўйинидаги юриш, бу ҳолатда ҳар қандай юриш ўйинчининг вазиятини янада ёмонлаштиради - муҳаррир) позициясида. Шунинг учун мен бу қарорни тўғри деб биламан”.

7 октябрь куни КХШТ ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг Ереванда бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида Қирғизистон томони ташкилот низомига қўшимча киритишни таклиф қилди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуран Ниязалиев у еда “Тожикистоннинг Қирғизистонга ҳарбий тажовузи” тўғрисида чиқиш қилган.

“Ниёзалиев бундан буён қуролли ҳужумларнинг олдини олиш ва барча келишмовчиликларни келишув ва низом асосида тинч йўл билан ҳал қилиш учун ташкилот доирасида механизмларни зудлик билан жорий этишга чақирди. Шу масалада қўшма баёнот қабул қилиш ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг низом ҳужжатларига қўшимчалар киритиш таклиф этилди”, — дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган ҳабарда.

Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев 4 октябрь куни Бишкекда ташкилот бош котиби Станислав Зас билан учрашганида ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти механизмларини жорий этишни тезлаштириш борасида ўз фикрини билдирган.

Марс Сариев
Марс Сариев

Халқаро муносабатлар бўйича таҳлилчи Марс Сариевнинг фикрича, аслида Россия назоратида бўлган КХШТ чуқур инқирозга юз тутган.

“КХШТ ишламаяпти, у энди самарали эмас.Ташкилот амалда таназзулга юз тутган дейишимиз мумкин. Негаки КХШТга аъзо бўлган Россия Украина билан, ташкилотга аъзо бўлган Арманистон Озарбайжон билан, бу ерда эса икки аъзо – Қирғизистон ва Тожикистон бир-бири билан урушяпти. Бу аслида КХШТ обрўсизланганини англатади. Очиғини айтганда, КХШТ Кремль томонидан назорат қилинишини ҳамма жуда яхши тушунади. Менимча, бундай инқироз унинг ҳамма нарсани назорат қила олмагани ва нотўғри бўлганлиги сабабли содир бўлди. Кремль ҳозир катта хатога йўл қўймоқда. Украина ва Кавказни бой бергандан кейин Марказий Осиёда Россияга энг яқин давлат бўлган Қирғизистонни ҳам йўқотиш арафасида турибди”.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 октябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммитида иштирок этмади. Бу учрашув Россия президенти Владимир Путиннинг таваллуд куни ва 70 йиллигига тўғри келди. Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев Жапаровнинг мажлисга келмаганини иш тартиби билан боғлади.

Бунгача Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни “минтақавий хавфсизликни таъминлагани” учун орден билан тақдирлаган ва унинг бу ҳаракати Қирғизистонда қаттиқ танқид қилинган эди.

5 октябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот котиби ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Путиннинг Раҳмонга бўлган ҳурматини танқид қилган баёнот эълон қилди. Натижада Қирғизистон-Тожикистон ташқи ишлар вазирликлари бир-бирига нота топширди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар охирги чегарадаги тўқнашувдан сўнг кескинлашган.

Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган навбатдаги отишмаларда Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлди.

Расмий Бишкек буни Тожикистоннинг “қуролли ҳужуми ва тажовуз”и сифатида баҳолади ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини маълум қилди. Душанбе эса айбни Қирғизистон томонига юкламоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилда чегарадаги можароларда 41 фуқаро ҳалок бўлгани ва 200 га яқин фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берди. “Озоди” радиоси ўз манбаларига таяниб, 74 киши рўйхатни эълон қилган. Бироқ, маълумотни бошқа мустақил манбалардан текширишнинг иложи бўлмади.

Форум

XS
SM
MD
LG