Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:18

“Ишимиз шунақа”. Блогер Светлана Осипова – Россия жамиятидаги табақалашув ҳақида


Светлана Осипова
Светлана Осипова

“Сизни тушунаман, лекин ишимиз шунақа-да”. Бу гапни полиция ходимларидан, приставлардан, ҳатто судьядан ҳам эшитганман. “Ишимиз шунақа” – мумкин бўлган барча ишни, ҳатто кўнглинг тиламаган ишларни, керак бўлса, қонун нуқтаи назаридан “жиноят” деб малакаланувчи ишларни ҳам қилишга рухсат берувчи индульгенция бу.

Экстремист, “исталмаган шахс”, “хорижий агент” деб топиш, мухолифатчи сиёсатдонлар ва уларнинг қариндошлари уйларида тинтувлар ўтказиш, қамоқлар, таҳдидлар, заҳарлашлар, эҳтимолки, қотилликлар ҳам... Буларнинг барини кичик бир гуруҳ қилаётгани йўқ, бу ишларда юзлаб тирик одамлар иштирок этмоқда – уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳар куни биз юрадиган кўчалардан ўтиб қайтишади.

“Исталмаган” фуқароларга босим ўтказиш, тинтувлар ва таъқиблар билан қиёфасиз тизим эмас, балки муайян одамлар шуғулланмоқда. Ва бунга уларнинг бошлиқлар совға қилган индульгенцияси – ҳуқуқи бор, унинг номи – “ишимиз шунақа”. Шунинг билан бирга, махсус хизматлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ходимлари, ноҳақ қарор чиқарувчи судьялар ҳамда ҳукумат одамлари ўз касб-лавозимлари доирасида қиладиган барча ишларини, жумладан, Алексей Навальний ёки Дмитрий Биковлар жонига суиқасд қилинишини чиндан ҳам адолатли ва тўғри иш, деб билишларига ишонгиси келмайди кишининг.

Погон таққан бу одамлар Дмитрий Гудков ва унинг қариндошлари хонадонини тинтаркан, албатта бирон компромат топамиз деб ишонганини; Буюк Новгородда муниципал депутатлар съездини бузганда ёки Анастасия Шевченкони ҳибсга олганда, ёхуд Азат Мифтаховни суд қилишганда, ёинки “Новое величие” иши бўйича бўлғуси айбланувчилар учун интернетда провокацион чат очишганда, ё бўлмаса, мустақил журналистларни таъқиб қилишганда ва мамлакатдан сиқиб чиқаришганда уларнинг қалблари хизмат бурчини адо этиш ҳиссига тўлиб-тошганини тасаввур қилиш маҳол.

Бу ишлар занжирида иштирок этган барча кишилар “биз тўғри қиляпмиз”, дея инонганига ақл бовар қилмайди. Улар буйруқ олишганига ва қанчалик абсурд ва мантиқсиз бўлмасин, уни бажариш лозимлигига ишонганлар. Ёки шунчаки қўрқишган. Умуман олганда, “Сизга шахсий ғаразим йўқ, ишим шунақа” дея жавобгарликни ўздан соқит қилиб, “ноқулай” хаёллару виждон азобини бўғиш қийин эмас.

Бугун биз “сиёсий” (ва бошқа тусдаги) ишлар маҳкама жараёнларида кўриб турганимиз воқеалар қайсарлар, ўта фаол ва ташаббускор одамларни “зарарсизлантириш”га ҳам эмас, балки қолган барчага – озми-кўпми ҳаммаслаклари дастагига таяниб бирон нимани исботлашга ёки ҳукумат фойдасига зид томонга ўзгартиришга жазм қилганларнинг аҳволи нима бўлишини кўрсатиб қўйишга қаратилган. Шубҳасиз, ушбу намойишкорона маҳкама ишларида қатнашган кишилар орасида ўйлайдиган, ўзини тергай оладиганлар топилади. Бироқ “шунақа иш” деган баҳонаю бу “иш”ни йўқотишдан қўрқув олдида виждон овози сўнади.

Жамиятимиз борган сари – одамларга ва “шунақа иш”да ишлайдиган одамларга бўлиниб қолаётгандек. Иккала табақа ҳар гал бир-бирига дуч келганда тушунгансимон бош ирғаб, “начора, тизим шунақа” демоқчи бўлади. Тизимнинг ўзи ҳам мартабали ва погонли одамлар билан ҳеч бир ваколатсиз ва имтиёзсиз фуқаролар ўртасига аллақачон чизиқ тортишни бошлаб юборган. Ва бу чизиқ – чегара турмуш даражаси ва сифатида акс этгани каби, сон-саноқсиз қонунларга ҳам аниқ-тиниқ қилиб ёзилмоқда.

Масалан, Россия Федерациясининг Судьялар статуси тўғрисидаги қонуни истеъфодаги судьяларга муайян лавозимларни эгаллашни ман қилади, хусусан, улар прокурор, терговчи ва суриштирувчи бўлиб ишлаши, адвокатлик ва нотариуслик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Акс ҳолда, собиқ судья ўз статусидан, у билан бирга ўзининг барча ҳақли имтиёзларидан, жумладан, пенсиясидан ҳам воз кечмоғи лозим. Кўп ҳолларда судьялар билан прокуратура ва тергов органлари ходимларини битта тоифага киритадилар, лекин аслида бунақа эмас: судьянинг мавқеи зотан баланддир. Истеъфога чиққанидан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бироқ агар судья ижодий ва маориф фаолиятидан бошқа соҳаларда ўз билимини синаб кўрмоқчи бўлса, уни статусидан маҳрум этишади. Ва замонавий Россияда бу қонунчилик чекловидан қарийб табақавий чегарага айланиб бормоқда.

Адвокат суд мажлиси бошланишини йўлакда кутиб турган ва котибнинг рухсатисиз суд залига кира олмаётган пайтда прокурорлар аллақачон суд залидаги ўриндиқларда ястаниб ўтирган бўлади, айримлари эса бу маҳал маслаҳат хонасида иш хусусида судья билан гаплашиб ўтирган бўлиб чиқади. Мана шуни чегара деймиз.

Суд полиция ходимларининг кўрсатувларига, прокурор ва терговчининг важларига сўзсиз ишонгани ҳолда, айланувчиларнинг кўрсатувларини шубҳа остига олади – ҳатто рад қилиб бўлмас далилларни келтиришса ҳам. Ва бу ҳам чегара.

Яқиндан бошлаб “Роскомнадзор” давлат муҳофазасидаги шахслар, жумладан, куч ишлатар тузилмалар ходимлари, уларнинг мол-мулки ва даромадларига доир маълумотлар келтирилган мақолаларни чоп этган сайтларни блоклаш ваколатига эга бўлди. Шундай, ҳукуматга яқин одамлар ҳақидаги маълумотлар зўр бериб яширилаётган пайтда фаоллар ва мухолиф сиёсатчиларга оид шахсий маълумотлар ҳамда уларга қарши тарғибот материаллари саноат кўламларида ёйилмоқда, “Роскомнадзор” эса ушбу маълумотларни эълон қилган кимсаларни блоклашга ёки лоақал уларга бирор эътироз билдиришга шошилаётгани йўқ. Ва бу ҳам чегарадир.

Мазкур чегара мухолифатни ва ҳокимият мухолиф деб билган барчани сиёсий ва умуман ҳар қандай майдонлардан, ҳатто мамлакатдан сиқиб чиқараётир. Мана шунинг ўзиёқ кўп саволларга жавоб бўла олади. Кучишлатар идоралар ва “Единая Россия” сиёсатдонлари ўз мамлакатларида фуқаролар ёмон турмуш кечиришини, қўрқиб-пусиб юришини ва кам иш ҳақи олишини асло истамайдилар. Кучишлатарлар ва амалдорлар шунчаки чегаранинг нариги тарафида ўз ишларини бажармоқда холос ва ҳар қанақа оқибатни улар шу билан оқлашади.

Дарвоқе, “шунақа иш” ҳаммада бор. Ҳар бир кишининг ёки деярли ҳар кимнинг бошлиқлари ва иш регламентлари бор. Ҳамма гап – мазкур иборани қандай талқин қилиш ва қўллашда. Чунончи, журналистлар ҳаётларини хатарга қўйиб “қайноқ нуқта”ларга боришади, хавф-хатарга қарамай Россиядаги норозилик намойишларини ёритишади; ўқитувчилар ўқувчиларга мураккаб мавзуларни тушунтириш ёки уларни имтиҳонларга тайёрлаш учун кечгача қолиб кетишади; шифокорлар эса “қизил ҳудуд”ларда оқибатлари ҳануз тўлиқ ўрганилмаган вирус билан олишиб ётибди; ўт ўчирувчилар олов ичига кирмоқда ва ҳк. Бунақа мисоллар сон-саноқсиз. Ва бу одамлар ҳам яқинларининг ташвишманд саволларига “Ишимиз шунақа” деб жавоб беришади ва яна шу ишни давом эттиришади, чунки уни янада яхшироқ бажаришни хоҳлайдилар.

Ҳолбуки, агар регламент бўйича ишланса, давлат поликлиникаларида битта беморни қабул қилишга атиги 15 дақиқа ажратилган. Мактаб ўқитувчилари эса қолоқ ўқувчилар билан дарсдан ташқари бепул машғулот ўтказишга мутлақо мажбур эмас. Аммо, бахтимизга, бюджет ташкилотларининг барча ходимлари ҳам регламентга амал қилаверишмайди, гарчи уларнинг ҳам “иши шунақа” бўлса-да. Регламентга амал қилса-ю, шу боисдан фуқаро унинг ишидан қониқмаса, у ҳолда пуллик шифокорга мурожаат қилиши, фарзанди муайян фанни яхши ўзлаштирмоғи учун муаллим ёллаши ёки боласини бошқа таълим муассасасига кўчириши мумкин. Соғлом давлатда пул билан сифат ўртасида бунақа корреляция бўлмаслиги керак, Россияда эса у мавжуд, бироқ кўп соҳаларда ушбу муаммони ҳал қилса бўлади.

Аммо полиция, тергов, суд ва прокуратура дохил вазиятда фуқаро бунақа ҳаракат эркинлигидан мосуво. У нохолис деб ҳисоблаган тақдирида ҳам терговчи, прокурор ёки судьяни ўз ихтиёри билан алмаштира олмайди. Албатта, судьядан воз кечиш ёки ишни бир терговчидан бошқасига ўтказишнинг техник тартиб-таомиллари мавжуд, аммо бунга эришиш кўп ҳолларда жуда қийин ёки мутлақо имконсиздир. Айнан шунинг учун ҳам бунақа тоифадаги одамларнинг тилидан янграган “Ишимиз шунақа” ибораси ҳеч қанақа умид, танлов ёки муқобил йўқлигини англатувчи ҳукм каби эшитилади. Худди шу боисдан ҳам кучишлатарлар ва мансабдорларнинг мазкур ибораси бир томонни аллақачон ажаблантирмай қўйган бўлса, нариги томонда сокин ғазаб қўзғатади.

Моҳиятан, “ишимиз шунақа” ибораси бу ҳаммабоп алиби бўлиб, агар ҳар ким ушбу ёпиқ доира ичига кирса, қарийб барча соҳаларда инсонни сунъий идрок билан оппа-осон алмаштириш мумкин бўлур эди. Сунъий идрокнинг тафаккур ва виждон аралашмаган мазкур иборани тилга олишини кечириш мумкин, лекин инсон томонидан айтилишини кечириб бўлмайди.

XS
SM
MD
LG