Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2023, Тошкент вақти: 11:46

ҲАМАС - Исроил уруши. АҚШ Исроилни Ғазода тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга чақирди

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

12:40 6.12.2023

Исроил БМТнинг мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингс визасини бекор қилди

Исроил БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингсга берилган вақтинча яшаш визасини бекор қилди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билдирди.

Унга кўра, Хейстингс АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС томонидан исроилликларни ўлдирганини қоралашдан бош тортгани ва Ғазодаги вазиятни “нотўғри” ёритгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинган. Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, БМТ вакили ҳалок бўлган фаластинликларнинг барчасини тинч аҳоли деб ҳисоблайди.

“Биз БМТнинг бундай нохолислигига энди жим қараб турмаймиз! <...> ҲАМАСни 1200 исроилликни аёвсиз ўлдиргани, болалар ва қарияларни гаровга олгани, аёвсиз таҳқирлагани ва зўрлагани, Ғазо аҳолисидан тирик қалқон сифатида фойдалангани учун танқид қилмаган, бунинг ўрнига ўз фуқароларини ҳимоя қилаётган Исроилни, демократик давлатни айблаётган шахс БМТда хизмат қила олмайди ва Исроилга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади”, – деб ёзди вазир.

Аввалроқ БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик Исроил 1 декабрда Хастингсга берилган визани бекор қилгани ҳақида билдирган эди. Унинг ўрнига бошқа вакил тайинланиши ёки тайинланмаслиги тўғрисида маълумот йўқ.

10:50 6.12.2023

АҚШ Исроилни Ғазода тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига йўл қўмасликка чақирди

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётида тинч аҳоли ҳалок бўлишда давом этмоқда. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғазода тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш талаби билан Исроилга босим кўрсатмоқда, деб хабар берди Reuters.

Хабарда айтилишича, Вашингтон босим кўрсатиш воситаси сифатида Исроилга ҳарбий ёрдам камайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.

Вице-президент Камала Харрис ва давлат котиби Энтони Блинкен ўз чиқишларида Исроил тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун “жарроҳ каби аниқ амалиёт ўтказиши” шартлигини таъкидлади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 декабрда ўтган матбуот анжуманида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши уруш якунланганидан сўнг Ғазо ЦАХАЛ назорати остида қолиши лозимлигини таъкидлади.

“Бу урушни якунлашнинг ва тез якунлашнинг ягона йўли ҲАМАСга нисбатан қақшатқич куч ишлатишдир. Қақшатқич куч билан уни йўқ қилишдир”, — деди Исроил бош вазири.

Исроил армияси вакили Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ҲАМАС қўмондонлик пункти йўқ қилинганини билдирди. Шунингдек, Ғазода ҲАМАСнинг 500 та ер ости йўли ҳам вайрон қилинган.

01:55 6.12.2023

Исроил ўз фуқароларига Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига бормасликни тавсия қилмоқда

Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши (МХК) ўз фуқароларига Африка ва Марказий Осиёнинг қатор давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга боришни тавсия этмаслигини билдирди.

Ғарбий Европа, Жанубий Америка, шунингдек, Австралия ва Россиянинг баъзи минтақаларида исроилликларга эҳтиёт чораларини кучайтириш тавсия этилди. Департамент маълумотларига кўра, бу мамлакатларда антисемитизм кайфияти ошган, яҳудийларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилиниши эҳтимоли мавжуд.

Агентлик Буюк Британия, Германия, Франция, Бразилия, Аргентина, Австралия ва Россиядаги Исроил фуқаролари хавфини иккинчи даражага кўтарди. Исроил фуқароларига ушбу мамлакатларга ташриф буюришда эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.

Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон) ва Африка (Жанубий Африка ва Эритрея) учинчи даражали огоҳлантириш тоифасига киритилди. МХК ушбу мамлакатларга зарур бўлмаган саёҳатлардан воз кечишни тавсия қилди.

15:52 5.12.2023

Ғазода мобил алоқа ва интернет ўчиб қолди

Ғазо бўлгасидаги асосий телекоммуникация ширкати бўлган PalTel мобил алоқа ва интернет ўчиб қолгани тўғрисида маълум қилди.

"Ғазо бўлгасидаги барча телекоммуникация хизматлари Исроил томонидан асосий тизимлар узиб қўйилгани оқибатида ўчиб қолганини авфсус билан билдирамиз", - дейилади ширкат билдирувида.

Шу билан бир қаторда, АҚШ оташкесим якунланганидан сўнг Исроилдан ёқилғи ташувчи автомашиналарни Ғазога кўпроқ ўтказишни талаб қилмоқда.

“Биз ёқилғи етказиб бериш жараёни қайта тикланиши шартлиги тўғрисида аниқ мужда бердик. Ёқилғи оташкесим пайтида етказиб берилган ҳажмлардан кўпроқ бўлиши лозим”,- деб баёнот берди АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил армиясига 4 декабрда 24 соат ичида Ғазодаги иккита дори-дармон омборини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилганини танқид қилди. Ташкилот раҳбари Тедрос Аднан Гебрейесус ЦАХАЛни буйруқни бекор қилишга ва "тинч аҳоли, фуқаролик инфраструктуралари, жумладан, касалхоналар ва гуманитар объектлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш"га чақирди.

Исроил ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу баёноти асоссиз эканини ва БМТ тегишли органларига Ғазодан дори-дармон омборларини эвакуация қилишга буйруқ берилмагани тўғрисида расмий ахборот тақдим этилганини билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG