БМТ Хавфсизлик кенгаши ҲАМАС-Исроил уруши юзасидан илк резолюцияни қабул қилди
БМТ Хавфсизлик кенгаши 15 ноябрда Мальта томонидан таклиф қилинган ҲАМАС-Исроил уруши юзасидан резолюцияни қабул қилди. Уни Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган 15 давлатдан 12 таси қўллади. Россия, АҚШ ва Британия бетараф қолди. Бу ҳақда БМТ сайтида маълум қилинди.
Резолюцияда томонлар “жанг бораётган ҳудудларга гуманитар ёрдам етиб бориши” учун Ғазода зудлик билан узоқ муддатли оташкесим эълон қилишга чақирилади.
Резолюцияда ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар “ҳеч қандай шартларсиз зудликда гаровга олинганларни, биринчи навбатда болаларни озод қилиши шарт”лиги таъкидланган. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Бу БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан бери қабул қилинган илк резолюциядир. Бунга қадар кенгашда резолюциянинг турли лойиҳалари муҳкоама қилинган, лекин улардан бирортаси ҳам қабул қилинмаган эди. Ҳусусан, АҚШ Бразилия ишлаб чиққан лойиҳага, Россия ва Хитой эса АҚШ ишлаб чиққан лойиҳага вето қўйганди.
Исроил ҲАМАС гаровдагиларни озод қилмагунича гуманитар танаффус эълон қилишга чақириқлар ассиз деган нуқтаи назарни билдирди.
“Исроил ҲАМАС йўқ қилинмагунига қадар ва гаровдагилар озод этилмагунича ўз ҳаракатини давом эттиради”, - деди Исроилнинг БМТдаги вакилии Гилад Эрдан.
Эрдўғон: "Исроил террор давлати"
Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон Исроилни “террор давлати” деб атади.
Эрдўғон Исроил Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар содир этувчи ва халқаро қонунларни бузаётганини таъкидлади.
“Чин кўнгилдан айтаманки, Исроил бир террор давлатидир”, - деди Эрдўғон.
У Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи террорчи эмаслиги ҳақидаги фикрини яна бир бор такрорлаб, бу фаластинликлар томонидан сайланган сиёсий партия эканлигини қўшимча қилди.
Туркия президенти парламенти аъзолари билан суҳбатлашди ва бу нутқи давомида у Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхуни Исроилда ядровий бомба бор ёки йўқлигини эълон қилишга чақирди.
Исроил Ал-Шифа касалхонасида Ҳамасга қарши “аниқ ва мақсадли” операция ўтказаётганини айтмоқда
Исроил армияси 15 ноябр, чоршанба куни Ғазодаги Ал-Шифа касалхонасида Ҳамасга қарши “аниқ ва мақсадли” операция ўтказаётганини маълум қилди.
Армия матбуот воизи бир неча ҳафталик жанглар давомида беморлар, кўчирилганлар ва тиббиёт ходимлари қамалиб қолган Ал-Шифага уюштирилган рейдлар бошида бир неча Ҳамас жангариси йўқ қилинганини айтди.
"Разведка маълумотларига асосланиб, Исроил кучлари Шифа касалхонасининг белгиланган ҳудудида Ҳамасга қарши аниқ ва мақсадли операция ўтказмоқда. Касалхонани жонли қалқон сифатида суиистеъмол қилишни тўхтатиш учун етарлича вақт бердик. Исроил шунингдек касалхонани кенг миқёсда эвакуация қилишга ёрдам беряпти, йўлак очилган ва касалхона раҳбарияти билан мунтазам мулоқот олиб боряпти”, - деди Исроил армияси матбуот воизи Даниел Ҳагари.
Халқаро инсонпарварлик ташкилотлари Исроилнинг “Ал- Шифа” касалхонасига рейдларидан жунбушга келган.
БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг инсонпарварлик масалалари бўйича муовини Ғазодаги бир нечта касалхоналардаги даҳшатли вазият ва кўп сонли ўлимлардан хавотирга тушганини таъкидлади.
“Ғазодаги Ал-Шифа касалхонасига ҳарбий рейдлар уюштирилгани ҳақидаги хабарлардан даҳшатга тушдим. Янги туғилган чақалоқлар, беморлар, тиббиёт ходимлари ва барча фуқароларнинг ҳимояси ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. Касалхоналар жанг майдони эмас”, - деди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича муовини Мартин Гриффиц.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Ал- Шифа” касалхонаси “қабристонга айланиши”дан хавотир билдирган.
Исроил армияси Ғазодаги Аш Шифа касалхонаси ҳудудини эгаллади
Исроил армияси Аш Шифа касалхонаси ҳудудини эгаллагани ва бу ерда ҲАМАС радикал гуруҳига қарши “мўлжалли амалиёт”ни бошлаганини билдирди. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот қаторида тан олинган.
ЦАХАЛ Х ижтимоий тармоғида амалиёт ҲАМАС тирик қалқон сифатида қўллаётган тинч аҳолига зарар етказмаслик учун тиббиёт ходимлари ва араб тилини биладиган шахслардан иборат гуруҳ иштирокида олиб борилаётганини хабар қилди.
Воқеа жойида бўлган Al Jazeera мухбири касалхона ҳудудига Исроил танклари кириганини, ЦАХАЛ аскарлари эса бино ичида амалиёт ўтказаётгани ҳақида маълумот берди.
Ҳозирча касалхонада отишма ёки тўқнашув бўлгани тўғрисида хабарлар йўқ.
Исроил ҳукумати мазкур касалхона ҳудудида экстремистларнинг ер ости штаби жойлашганини иддао қилаётир. ҲАМАС эса буни рад этмоқда ва касалхонадаги 650 бемор, камида 5 минг қочқин Исроил снайперлари ва дронлари ҳужумларининг «тузоғига тушиб қолган»ини айтмоқда.
Ғазодаги энг йирик касалхоналардан бири бўлган Аш Шифада қанча киши борлиги тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас.