ЕИ раҳбарлари Ғазодаги шифохонага “зарба”ни қоралади
Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен Ғазо касалхонасидаги ҳодисани бир неча юз кишининг ўлимига сабаб бўлган “зарба”, деб қоралади:
«Кеча маъносиз фожиа барчамизни ларзага солди. Ғазодаги юзлаб ярадорларга бошпана бераётган касалхона жаҳаннамга айланди. "Ал-Аҳли" касалхонасидан олинган манзаралар даҳшатли ва қайғули. У ерга зарба бериш учун сабаб йўқ. Касалхона тинч аҳоли билан тўла эди. Барча фактлар аниқланиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак. Ушбу фожиали вақтда тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барчамиз саъй-ҳаракатларимизни икки баравар оширишимиз керак”.
Европа Иттифоқи парламенти раҳбари Роберта Метсола эса буни “бомбардимон” деб атади:
“Европа Иттифоқи раҳбарлари кеча Европа Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида учрашган вақтда Ғазодаги "Ал-Аҳли" Баптистлар касалхонаси бомбардимон қилинди ва юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Касалхонадаги вайронагарчиликлар даҳшатли ва буни оқлаб бўлмайди. Яқин Шарқдаги фожиа давом этар экан, содир бўлган воқеаларга ойдинлик киритиш керак. Урушда бегуноҳ инсонлар қони билан тўлов қилмоқда”.
Ҳар икки етакчи тинч аҳоли ҳалок бўлганидан афсусдалигини билдириб, айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.
Путин шифохонага берилган зарбани “фалокат”, деб атади
Хитойга борган Россия президенти Владимир Путин, Ғазодаги шифохонага берилган зарбани “фалокат”, деб атади ва бу ҳолат ушбу зиддиятни дархол тўхтатиш кераклигигига яна бир исботдир, деди:
"Беш минтақавий лидерлар билан мулоқотлардан олган тассуротим шуки - дарвоқе, бу жуда муҳим ва ўз вақтида қилинган мулоқотлар бўлди. Яъни, мен ҳозир сизга тафсилотларни айтмайман, аммо айтмоқчи бўлган муҳим гапим шуки - назаримда, ҳозир ҳеч ким бу можарони давом эттириш ёки кучайтириш, ёҳуд вазият ёмонлашишини истамайди. Фикримча, асосий ўйинчилардан айримлари буни истамаяпти, қолганлари нимадандир қўрқяпти, лекин амалда ҳозир ҳеч ким бу низони давом эттириш ёки катта урушга айлантиришга ҳозирмас”.
Эрон, Ҳамас ва йирик араб давлатлари, шунингдек Фаластин ва Исроил билан алоқаларини ушлаб турган Россия, АҚШ ва Ғарб давлатларини мустақил Фаластин давлатининг 1967 йилдаги чегараларига қайтиш истагини инобатга олмасликда айблаб келади.
Ўзбекистон ТИВ: "Ғазода даҳшатли зўравонлик"
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз баёнотини эълон қилди.
Баёнотда: “Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” касалхонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик”, дейилади.
“Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз”, дейилади яна баёнотда.
Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ва томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирган.
Фаластин раҳбарияти Ғазодаги шифохонани Исроил ҳарбийлари урди, демоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазири буни “қатлиом”, деб атади.
Исроил томони эса шифохонада Фаластиндаги жиҳодчи гуруҳнинг отилмай қолган ракетаси портлади, демоқда. Исломий жиҳод гуруҳи эса буни рад этмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Исроилга етиб борди
Кучайтирилган хавфсизлик назорати остида учоқдан тушган АҚШ президентини Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг ўзи қарши олди.
АҚШ президенти Ғазода 500 киши ўлимига сабаб бўлган шифохонадаги портлашдан бир кун ўтиб, минтақага сафар қилмоқда.
“Ғазодаги шифохонада кеча содир бўлган портлашдан чуқур қайғу ва ғазабдаман. Кўрганларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, буни бошқа бир гуруҳ амалга оширган. Бу сиз эмассиз. Аммо, бунга ишонмаётганлар кўп. Шунинг учун ҳали олдинда иш кўп", деди Байден.
Байденнинг минтақага сафари Яқин Шарқни тинчлантириши ва Ғазога инсонпарварлик ёрдамини енгиллаштириши кутилаётганди. Аммо, "Ал-Аҳли" шифохонадаги ҳодиса Иордания АҚШ президенти Байден, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ва Абдул Фаттоҳ ал Сиси билан режаланган саммитни қолдирди.
Фаластин раҳбарияти Ғазодаги шифохонани Исроил ҳарбийлари урди, демоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазири буни “қатлиом”, деб атади.
Исроил томони эса шифохонада Фаластиндаги жиҳодчи гуруҳнинг отилмай қолган ракетаси портлади, деди. Исломий жиҳод гуруҳи эса буни рад этди.