Тошкентга АҚШдан депортация қилинган Ўзбекистон фуқаролари олиб келинган навбатдаги чартер рейси қўнди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги "Дунё" ахборот агентлиги хабар қилди.
Маълумотга кўра, бу сафар АҚШдан Ўзбекистонга 18 нафар фуқаро қайтарилган.
Ташқи ишлар вазирлиги қайтиш жараёнини "Ўзбекистон ва АҚШ ваколатли идораларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги натижаси" деб атади.
"Икки томонлама ҳамкорлик доирасида фуқароларни идентификация қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларни хавфсиз ташишни таъминлаш каби барча ташкилий ва ҳуқуқий масалалар тезкор тарзда келишиб олинди", — дейилади хабарда.
Июн ойида ҳам АҚШдан депортация рейси орқали 26 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилгани хабар қилинган эди. Gazeta.uz маълумотига кўра, бундай рейслар жорий йилнинг май, март ва январь ойларида ҳам амалга оширилган.
Дональд Трамп 2025 йил январда АҚШ президенти лавозимига киришгач, унинг маъмурияти мамлакатда ноқонуний яшаётган муҳожирларни оммавий депортация қилиш дастурини бошлаган эди. Расмий маълумотларга кўра, Трампнинг иккинчи президентлик муддатининг биринчи йилида АҚШдан 600 мингдан ортиқ киши депортация қилинган, яна 1,9 миллион ноқонуний муҳожир эса мамлакатни ихтиёрий тарк этган.
Йил бошида Газета.uz бир йил давомида АҚШдан Ўзбекистонга қарийб 700 нафар фуқаро депортация қилинганини ёзган эди.
АҚШдан Ўзбекистонга яна 18 нафар шахс депортация қилинди