Ғазо аҳолисидан 24 соат ичида уйларини ташлаб чиқиш талаб қилинди
Исроил армияси Ғазодаги 1 миллиондан ортиқ тинч аҳолини 24 соат ичида жанубга кўчиб ўтишга чақирди.
Исроил Мудофаа вазирлиги ва армияси - ЦАХАЛ Ғазо бўлгаси аҳолисини жанубга эвакуация қилиш зарурлиги тўғрисида БМТни хабардор қилган.
БМТ эса бу каби катта кўламдаги эвакуация “оғир гуманитар оқибатларсиз” бўлмаслигидан хавотир билдирди.
Исроил қуруқликдан ҳужумга ўтиши кутилаётган бир пайтда Исроил Ғазо томон танклардан ўқ уза бошлади.
2,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган ва Исроил томонидан қамалда қолган Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кириш жиддий хавф туғдиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам идораси Ғазода 400 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этгани ва 23 нафар ёрдамчи хизматчилар ҳалок бўлганини маълум қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин Қочқинлар Агентлиги ўзининг амалиёт бошқармаси маркази ва халқаро ходимларини сектор жанубига кўчирганини маълум қилди ва Исроилни бошпаналарга ҳужум қилмасликка чақирди.
Ҳамас жангариларининг ўтган ҳафта охирида 1300 дан ортиқ исроиллик ўлимига сабаб бўлган ҳужумига жавобан Исроил жанговар учоқлари Ғазо секторини бомбалар экан, “Ҳозир уруш вақти”, деди пайшанба куни Мудофаа вазири Йоав Галлант.
Исроил ҳарбийлари яқин кунларда Ғазо шаҳрида «ўта муҳим» амалиёт ўтказишини ва тинч аҳоли фақат "тавсия қилинганда" қайтиши кераклигини айтди. Жавоб ҳужумларида аллақачон 1500 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
HRW Исроилни Ғазога қарши оқ фосфорли ўқ-доридан фойдаланганликда айблади
Human Rights Watch ташкилоти Исроилни Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётларида оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганликда айблаб, бундай қуроллардан фойдаланиш тинч аҳолига жиддий ва узоқ муддатли жароҳатлар етказишини айтди.
Исроил ҳарбийлари «ҳозирда Ғазода оқ фосфорли қуроллар қўлланилганидан хабардор эмаслигини» таъкидлаб, ушбу айбловга изоҳ бермади.
Human Rights Watch ташкилоти Ливан ва Ғазода фосфорли қуроллар қўлланилгани акс этган тасдиқланган видеоматериаллар борлигини билдирди.
Ғазо бўлгасининг аҳоли тиғиз ҳудудларида оқ фосфор ишлатиш халқаро гуманитар ҳуқуққа зиддир. Можаро томонлари тинч аҳолининг яраланиши ёки ҳалок бўлишига йўл қўймаслик учун барча эҳтиёт чораларини кўришлари лозим, дея урғулайди HRW.
2013 йилда Исроил армияси 2008-2009 йиллардаги Ғазога ҳужуми пайтида қўлланилган оқ фосфорли қуроллардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини айтган.
Ўшанда ҳарбийлар душман позицияларини йўқ қилиш учун мўлжалланган фосфорли қуроллардан фойдаланишни қайта кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч нарса демаган.
Ғазода гуманитар инқироз бўлишидан хавотир билдирилмоқда
Ғазо секторидаги тўхтовсиз ҳаво рейдлари, сув, электр ва ёқилғи таъминотидаги узилишлар маҳаллий тиббиёт тизимини ҳалокат ёқасига олиб келди. Анклавда ўткир гуманитар инқироз юзага келмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги сўнгги можародан буён соғлиқни сақлаш муассасаларига 34 та ҳужум уюштирилган, натижада 11 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган, 19 та тиббиёт муассасаси ва 20 та тез ёрдам машинаси вайрон қилинган. Бу Ғазо секторидаги шундоқ ҳам юки оғир тиббий тизимни янада мураккаб аҳволга солган.
Айни пайтда, Исроилнинг айтишича, ҲАМАС гаровга олинган исроилликларни озод қилмас экан, Ғазога сув ва электр таъминоти ҳеч қачон тикланмайди, қамал ҳам бекор қилинмайди.
Пайшанба куни Ғазодаги электр станциясида ёқилғи тугади. Ғазо тиббиёт муассасаларининг куни фақат ўз электр генераторларига қолиши мумкин. Аммо уларга ёқилғи захиралари ҳам тез орада тугайди.
Бундан ташқари, Ғазонинг тиббий ресурслари, жумладан, дори-дармон ва жиҳозлар ҳам тугай деб қолган.
ЖССТ пайшанба куни баёнот чиқариб, қамал Ғазо секторига ёқилғи, тиббий ва гуманитар юкларни етказиб беришга тўсқинлик қилаётгани ҳақида огоҳлантирди, тинч аҳоли ва тиббиёт муассасаларига ҳужумларни тўхтатиш ва гуманитар йўлакларни зудлик билан очишга чақирди.
АҚШ мулозимлари Фаластин ва Исроил расмийлари билан учрашди
АҚШ расмийлари Ҳамас жангариларининг Исроилга ҳужумидан сўнг бутун минтақа бўйлаб сафар қилмоқда.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 13 октябрь, жума куни Иорданияда Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди.
Урушнинг авж олишини тўхтатмоқчи бўлаётган АҚШ бош дипломати Эрон дастаклаётган исломий гуруҳ Ҳамасга таъсир кўрсата оладиган асосий иттифоқчилар - Қатар, Саудия Арабистони, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам бориши режалаштирилган.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам жума куни Тел-Авивда Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант билан учрашди. Учрашувда у Ҳамаснинг ҳалокатли ҳужумидан сўнг АҚШ ўз иттифоқчисини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаши кутилган эди.