Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Президент фармойиши: Фермерлар ҳисобидан камбағалликни қисқартириш


Президент камбағалликни қисқартириш учун аҳолига ер ажратиб бериш ҳақида топшириқ берган эди.
Президент камбағалликни қисқартириш учун аҳолига ер ажратиб бериш ҳақида топшириқ берган эди.

Андижон вилоят, Бўстон тумани ҳокими Санобар Носирова фермерларга ҳар гектар буғдой ҳисобидан 300 минг сўмдан нақд пулни ҳокимиятга топширишни ва бу пул кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳақида топшириқ берди.

Бу хабарни Озодликка айтган бўстонлик фермерларнинг айтишича, бундан ташқари ҳоким ҳар бир фермер хўжалигига ерининг 10 фоизини ўз ихтиёри билан захирага топшириш ҳақида ариза ёзиш мажбуриятини юклаб, бу ерлар кам таъминланган оилаларга бўлиб берилишини айтган.

Бундай қарорларнинг ҳуқуқий тасдиғини талаб қилган фермерлар ҳокимнинг “қора рўйхати”га киргизилмоқда.

Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Зокиржон Дармонов ҳар бир фермернинг 10 фоиз ерини олиб камбағалларга бериш президент топшириғи эканлигини таъкидлар экан, айни пайтда кластернинг ихтиёридаги ерларга “тегмаслик” ҳақида буйруқ бўлганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган ўндан ортиқ фермер туман ва вилоят ҳокими томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб исми сир қолишларини илтимос қилди.

Фермерларнинг айтишича, туман ҳокими Санобар Носирова фермерларнинг хўжалик ишларига аралашишдан тўхтамаяпти ва ноқонуний топшириқларни бажаришга мажбур қилмоқда.

Бўстонлик фермернинг айтишича, фермерларга кўзда тутилмаган солиқлар солиш, туман ҳокимининг анъанавий иш услубига айланган:

“Ҳоким март-апрель ойида ҳар гектар ер ҳисобидан 50 минг сўмдан чек ёздириб олган эди. Уни бир амаллаб тўплаб берган эдик. Энди эса буғдойдан бўшаган ҳар гектар ер ҳисобига 300 минг сўмдан берасизлар, биз уни кам таъминланган оилаларга берамиз деган мажбурият қўйди. Бу гапни мажлисда ҳам айтган ва ҳар бир фермер билан учрашганда ҳам алоҳида тайинлаяпти. Масалан, менинг 20 гектар буғдойим бор бўлса, 6 миллион сўм беришим керак экан. Биз массив раисларига берамиз, у эса ҳокимга етказади экан. Бу криминал йиғим. Ҳайрон қолганим ҳоким бундан қўрқмаяпти. Туманда 3-4 минг гектар буғдой бўлса, ундан йиғилган пул қанча бўлиб кетади, ҳисоблаб олаверасиз”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, кам таъминланган оилаларга деб йиғилаётган пулнинг аслида ҳисоботи бўлмайди:

“Бу аслида фирибгарчилик. Ҳудудларда буғдойдан яхши даромад кўрган фермерлар имкони борича ўзлари кам таъминланган оилаларга буғдой ёки пул шаклида моддий ёрдам беряпти. Ҳамма билиб турибди, бу пуллар қаерга, кимнинг чўнтагига кетишини. Қолаверса ҳокимнинг бундай талаб қўйиши жиноят. Ҳозир тумандаги ярим фермердан пул йиғиб олинди, ярми эса қочиб юрибди. Жуда қизиқ ҳолат. Нега ҳоким кластернинг еридан олиб бермайди. Яқин 2000 гектар ер кластерда, расвоси чиқиб ажириқ босиб ётибди. Ҳоким фермерга қайишадиган эмас, балки кластернинг иш бошқарувчисига ўхшайди”.

Фермерларнинг сўзларига кўра, туман ҳокими фермер хўжаликларидан ерининг 10 фоизини ўз ихтиёри билан туман захирасига топшириш ҳақида ариза ёзишга мажбурланмоқда.

“Туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи биргаликда массивларга бориб, “президентнинг топшириғи бор, аҳолига, ишсизларга 10 сўтихдан бир гектаргача ерни беришинг керак” деган сиёсатни олиб боришяпти. Лекин бунинг тагида хом нарса бор. Хомлиги шундаки, президент топшириқ қилгани билан уни қандай амалга ошириш механизми, қонуний-ҳуқуқий томонлари ишлаб чиқилмаган. Булар эса фермерлардан мажбурий ариза ёздириб олишяпти. Ерни давлат фермерга ижарага берган, агар давлат эҳтиёжи учун олиши керак бўлса унинг ўз йўл-йўриқлари бор. Лекин улар бу усулни қўлламаяпти. Бир томондан ҳуқуқий саводсизлик кетяпти, иккинчи томондан фермернинг ҳақ-ҳуқуқлари камситиляпти”.

Бўстон тумани ҳокими Санобар Носированинг телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.

Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Зокиржон Дармонов фермерлардан буғдой гектари ҳисобига 300 минг сўмдан пул йиғилаётганидан хабари йўқлигини айтар экан, фермерлардан ерининг 10 фоизи давлат захирасига топшириш ҳақида ариза ёзиб олиш тадбири олиб борилаётганини тасдиқлади:

“Президентимиз бу ерни берасан, ишсизларни камайтирайлик, деяпти. Ҳозир беринглар деб айтяпмиз. Бировни мажбурлаганимиз йўқ. Бериш керакда энди. Менинг ўзимнинг ерим йўқки, берай десам. Бегонага бер демаяпмиз, ўзингнинг қишлоғингдан, кам таъминланган оилаларга бер деяпмиз. Бошқа кимдан оламиз. Ер фермерда-да”.

Озодликнинг “нега кластер еридан эмасу, айнан фермер еридан оляпсизлар” деган саволига ҳоким ўринбосари:

“Кластердан олма деяпти. Вилоятдан шундай топшириқ бўлди. Чорвадан, сабзавотдан олинмасин, фақат пахта ва ғалладан олинсин, деяпти”, деб жавоб берди.

Ўзбекистонда фермерлар ери ҳисобидан кам таъминланган оилаларга ер ажратиб бериш амалиёти ўтган йили президент баёнотидан кейин амалга оширила бошланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда кам таъминланган оилаларга ер ҳақида гапирган эди:

“Тарихий қарорлар қабул қиляпмиз. Ерни халққа бўлиб берамиз. 10 йилга ижарага берилади, кам таъминлаган, ишсиз юрган одамлар олишади. Бир неча марта ҳосил олишади, ҳатто олган ғалласини ҳам ўзига қолдирамиз.

Энди вазифамиз фақат ер бериш эмас, ўша ердан қандай даромад топишни ўргатишимиз керак. Замон ўзгаряпти, биз замондан орқада қолмаслигимиз зарур. Етиштирилган маҳсулотлар сотиб олинадиган тизим яратилиши керак”.

Ўтган йили президент гаплари асосида республика бўйлаб фермерлар еридан кам таъминланган оилаларга ер ажратиб бериш тадбири бошланди. Аммо фермер ёки тадбиркор ихтиёридаги ердан қандай ажратиб бериш қонуний механизми ишлаб чиқилмади. Оқибатда, эса бу янги ҳуқуқий муаммоларни юзага келтирди.

Олий Мажлис депутатати Расул Кушербавенинг Қишлоқ хўжалиги вазирлигига саволлари.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:38 0:00

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати 26 июль куни Қишлоқ хўжалиги бўйича парламент эшитувида бу муаммони кўтарган эди:

“Мана “темир дафтарлар”, “ёшлар дафтари” ҳақида гапирдингиз. Биз қўллаб қувватлаймиз, яхши бўляпти, гап йўқ. Лекин ўша “темир дафтар”лар учун ажратилаётган ерлар кимнинг ҳисобидан ажратиляпти? Албатта фермер ёки тадбиркорга бириктирилган ердан ажратиляпти. У розими, йўқми, бу ҳисобга олинаётгани йўқ? Келяпти, ажратиб берасан, деб. У ажратилган ернинг солиғини ким тўлайди, унинг режасини ким бажаради? У билан ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти. Ўтган йили шу амалиёт қилинди. Мана бу йил ҳам бир қисм қилинди, бир қисм қилинмади. Кўзбўямачилик ҳам қоп кетди, фермерлар кимга додини айтишни билмади. У берган ерини олган оилалар на солиғини тўлади, на бошқа қилмади, фермерни ўзининг бўйнида қолиб кетди. Хўп, бу масаланинг қонуний-ҳуқуқий асоси нима бўлади? Бу масъулиятни ким бўйнига олиши керак?”

Форум

XS
SM
MD
LG