Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 05:39

Катя, Маша ва Владимир Путин. Россия президенти илк бор қизлари билан кўриниш берди


Катерина Тихонова, Владимир Путин ва Марина Воронцова (чапдан ўнгга)

Бир неча кун олдин бўлиб ўтган Санкт-Петербург иқтисодий форумида “тарихий воқеа” юз берди: Россия президенти Владимир Путин илк бор ўз фарзандлари – Катя ва Маша билан бирга тадбирда иштирок этди. Улар Путиннинг расман ҳозирча тан олинмаган қизлари бўлиб, бири – Тихонова, иккинчиси Воронцова фамилиясида.

“Озодлик” радиоси рус хизмати Путин қизларининг мутахассис ва раҳбар сифатидаги аҳамияти, уларнинг биринчи марта бу тахлит оммавий кўриниш бериши сабаблари ва бундан кўзланган мақсад хусусида Карнеги фонди таҳлилчиси Андрей Колесников, “Инсайдер” журналисти Сергей Ежов ҳамда телетанқидчи Александр Мельманлар билан суҳбатлашди.

Сергей Ежовга кўра, бу икки аёл Путиннинг қизлари эканлиги эндиликда “сирлиги қолмаган сир”. Шунга қарамай, уларнинг отаси билан бирга Форумда иштирок этгани катта воқеа бўлган. Аммо Россия президенти ҳозирча “фақат қонуний никоҳдан туғилган” болаларини кўрсатиш билан чекланиб қолмоқда.

“Ҳамкасбларимиз ўтказган суриштирувларга кўра, Путиннинг Питерда камида бир нафар никоҳсиз туғилган қизи бор. Яна Алина Кабаеванинг эҳтимол бир неча фарзанди бўлиши мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак”, дейди у.

Карнеги фонди таҳлилчиси Андрей Колесников бу воқеани Путиннинг мамлакат бошқарувини авлодларига бераётгани нишонаси сифатида кўрганини айтади. “Бир пайтлар Назарбоев ва Каримов шундай йўл тутган эди, Лукашенко шунга ҳозирлик кўрмоқда, мана энди Путин ҳам”, дея ўз мулоҳазасини билдирган Колесников.

Россия раҳбарининг иккала эҳтимолий қизи ҳам юқори лавозимларни эгаллаб, профессионал фаолият билан шуғулланади. Айниқса, Екатерина Тихонованинг иши бу борада кўпроқ қизиқиш уйғотиши табиий. Зеро, у Математик тадқиқотлар институти таркибидаги Миллий интеллектуал захиралар маркази раҳбаридир.

Дарвоқе, Тихонованинг бевосита бошлиғи бўлмиш Институт директори Садовничий айни пайтда МДУ ректори ҳам. Бу лавозимга уни Путиннинг ўзи, академик таълим қоидаларига хилоф равишда қайта тайинлаган эди...

“Биринчи шахс қизлари”нинг профессионал жиҳатларига тўхталаркан, Колесников, хусусан, касби эндокринолог бўлган Мария Воронцованинг иқтисодий форумда спикерлик қилиши ғалатироқ бўлиб, эҳтимол, у илк марта катта медиадаврада пайдо бўлгани учун ўзини бир оз ноқулай сезганига қарамай, ҳар ҳолда мулоҳазали кўринганини, яъни “сўзлаётган сўзининг маъносини билиши аниқ”лигини айтади.

Юқорида эслатганимиздек, гарчи сир аллақачон фош этилган бўлса-да, Путиннинг ўзи қизларини расман тан олмаган. Қатор мустақил ОАВ вакиллари турли пайтларда Россия президентига шу ҳақда тўғридан-тўғри савол бериб, тилидан тутишга уринган бўлса ҳам, бундан натижа чиқмаган. Масалан, сўнгги катта матбуот анжуманида Би-би-си мухбири Фарида Рустамова Путиндан “Екатерина Тихонова сизнинг қизингизми?” деб тикка сўраганида ҳам у аравани қуруқ олиб қочганди.

“Озодлик” мухбири шуларни назарда тутган ҳолда телетанқидчи Александр Мельманга юзланиб, россиялик журналистлар шу саволни қизларнинг ўзларига бера олиши-олмаслиги ҳақида сўради.

“Йўқ, бу табу. Ёзилмаган қонун-қоидаларни ҳамма билади. “Сиз ўшами?” деб савол берган журналистнинг ҳолига вой. 2008 йилда Алина Кабаева билан Путин турмуш қуришгани ҳақида ёзгани учун очилганига икки ой тўлмасдан ёпилиб кетган "Московский корреспондент" газетасининг тақдири россиялик журналистларга унутилмас сабоқ бўлган”, деб жавоб берди телетанқидчи.

Форум доирасида кечган суҳбатлардан бирида Тихонова, чет эл инвестициясини жалб қилиш ҳақида гапираркан, бир исмни тилга олди: Кирилл Александрович. ОАВда уни Кирилл Александрович Дмитриев, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раиси ўлароқ танишади. Энг муҳими, кўпчилик уни “Путиннинг вориси” деб ҳисоблайди.

Сергей Ежов унинг шахсига ва президентнинг унга нисбатан ҳусни таважжуҳига ойдинлик киритиб берди.

“Дарҳақиқат, Дмитриев биринчи шахс оиласига жуда яқин. Унинг хотини Тихонова билан дугона, Екатерина Тихонова билан Кирилл Шамаловларнинг никоҳ тўйида иштирок этгани бизга маълум. Анчадан бери у Россияга келадиган энг йирик пул оқимини назорат қилади. Қанақадир вазир ёки президент маъмурияти амалдори эмас, расмий лавозимда бўлмаган одамга бу қадар ваколат берилиши жуда аниқ сигнал. Яъни, бўлғуси ворис бўлмаган тақдирда ҳам, шубҳасиз, Путин севган, у ниҳоятда катта ишонч билдирган ва шахсан ҳомийлик қиладиган кишилардан бири бу Дмитриев. Давлат учун амалий жиҳатдан ғоят фойдали кадр”, дейди Ежов.

Яна айрим тахминларга кўра, қизларнинг отаси билан бирга кўриниш бериши Путин имижини яхшилашга қаратилган пиар-кампания бўлиши мумкин. Бу билан гўё жамоатчиликка: “Мана, кўриб қўйинглар, бу президентнинг фарзандлари. Аммо улар хорижда ялло қилиб юришгани йўқ. Улар шу ерда, Россияда ва Россия манфаатлари учун меҳнат қилмоқда”, демоқчи бўлишган.

XS
SM
MD
LG