Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2023, Тошкент вақти: 06:16

HRW минтақавий директори: “Марказий Осиёни ҳануз авторитар режимлар бошқармоқда”


Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон “Настояшчее время” телеканали билан суҳбатда минтақа давлатларида мустақил ОАВларга бўлаётган босимлар, ноҳукумат ташкилотлар фаолиятини чекловчи қонун лойиҳалари, фаолларнинг қўлга олинишига доир ва бошқа саволларга жавоб берди.

– Куни кеча сиз Қирғизистон ҳукуматлари аъзолари билан учрашдингиз. Учрашувнинг бош мавзуси нима эди?

– Қирғизистон ҳукумати вакиллари билан учрашувда биз инсон ҳақларини ҳимоя қилиш соҳасида вазият ёмонлашгани масаласини кўтардик. Албатта, тан оламиз, Украина уруши ва иқтисодий муаммолар туфайли мамлакат хийла мураккаб даврни кечирмоқда. Аммо бу инсон ҳуқуқлари соҳасида мезонларни пасайтиришга сабаб бўла олмайди. Учрашувда биз Қирғизистонда Озодлик радиосига бўлаётган ҳужумлар, жумладан, унинг банк ҳисоблари ёпиб қўйилгани, Озодлик қирғиз хизмати сайти блоклангани ҳақида сўзлашдик.

Яна шунингдек, қонунчиликка киритилган ва киритилажак ўзгартишлар билан боғлиқ жиддий таҳдидларга ҳам тўхталдик. Хусусан, ўтган йили қабул қилинган ишончсиз ахборотдан ҳимояланиш тўғрисидаги қонун, ОАВ ҳамда ноҳукумат ташкилотлар (НҲТ) фаолиятига тааллуқли янги қонунчилик нормалари муҳокама қилинди. Биз бу нормаларни қайта кўриб чиқишга ёки бекор қилишга чақирдик. Чунки улар – НҲТ ва ОАВларга жабр бўлади.

Шояд бизнинг овозимиз, мазкур муаммолардан ташвишманд бошқа халқаро ташкилотларнинг саслари ҳукумат қулоғига етган бўлса. Умид қиламизки, Қирғизистон жамиятнинг очиқ ва эркин бўлишига, мустақил ОАВлар ва НҲТлар фаолият юритишига асосланган ўз тараққиёт йўлини давом эттиражак.

– Қирғизистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳозирги вазиятни қирғиз мулозимларининг ўзлари қандай баҳолашади? Мустақил ОАВлар журналистлари вазият кескин ёмонлашувини тахмин қилишмоқда.

– Тўғри, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият шиддат-ла ёмонлашмоқда. Ва биз ҳукуматнинг ОАВлар гўё экстремистик ва ўзга номақбул ахборотни тарқатаётгани ҳақидаги иддаоларига қўшилмаймиз. Сўз эркинлиги Қирғизистон учун улкан аҳамият касб этади. Тўғри, муайян чегаралар бўлиши лозим. Бироқ биз мустақил ОАВлар “ҳаддидан ошган”ини тасдиқловчи бирон исбот-далилни кўрмадик. ОАВлар устидан қандайдир назорат бўлиши керак, аммо ҳукумат жуда оширибюборяпти. Биз расмийлар мустақил медиаларга кўпроқ мадад бериши зарур, деб ҳисоблаймиз.

– Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматининг Нукусдаги хатти-ҳаракатларини қоралаб баёнот берган эди. Улар бирон бир тарзда муносабат билдиришдими бунга?

– Афсуски, ҳеч қандай муносабат олмадик. Августда биз мамлакат ҳукуматидан суриштирувимизга нисбатан ўз фикрини эълон қилишни сўраган эдик. Уларга ўз баёнот ва ҳисоботимизни жўнатган эдик, аммо ҳануз жавоб ололмадик. Бундан ранжидик, чунки ушбу муаммо хусусида мамлакат ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатишга интиляпмиз.

Июль бошида ўта жиддий воқеалар юз берди: Нукусда, Қорақалпоғистоннинг бошқа тумунларида 20 дан зиёд инсон ўлдирилди. Мазкур қотилликлар тегишли тартибда тафтиш қилиниб, айбдорлар жазога тортилиши лозим. Ҳаммаси ҳукуматнинг қўлида. Биз уларни неча марталаб мулоқотга чорладик. Умид қиламизки, мустақил суриштирув ўтказилади.

HRW: Ўзбек хавфсизлик кучлари Қорақалпоғистонда "ҳаддан ташқари" куч ишлатган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:39 0:00

Июлда Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссия тузди. Биз бу қарорни олқишлаймиз, тўғри йўлдаги қадам деб биламиз. Комиссия таркибига нодавлат ташкилотлардан аъзолар қабул қилингани ҳам жуда яхши. Бироқ, афсуски, мазкур комиссияни давлатдан тўла мустақил деб бўлмайди. Комиссия 20 дан ортиқ инсоннинг ўлдирилиши фактларини ўрганмаяпти. Шу боис, комиссия ҳисоботи қотилликларни фош қилишига ёки ушбу муҳим масала бўйича бирон далил тақдим этишига шубҳам бор.

– Тожикистон ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакат ҳукумати халқаро ташкилотларнинг барча чақириқлари ва талабларини инкор этиб келмоқда. Айтинг-чи, асоссиз қўлга олинган журналистлар ва фаолларга ёрдам беришнинг таъсирчан механизмлари борми?

– Менимча, бу ҳолатлар ҳақида хабар беришда ва бўлаётган воқеаларга Тожикистон ҳукуматининг эътиборини тортишда давом этиш керак. Йўқса бу одамлар унутилади, халқаро даражадаги кун тартибидан “тушиб қолади”. Ишончим комилки, очиқ-ойдин гапиришдан маъно бор, бу вазиятга таъсир қилади, лоақал Тожикистони диққат марказида тутиб туради. Юқоридаги ҳолатлар, шунингдек Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида юз берган воқеалар минтақага дунё эътиборини қаратишда давом этмоқда. Бу эса Тожикистон ҳукуматига ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини эслатиб туради. Ва, мамлакат учун муайян оқибатларни келтириб чиқаради, жумладан унинг халқаро нуфузига соя солади.

– Сиз Қозоғистон ҳукуматини январь воқеаларини очиқ ва холис тергов қилишга чақирган эдингиз. Орадан салкам бир йил ўтди. Ҳукумат барча саволларга жавоб беришга ва адолатли тергов ўтказишга муваффақ бўлди, дея оласизми?

– Йўқ, улар жавоб беришмади, қурблари ета туриб кўп ишни бажаришмади. Қозоғистонда 230 дан зиёд одам ўлдирилди, улар Олмаота ва бошқа шаҳарлар кўчаларида ҳалок бўлишди, қанча киши жароҳат олди. Қозоғистон ҳукумати воқеалар бўйича ўз талқинини тиқиштиришга уринди, тергов ўтказди. Бироқ бу одамлар қандай ўлдирилгани ҳануз аниқланган эмас. Бу саволга жавоб бериш ҳукуматнинг энг аввало ўз фуқаролари олдидаги бурчидир.

Биз сўзлашган оамлар ҳукуматнинг жавобини интиқиб кутаётганларини айтишганди. Нафақат ўлганларнинг қариндош-уруғлари, бутун жамият кутмоқда. Аммо айтилган жавоблар етарли эмас. Терговга халқаро экспертларни жалб этиш таклифига эса “бу қоидага зид”, дея рад қилишди. Биз буни асосланмаган жавоб деб ҳисоблаймиз. Зеро, терговга кўмаклашишлари учун халқаро ва мустақил экспертларни жалб қилиш мутлақо жоиз амалиёт эди.

Назаримизда, бу мамлакат раҳбарияти қураётган янги Қозоғистонга ярашмайди. Ҳукумат кўриб кўрмаганга олиш, воқеаларни унуттиришга ҳаракат қилиш ўрнига ўз фуқароларига нисбатан ростгўй бўлмоғи керак.

– Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари риоясига доир қанақа умумий тенденцияларни кузатяпсиз?

– Ҳар бир мамлакатда авторитар режим ҳануз ҳукм сурмоқда. Қирғизистон ташқари, ҳеч бир Марказий Осиё давлатида сайловлар эркин ва ҳалол эмас. Ўз фикрини билдириш эркинлиги, уюшиш эркинлиги каби инсон ҳуқуқларининг тамал стандартларига ҳурмат йўқ. Бу эса нодавлат ташаббус гуруҳлари тузиш ёки шаҳарларда норозилик чиқишлари ташкил қилиш имконияти мавжуд эмаслигини билдиради. Йиғилишлар ўтказиш эркинлиги ҳам кўп мамлакатларда ўта чекланган. Қирғизистон ҳам шу ҳисобда: айни пайтда Бишкекда норозилик намойишлари ўтказиш тақиқланган.

Шу боис, умуман олганда вазият ўзгармаяпти. Қайтага, Украина уруши манзарасида вазият янада кескинлашмоқда. Марказий Осиё аввалдан Россияга яқин бўлган, республикалар эса Совет Иттифоқи таркибида эди. Бу ҳукуматга ҳам, фуқароларга ҳам қийинчилик туғдиради. Аммо, юқорида айтганимдек, ҳеч нарса инсон ҳуқуқлари риоясига путур етказишга баҳона бўлмаслиги лозим. Ҳар бир ҳукумат ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари амал қилишини таъминлашга мажбур. Улар ўз фуқароларининг Украинадаги урушга доир ўз фикрларини билдиришга имкон беришмоғи керак. Шунингдек, кун тартибидаги мавзуларни ёритаётган мустақил ахборот манбаларига тўсиқ қўйилмаслиги даркор.

Форум

XS
SM
MD
LG