БМТ расмийлари: Ғазо барқарор таъминотга муҳтож
БМТ расмийлари Ғазога гуманитар ёрдам етказишга чақирмоқда. Анклавга кеча 20 та юк машинасида гуманитар ёрдам етказилди.
Бироқ бу эҳтиёжларни қоплаш учун етарли эмас.
Миср, Халқаро Қизил ярим ой жамияти, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ва ЮНИCЕФ ҳомийлигида тиббий жиҳозлар, озиқ-овқат ва сув ортилган юк машиналари Ғазо секторининг жанубий қисмига етказилди.
ЮНИCЕФ ушбу ёрдам дастурини 44 000 шиша сув билан таъминлади. Бу Ғазонинг 22 000 аҳолисига бир кунга етади, холос.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аденом Гебрейесус Ғазо эҳтиёжлари юборилган ёрдамдан анча юқори эканлигини айтди.
Жаҳон озиқ-овқат дастури Ижрочи директори Синди Маккейн Ғазодаги “фавқулодда озиқ-овқатга қарам миллионлаб одамлар” учун юборилган ёрдамдан “барқарор ва хавфсиз” фойдаланишни таъминлашга чақирди.
БМТ Ғазодаги асосий эҳтиёжларни қондириш учун кунига 100 та юк машинасида ёрдам кераклигини айтди. Синди Маккейн урушдан олдин Ғазога ҳар куни 400 га яқин юк машинаси келганини қўшимча қилди.
Икки фуқароликка эга фаластинликлар Рафаҳ чегара пунктида эвакуацияни кутмоқда
Исроилнинг қуруқликдан кутилаётган ҳужуми олдидан ўнлаб фаластинлик Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги ягона ўтиш жойи Рафаҳ чегара пунктида тўпланган. Улар чегара очилишини кутмоқда.
Исроилнинг чегара яқинига қатор ҳаво ҳужумларидан сўнг, Миср ҳукумати 10 октябр куни чегара пунктини ёпди.
Бир неча кундан бери қочқинлар Рафаҳ чегара пункти ташқарисида тунамоқда. Улар орасида 10 ёшли Швеция фуқароси Ғазал Абу-Муссалим ҳам бор. У ва отаси Маҳмуд Абу-Муссалим саккиз ойдан бери Ғазода яшаб келаётган ва можаро бошланишидан олдин шу ерда қолишни режалаштирган эди.
«Биз хавфли вазиятдамиз, чегара яқинида ҳаво ҳужумлари содир бўлмоқда. Қизим болалар, аёллар ва қариялар ўлганини кўрди. Болам тунда портлашдан уйғониб кетиб кўчага югуриб, жароҳат олди. Мен унга қўрқма, Швеция элчихонаси бизга ёрдам беради, деб айтаман”, дейди ота.
Икки фуқароликка эга бошқа фаластинликлар ҳам Ғазо секторини имкон қадар тезроқ тарк этиш мақсадида чегара яқинида бошпана топган.
Исроилнинг эвакуация талаби ортидан Ғазо шимолида яшовчи бир миллиондан ортиқ фаластинлик ўз уйини тарк этди.
Миср фаластинликлар ўз ҳудудида қолиши кераклигини айтар экан, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
ЮНИCЕФ расмийси: Ғазодаги бир миллион бола шошилинч ҳимояга муҳтож
ЮНИCЕФнинг Фаластин бўйича махсус вакили Люсия Элми шанба куни Ғазо секторидаги бир миллион бола зудлик билан ҳимоя ва гуманитар ёрдамга муҳтож эканини айтди, чунки можаро энг зарур кундалик эҳтиёжлар танқислигига сабаб бўлиб, маҳаллий аҳолини, айниқса болаларни аянчли аҳволда қолдирди.
Унинг таъкидлашича, Ғазо секторига Рафаҳ ўтиш пункти орқали ўтказилган юклар етарли эмас, шу билан бирга қамалдаги анклавга барқарор ёрдам етказиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери Ғазода жами 4385 фаластинлик ҳалок бўлган, 13560 га яқини яраланган.
Ҳамас-Исроил можароси бошланган 7 октябрдан бери давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида 1,6 миллионга яқин одам, яъни Ғазо аҳолисининг камида 60 фоизи уй-жойини тарк этди.
Ғарбий Соҳилдаги масжидга ҳаво ҳужуми: Исроил иддаосича масжид остида жангарилар мажмуаси бўлган
Якшанба куни эрта тонгда Исроил учоқлари оккупация қилинган Ғарбий Соҳилдаги масжид биносига зарба берди. Исроил ҳарбийлари иддаосича, жангарилар масжиддан ҳужум уюштириш учун фойдаланган.
Фаластинлик шифокорлар ҳужумда камида бир киши ҳалок бўлганини айтган.
Исроил Женин қочқинлар лагеридаги Ал-Ансор масжиди остида ҳарбий мажмуа борлигини иддао қилмоқда ва уни Ҳамас ва Фаластин Исломий Жиҳод жангариларига тегишли эканини айтди.
Видео тасвирларда масжиднинг ташқи деворларидан бирида атрофида ҳужумдан из қолдирган катта ўра борлигини, бир неча ўнлаб фаластинлик зарарни баҳолаётганини кўриш мумкин.
“Биз ёруғликни кўриб, кучли портлаш овозини эшитганимизда кўпчилик ухлаб ётган, баъзиларимиз эса уйғоқ эдик. Ўлган ва яраланганларни кўрдик. Тирик қолганимизга Худога шукр қилдик, Жароҳат олганларни касалхонага олиб бордик. Шундай бўлди”, дейди Али Алдамаг.