Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2022, Тошкент вақти: 19:18

Истанбулдаги портлаш: Гумондор аёл шахси очиқланди. Мирзиёев Эрдўғонга таъзия йўллади


Истиқлол кўчасида 6 кишининг умрига зомин бўлган портлаш ерига истанбулликлар гуллар олиб келишмоқда, 2022 йил 14 ноябри

Истанбулнинг Бейўғлу мавзеи Истиқлол кўчасидаги портлаш содир бўлган жойга бомбани ташлаб кетганликда суриялик Аҳлам Ал-Башир гумонланмоқда.

Истанбул вилоят полиция бошқармаси иддаосига кўра, аёл ҳужумга оид буйруқни Курдистон ишчи партияси/Демократик бирлик партиясининг Кобанидаги марказидан олганини айтган. Бу ташкилотларни Анқара террор ташкилотлари деб ҳисоблайди.

Истанбул полицияси қайдича, сўроқ пайтида Аҳлам Ал-Башир курдларнинг қуролли гуруҳларининг Сурия ҳудудидаги лагерларида тайёргарликдан ўтганини маълум қилган.

Истиқлол кўчасидаги портлаш содир бўлган жойга бомбани аёл киши томонидан ташлаб кетилгани бўлиши мумкинлигини аввалроқ Туркия вице-президенти Фуат Ўктай билдирган эди.

Истанбул полицияси портлаш ортидан 1200 дан зиёд кузатув камераси ёзувлари кўздан кечирилгани, 21 та манзилда амалиёт ўтказилиб, воқеага алоқадорликда гумонланган жами 46 нафар шахс қўлга олинганини очиқлаган.

Истиқлол кўчасидаги портлаш 13 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:20 ларда юз берган.

Туристлар гавжум Истиқлол кўчасида содир бўлган портлаш чоғида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон берган маълумотига кўра, 6 киши қурбон бўлиб, 53 нафар киши яраланган. Кейинчалик ҳодиса чоғида яраланган сони 81 кишига етгани айтилди.

IMG_4819.MP4
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:04 0:00

Портлаш Истанбул марказидаги пиёдалар учун мўлжалланган Истиқлол кўчасида содир бўлди.

Истанбул ҳокими Али Ерликая портлаш оқибатида қурбонлар борлигини тасдиқлади:

Ali Yerlikaya
Ali Yerlikaya

"Бугун соат 16.20 атрофида Бейўғлу туманимиздаги Таксим Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди.

Воқеа жойига полициямиз, соғлиқни сақлаш, ўт ўчириш ва АФАД гуруҳларимиз жўнатилди.

Қурбонлар ва жароҳатланганлар бор.

Тафсилотлар жамоатчиликка етказилади", деб ёзган Али Ерлиқая ўзининг Твиттер саҳифасида.

Истанбул Бош прокуратураси портлашни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолади.

"Биз олган маълумотларга кўра, бу теракт, бу худкуш-террорчи бўлиши мумкин; улар портловчи моддалар билан тўлдирилган сумка ҳақида ҳам гапиришяпти", - деди CNN Турк мухбири Фуля Ўзтурк.

Дастлабки тергов натижалари ҳам, президент Эрдўғонга кўра, ана шунга ишора қилмоқда. Портлаш учун масъулиятни ҳали ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Сўнгги йилларда Туркиядаги энг йирик шаҳар бўлган Истанбулда бир неча портлаш “Ислом давлати” террор гуруҳи томонидан содир этилганди.

Бу орада Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳозирга қадар Истиқлол кўчасида содир бўлган портлашда жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар бўлганига оид маълумот йўқлигини билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати президент Шавкат Мирзиёев Истанбулдаги портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллагани ҳақида хабар берди.

Мирзиёев ўз таъзияномасида ҳодиса чоғида вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.

Мирзиёевнинг Туркия президентига таъзияномаси Истанбулда портлаш содир бўлганидан қарийб бир сутка ўтиб йўлланган.

14 ноябрь куни эрталаб Истанбул марказидаги Истиқлол кўчасида содир этилган терактда гумонланаётган шахс қўлга олингани ҳақида Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу TRT Haber телеканалида қилган чиқиши чоғида билдирди.

Вазирнинг айтишича, “бомбани жойлаштирган шахс қўлга олинган”, қўлга олинган шахс Анқара террорчи ташкилот сифатида эътироф этадиган Курдистон ишчи партиясига мансубдир.

Ички ишлар вазири яраланган 81 кишидан 50 нафари биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйларига жўнатилгани, 5 киши реанимацияда экани, 2 кишининг аҳволи ўта оғирлигини таъкидлади. Камида 6 киши ҳалок бўлган.

Туркия вице-президенти Фуат Ўктай Anadolu агентлигига берган интервьюсида портловчи мосламани террорчи аёл ҳаракатга келтирганини айтди. Anadolu хабарида террорчи аёл тўғрисида бошқа маълумот берилган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG