Линклар

Шошилинч хабар
18 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:07

«Россиянинг таъсир воситаси». «Юнармия» Қирғизистонда нима қилмоқда?

Қирғизистоннинг Қант шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий базасида Россия Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан тузилган «Юнармия» ҳаракатига аъзо болалар ва ўсмирлар ҳарбий тайёргарликдан ўтмоқда. Улар ўқотар қуроллардан фойдаланишни ўрганади. Машғулотлар якунида эса «Россияга хизмат қилиш» ҳақида қасамёд қилади.

"Юнармия" сафига кирар эканмиз, сафдошларимиз олдида Ватанимизга ва "Юнармия" биродарлигига ҳамиша содиқ бўлишга тантанали қасамёд қиламиз…»

Қизил футболка ва қизил берет кийган болалар саф тортиб, плацда қасамёд қилмоқда. Бу манзара Россия қайинзорлари бағрида эмас, балки Қирғизистоннинг жазирама қуёши остида, сийрак қайроғочлар фонида тасвирга олинган. Воқеа Бишкекдан 20 километр узоқликда жойлашган Қант шаҳридаги аэродромда содир бўлмоқда. Бу ерда Россиянинг 999-авиабазаси жойлашган.

Видеода қасамёд келтирилаётган «Юнармия» ҳаракати 2016 йилда Россия Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган. Унга 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар аъзо бўлиши мумкин. Ҳаракат ўзини ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти сифатида тақдим этади. Бироқ танқидчилар уни ёшларни ҳарбийлаштириш воситаларидан бири деб баҳолайди.

«Юнармия» Қирғизистонга Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан анча олдин — 2017 йилда кириб келган. Дастлаб ҳаракатга фақат Қантдаги Россия ҳарбий базасида хизмат қилаётган россиялик ҳарбийларнинг фарзандлари қабул қилинаётгани айтилган эди. Бироқ «Российская газета» 2018 йилда эълон қилган мақолада ҳаракат сафида базада ишлайдиган оддий ходимларнинг фарзандлари ҳам борлиги қайд этилган. Улар орасида Қирғизистон фуқаролари бор-йўқлиги эса маълум эмас.

«Стратегик иншоот»

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Россия ҳарбий базаси ҳудудига кира олмади. Киришдаги қоровул базада «Юнармия» машғулотлари ўтказилишини тасдиқлади. Бироқ унинг айтишича, уларда фақат россиялик ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этади, қирғизистонлик болалар эса қатнашмайди.

Қанд ҳарбий базаси
Қанд ҳарбий базаси

Бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлаш ёки рад этишнинг имкони йўқ. База ҳудуди қатъий қўриқланади, бегона шахсларнинг кириши тақиқланган. Шунингдек, у ерда фото ва видео тасвирга олиш, дрон учиришга ҳам рухсат берилмайди.

Давлатлараро келишувларга мувофиқ, Қантдаги 999-авиабаза 2003 йил 23 октябрда очилган. У Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия хориж давлати ҳудудида ташкил этган биринчи ҳарбий объект ҳисобланади.

База Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тезкор жойлаштириладиган кучларининг авиация таркибий қисми сифатида фаолият юритади. КХШТга Россия ва Қирғизистондан ташқари Беларусь ва Қозоғистон ҳам аъзо. Арманистон эса ташкилотдаги аъзолигини музлатган.

Расман база мудофаа вазифаларини бажариш учун мўлжалланган. Бироқ Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаган дастлабки кунларда ундан ҳарбий таянч нуқтаси сифатида фойдаланган. Кремль Қант аэродромидан ҳарбий хизматчиларни фронтга жўнатган.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам база ҳудудига эркин кира олмайди. Қант шаҳри ҳокими Улан Майлибашевнинг айтишича, бу "ёпиқ стратегик объект" ҳисобланади.

"У ерга шунчаки кириб бўлмайди. Агар бирор сабабга кўра чақиришса, назорат-ўтказиш пунктида рухсатнома расмийлаштирилади ва шу асосда кириб-чиқиш мумкин. Уларнинг ўз мактаби ва болалар боғчаси бор. Черков ҳам шу ерда жойлашган. Россиядан келган офицерлар ва аскарлар бу ерда оилалари билан яшайди. Уларнинг оилалари ҳам Қант шаҳрида истиқомат қилади, — дейди Майлибашев. — Биламан, уларнинг болалари махсус форма кийиб, турли тадбирларда қатнашади. Уларнинг жамоатчилик ҳаракати ҳам бор. Улар турли акциялар ва умумхалқ ҳашарларида иштирок этади. Фақат ҳарбий шаҳарча ичидагина эмас".

"Рус дунёси" ғоясини тарқатиш воситаси

Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, «Юнармия» Қирғизистонда фаол иш олиб бормоқда. Ҳаракат аъзолари мунтазам равишда Россиядаги ўқув йиғинларида иштирок этади. Яқин вақтгача улар Россия 2014 йилда Украинадан аннексия қилган Қримга ҳам бориб турган.

Ҳаракатга аъзо болалар ва ўсмирларга ўқотар қуроллардан фойдаланиш, Калашников автоматини йиғиш ва ажратиш, саф тайёргарлиги ҳамда ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича машғулотлар ўтказилади.

"Юнармия" Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат, шунингдек Канада, Буюк Британия ва Австралия томонидан жорий этилган санкциялар рўйхатига киритилган.

«Юнармия» аъзолари Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Ялта шаҳридаги тадбирда.
«Юнармия» аъзолари Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Ялта шаҳридаги тадбирда.

"Юнармия" болалар онгига ҳарбийлашув ғояларини сингдириш ва уруш тарғиботи билан шуғулланишда танқид қилинади. Ҳаракат Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида ҳам фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, унинг айрим аъзолари урушда қатнашиб, ҳалок бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

"Юнармия" фаолияти бўйича журналистик суриштирув ўтказган Наталья Недельконинг айтишича, ҳозир Украинада Россия армияси сафида ушбу ҳаракатнинг 12 минг нафар аъзоси жанг қилмоқда.

«"Юнармия" — Россия таъсирининг бир воситаси. Бу Россия билан қўшни давлатларда рус маданияти, деб аталмиш "рус дунёси" ғояси ва Россия армиясига сиғиниш руҳини тарқатиш воситасидир. Бунинг ўзи хавфли ҳодиса. Ҳозир "Юнармия"дан ўтган тахминан 12 минг киши Украинада жанг қилмоқда. Урушда ҳалок бўлган "юнармиячилар" ҳам бор», — дейди Украина редакциясига қарашли "Донбасс.Реалии" лойиҳаси журналисти Наталья Неделько.

Унинг эслашича, Қримда "юнармиячилар" яриморол 2014 йилда аннексия қилинганидан деярли дарҳол кейин пайдо бўлган. Кейин ҳаракат Украина жануби-шарқида, Россия қўллаб-қувватлаган сепаратистлар назоратидаги ҳудудларда ҳам ўз бўлинмаларини ташкил қилган. Шу билан бирга, ташкилотнинг ўзидаги ҳарбийлашув жараёни ҳам кучайиб борган. Бу жараён Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин янада авж олган.

«У ерда саф тайёргарлиги, қуролдан фойдаланиш ва учувчисиз учиш қурилмалари (БПЛА) билан ишлаш бўйича машғулотлар кўпайди. Урушни қўллаб-қувватлашга қаратилган акциялар, махсус ҳарбий амалиёт (СВО) иштирокчилари билан турли учрашувлар, ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган тадбирлар сони ортди. Мактаб ўқувчиларининг уруш тарғиботига жалб қилиниши кучайди», — таъкидлайди Неделько.

Айни пайтда ҳаракат Украинада Россия босиб олган ҳудудларда ҳам фаолият юритмоқда.

«Бу маълум бир вақт келиб портлайдиган яширин минага ўхшайди. Бир пайт келиб, ёшлар Россия пропагандаси билан заҳарлангани маълум бўлади», — деб ҳисоблайди у.

Ёшлар онгига таъсир

Қирғизистондаги "юнармиячилар" ҳарбий кийим кийиб юради ва мунтазам равишда қирғиз ёшлари қатнашадиган марказларга ташриф буюради.

"Бу нафақат Россия ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари, балки умуман Қирғизистон ўсмирлари орасида ҳам Россия таъсирини кучайтиришга уринишдир", — дейди сиёсатшунос Адил Турдуқулов.

"Улар тадбирларни нафақат Қант авиабазасида, балки филармония заллари ва катта майдонларда ҳам ўтказади. Бу ҳақда мен Facebook’да ёзганман. Кўриб турибмизки, у ерда нафақат россиялик ҳарбийларнинг фарзандлари, балки Қирғизистон болалари ҳам бор. Улар комплекс иш олиб бормоқда. Болаларга фақат ҳарбий тайёргарлик ўргатиш билан чекланмай, балки ўйинлар ва кўнгилочар тадбирлар орқали уларга муайян қарашларни сингдиришга ҳаракат қилмоқда.

Бизда катта авлод асосан Россияга мойил бўлса, ёшлар Ғарб маданияти таъсирида улғаймоқда. Шунинг учун Россия бу авлодни ўз таъсирида сақлаб қолишга, уни йўқотмасликка ҳаракат қилаётган бўлса керак. Бу фақат тил масаласи билан чекланмайди, мафкура ва тарғиботга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Марказий Осиёда бу тенденциялар янада кучайди", — дейди Турдуқулов.

«Юнармия» символикаси
«Юнармия» символикаси

Жорий йил бошида "юнармиячилар" Бишкекдаги "Сейтек"болалар марказида ўтказилган тадбирда иштирок этган. Тадбир Иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград қамали олиб ташланганининг 82 йиллигига бағишланган эди. Болалар залда қора нон бўлаклари ва ленталар тарқатган.

"Сейтек" болалар маркази директори Эрик Латиповнинг айтишича, тадбир Россиянинг «Россотрудничество» агентлиги (у Кремлнинг "юмшоқ кучи" воситаларидан бири сифатида баҳоланади) билан ҳамкорликда ташкил этилган. Унинг таъкидлашича, "Юнармия" аъзолари тадбирда фақат томошабин сифатида қатнашган.

"Бизда Ленинград қамалидан омон қолган фахрийлар кенгаши аъзоси бор. У миллати қирғиз бўлган Марат Қутанов. Улар («Россотрудничество». — Таҳр.) бизга мурожаат қилиб: "Ленинград қамалини бошдан кечирган кексалар бор экан, улар учун яхши концерт ташкил қилайлик", дейишди.

"Юнармиячилар" масаласига келсак, уларни олиб келган мактабга мурожаат қилиш керак. Улар концертда иштирок этмади. Улар шунчаки томошабин бўлди, шу нонларни тарқатишди. Саҳнага чиқишмади. Саҳнада бизнинг марказимиз болалари чиқиш қилди», — дейди Латыпов.

Сиёсатшунос Адил Турдуқулов Россия ҳарбий тарғиботининг Марказий Осиё мамлакатларига кириб келаётганини хавфли ҳодиса деб ҳисоблайди. У ёшлар онгига таъсир ўтказиш воситаси сифатида Россия ўтказадиган «Ғалаба диктанти» тадбирларини мисол келтиради.

"Россотрудничество" бу тадбирларни "таълимий лойиҳалар" деб атаса, уни танқид қилувчилар ушбу ташаббусни сиёсийлаштирилган ва тарғибот хусусиятига эга деб баҳолайди. Улар Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётган бир пайтда бундай тадбирларни ўтказиш номақбул эканини таъкидлайди.

Экспертнинг фикрича, қирғиз ёшлари онгининг ҳарбийлаштирилиши жиддий хавфларни келтириб чиқариши мумкин.

"Агар биз янги авлоднинг Россия ҳарбий сиёсатига қизиқиб қолишига йўл қўйсак, кейин кўпчилик урушга бориб қолиши мумкин. Ўсмирлар 18 ёшга тўлади ва Россияга кетади. Бу Кремль мафкурасига, жумладан уруш ғояларига жалб этишдир", — деди сиёсатшунос Адил Турдуқулов.

XS
SM
MD
LG