Нетаняху: “Исроил уруш қонунларига амал қилади”
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Тел-Авивдаги Исроил мудофаа штаб-квартирасида шанба куни (18-ноябр) ўтказилган брифингда “Исроил уруш қонунларига амал қилади” деди.
“Исроил уруш қонунларига амал қилади. Дунёдаги энг ахлоқли армия - бизнинг армиямиз шундай ишлайди. Халқаро ёрдамни қўллаш учун инсонпарварлик ёрдами ҳам жуда муҳимдир. Гуманитар ёрдам бўлмаса, ҳатто энг яхши дўстларимиз ҳам вақт ўтиши билан бизни қўллаб-қувватлашга қийналади ва урушни охиригача давом эттириш биз учун жуда қийин бўлади”.
Шанба куни Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги турар-жой ҳудудларига уюштирган ҳужумларида камида 47 киши ҳалок бўлди. Айни пайтда БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги қочқинларга бошпана берган шимолдаги мактабда яна ўнлаб киши ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида хабар қилди.
Фаластин президенти Байденни Исроилга босим ўтказишга чақирди
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос АҚШ президенти Жо Байденга мурожаат қилиб, Исроил операциясини тўхтатиши учун босим ўтказишни сўради:
«Президент Байден, сизни барча расмий ва инсоний ваколатларингиз доирасида ушбу инсоний фалокатни, бегуноҳ халқимизга қарши қирғинни тўхтатишга чақираман. Тарих бу жиноятни содир этганларни кечирмайди. Ғазода қамалда қолган халқимизга ёрдам беришга чақираман. Бу уруш зудлик билан тўхтатилиши керак. Қандай қилиб бу геноцид ўзини ҳимоя қилиш бўлиши мумкин? Бу геноцид жазога тортилиши керак бўлган уруш жиноятидир».
АҚШ президенти Жо Байден Фаластин маъмурияти Исроил-Ҳамас урушидан кейин Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни бошқариши кераклигини таъкидлаган.
«Қон тўкилиш тўхтамаяпти» - фаластинликлар ўз яқинларини Хон Юнисда дафн этмоқда
Исроил шимолни эгаллагандан сўнг Ғазо жанубига ҳужум бошланиши ҳақида огоҳлантирди. Фаластинликлар ўз яқинларини Хон Юнисда дафн этиш учун йиғилди.
Исроилнинг юқори мартабали манбаси ва икки собиқ амалдорнинг сўзларига кўра, Ғазо жанубига юриш шимолдагидан кўра мураккаброқ ва ҳалокатлироқ бўлиши мумкин, чунки ҲАМАС жангарилари ҳам Хон Юнис ҳудудида жойлашган.
«Ҳаммага маълум, вазият тобора оғирлашиб бормоқда, қон тўкилиш тўхтамаяпти, ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро ҳаракатлар бўлмаяпти, одамларни қириб ташлаш учун душманга яшил чироқ ёқилди. Улар болами, аёлми, фуқароми, қуроллими, қуролсизми ҳаммани йўқ қилишга қарор қилгандек ҳаракат қилмоқда», дейди ғазолик Абу Зайд Қадий.
Исроил Жабалия қочқинлар лагерига зарба берди. Ҳужум оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди
Исроил кучлари кеча Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумида бир қанча фаластинлик қурбон бўлди. Маҳаллий расмийлар вайроналар остида одамлар борлигини билдирди.
«Бугун эрталабдан бери Жабалия лагерига ракеталар келиб тушмоқда. Жабалия лагери ўртасида жойлашган бутун бир турар-жой мажмуаси нишонга олинди. Кўриб турганингиздек, бомбардимондан кейин улкан чуқур ҳосил бўлди. Бу ерда 15 киши вайроналар оатида қолиб кетган. Уч кишининг жасади чиқариб олинди ва биз қолганларни қидиришда давом этяпмиз», дейди тез тиббий ёрдам ходими.
Техникалар етишмагани боис фуқаро мудофааси кучлари ва тинч аҳоли омон қолганлар ва жасадларни олиб чиқиш учун вайроналарни қўлда ковлашга мажбур бўлмоқда.
«Тирик қолганлар ва жасадларни тортиб олишда жуда қийналяпмиз. Омон қолганларни олиб чиқишга эътибор қаратяпмиз. Кўриб турганингиздек, икки қўл билан ишлашга мажбурмиз. Битта экскаватор бор эди у ҳам ишдан чиқди. Бульдозер ҳам бузилди. Кўплаб тез ёрдам машиналари ёнилғи тугагани сабабли ишламаяпти», дейди тез тиббий ёрдам ходими.
Исроил-Ҳамас можароси 7-ҳафтага кирар экан, Ғазо сектори расмийлари ҳалок бўлганлар 12300 кишига етгани, улардан 5000 нафари болалар эканини маълум қилди.