Линклар

Шошилинч хабар
20 Aprel 2026, Тошкент вақти: 20:13

Ҳоким хатоси учун товон: янги қонун ишлайдими?

Ўзбекистонда давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари натижасида фуқаролар ва тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаш бўйича янги Қонун қабул қилинди.

Янги Қонунга кўра, мансабдор шахсларнинг хатоси туфайли жабр кўрган фуқаролар ҳамда тадбиркорларга товон пули тўлашнинг ягона ва аниқ механизми жорий этилмоқда.

Энди суд қарори билан бу тўловларни махсус ҳудудий жамғармалар амалга оширади. Кейин эса давлат ушбу пулни айбдор деб топилган мансабдор шахснинг ўзидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ таҳлилчилар суд мустақиллиги тўла таъминланмаган жамиятда бу Қонун амалда қай даражада ишлашини шубҳа остига олмоқда.


Тошкентлик Дилмурод Мирусмонов пойтахтда хусусий қурилиш компаниялари барпо этган “сити”лар ортидан жабр кўрган минглаб одамлардан бири.

У бузиб ташланган ҳовлиси учун муносиб товон пули ва кўп сонли оиласига мос уй-жой олиш мақсадида етти йил давомида курашган. Аммо унинг айтишича, бу курашдан ҳозирча на давлат идоралари, на қурувчи ташкилотлар, на судлар орқали адолат топилган.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Мирусмоновлар яшаган 300 квадрат метрлик ҳовли 2017 йилда хусусий қурилиш компанияси Absolute Business Trade ширкатигa ажратиб берилган.

Тошкент марказидаги 6 гектар ерни хусусий қурувчи ширкатга бериш ҳақидаги қарор ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан имзоланган.

Айни пайтда ўша ҳоким лавозимидан кетган бўлса-да, ноқонуний қарор қабул қилгани учун жавобгарликка тортилмаган.

Ўн беш кишидан иборат Мирусмоновлар оиласи судларда адолат тополмаганидан кейин қурувчи компания билан ўзи шахсан гаплашган ва иккита 150 квадрат метрли эски уй учун компенсация ундира олган.

Бу бир оиланинггина эмас, балки кейинги йилларда юзлаб, эҳтимол минглаб оила бошидан кечирган фожианинг бир кўриниши.

Ўзбекистонда ҳокимликлар чиқарган ноқонуний қарорлар ортидан уйидан, еридан ёки бошқа кўчмас мулкидан айрилган оилалар ва тадбиркорлар ўн минглаб экани айтилади.

Ҳуқуқшунослар фикрича, “Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида”ги янги Қонун шу пайтгача турли ҳужжатларда тарқоқ ҳолда мавжуд бўлган нормаларни бир тизимга солади.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида ушбу Қонун маъқулланди.Қонуннинг тўла матни ҳали ЛЕХ уз сайтида эълон қилинмаган.

Қонунга мувофиқ, энди зарарни қоплаш учун махсус ҳудудий жамғармалар ташкил этилади ва уларнинг маблағ манбалари аниқ белгилаб қўйилади.

Унда, жумладан, қуйидаги асосий тамойиллар назарда тутилган:

“товон пули миқдори фақат суд томонидан белгиланади ва фақат пул шаклида тўланади;

агар давлат фуқаро ёки тадбиркорга товон пули тўласа, кейинчалик ушбу маблағни айбдор мансабдор шахснинг ўзидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади;

қонунчиликда тушунмовчилик ёки “кулранг зона”лар бўлса, улар фуқаро ва тадбиркор фойдасига талқин қилиниши лозим”.

Қонунга кўра, агар фуқаро ёки тадбиркор давлат органининг қарори ёки ҳаракатини ноқонуний деб ҳисобласа, у судга мурожаат қилади.

Суд агар ҳақиқатан ҳам давлат органининг қарори ноқонуний эканини аниқласа, моддий ва маънавий зарар миқдорини белгилайди.

Шундан сўнг, суд қарори асосида ҳудудий жамғармалар фуқаро ёки тадбиркорга товон пули тўлаб беради.

Кейин эса давлат органи ушбу тўланган маблағни айбдор мансабдор шахсдан ундириш учун судга даъво киритади.

Бу тартиб 2026 йил апрелидан бошлаб амалиётга жорий этилиши белгиланган.

Аммо муҳим саволлар ҳали жавобсиз қолмоқда.

Масалан, ўтган йилларда ноқонуний қарорлар туфайли уй-жойидан ёки мулкидан ажралган минглаб фуқаро ва тадбиркорларнинг иши қайта кўриб чиқиладими? Янги Қонун уларга ҳам татбиқ этиладими?

Ҳозирча бу ҳақда аниқ норма ёки расмий изоҳ айтилмаган.

Бу эса айни пайтда энг асосий саволлардан биридир. Чунки Ўзбекистонда мулкка оид можароларнинг катта қисми айнан аввалги йилларда қабул қилинган ҳоким қарорлари, ер ажратиш, бузиш ва мажбурий кўчиришлар билан боғлиқ.

“Агар бу конун хакикатда хам ишласа, судьялар холис булса жуда куп хокимларини, айникса туман хокимларини уйи куяди, лекин мен бу конунни ишлашига шубха билан карайман, чунки хокимлар иммунитетга эга, уларни жазолашга факат юқорининг рухсати керак”, дейди андижонлик тадбиркор.

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг тадбиркорликни ривожлантириш, қурилиш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришга оид бир қанча қарорлар қабул қилинди.

Бу қарорлардан руҳланган тадбиркорлар ҳокимлар чиқарган қарорларга таяниб, турар ва нотурар бинолар қуришга киришди.

Аммо кейин ҳокимлар алмашди. Янги раҳбарлар айрим ҳолларда аввалги ҳокимнинг қарорларини бекор қилди, қуриб бўлинган ёки қурилиши кетaётган объектларни буздирди.

Натижада тадбиркорлар миллионлаб, баъзан миллиардлаб сўм зарар кўрганини айтди. Фуқаролар эса бузилган ҳовлиси ёки уйига тенг келмайдиган квартираларга кўчирилди.

Ўзбекистонда “аввал қурдириб, кейин буздириш” амалиёти узоқ вақтдан бери энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келмоқда

“Бу қонун ҳуқуқий жиҳатдан тарихий бўлса-да, унинг ишлаш механизми бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллигига боғланиб қолмоқда. Сиз таъкидлаган "инсон омили" ва "прокуратура билан келишилган фаолият" ҳақиқатан ҳам ушбу ислоҳотнинг энг заиф нуқталаридир. ​Қонунда белгиланган регресс тартиби (зарарни мансабдорнинг шахсий ҳисобидан ундириш) ишлаши учун судьяда ҳоким ёки бошқа раҳбарга қарши чиқа оладиган ирода бўлиши керак. Президент Администрацияси раҳбари айтганидек, суд тизими ислоҳ қилинмас экан, ҳар қандай мукаммал қонун ҳам фақат қоғозда қолиб кетиш хавфи бор. Аслини олганда мустақил судлар бўлган жамиятга бундай қонунлар керак эмас. Нормал жамиятда фуқарога зарар етказилган бўлса суд қарори билан давлат қоплаб бериши керак, тамом. Бу система бошқа давлатларда шундай ишлайди", дейди фарғоналик жамоат фаоли Йўлчибой Исмоилов.

Таҳлилчилар янги Қонун назарий жиҳатдан муҳим қадам эканини тан олади. Чунки у биринчи бор давлатнинг ноқонуний қарорлари учун молиявий жавобгарликни аниқ механизмга солишга уринмоқда.

Бу, агар тўла ишласа, мансабдорларнинг беэътибор ёки манфаатли қарорлар қабул қилишига қарши маълум даражада тўсиқ бўлиши мумкин.

Чунки ҳозиргача амалда шундай ҳолат кўп кузатилган: фуқаро ёки тадбиркор судда ҳақ бўлиб чиққан тақдирда ҳам, реал товон олиш, зарарни қоплатиш ёки айбдор амалдорни жавобгарликка тортиш жуда мушкул бўлган.

Янги Қонун шу бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилган.

Аммо муаммо шундаки, Қонуннинг ўзи етарли эмас. Уни қўллайдиган суд, прокуратура ва ижро тизими ҳам мустақил ва холис ишлаши керак.

Янги Қонун, шубҳасиз, қоғозда фуқаро ва тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлиши мумкин.

Агар у амалда ишласа, мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарори учун давлат эмас, охир-оқибат айбдор амалдорнинг ўзи жавоб беришига йўл очилади. Бу эса Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги ва ҳуқуқий давлатчилик сари ташланган жиддий қадамга айланиши мумкин.

Бироқ қонуннинг ҳақиқий қиймати унинг матнида эмас, балки амалиётда намоён бўлади.

Агар судлар ҳали ҳам ҳокимлик ёки бошқа давлат органлари таъсиридан чиқолмаса, агар айбдор мансабдорлар яна жазодан четда қолаверса, бу Қонун ҳам аввалгилари каби фуқарога умид бериб, кейин ундан ишончни тортиб оладиган навбатдаги ҳужжатга айланиши мумкин.

Шундай экан, бу Қонуннинг тақдири битта саволга бориб тақалади:

Ўзбекистонда энди давлатнинг хатоси учун давлат эмас, мансабдорнинг ўзи жавоб берадими ёки яна ҳаммасини бюджет, яъни халқ тўлайдими?

Агар сизда ҳам бу янги Қонун ҳақида фикрларингиз бўлса, шарҳлар бўлимида ёзиб қолдиринг.

This item is part of

Форум

XS
SM
MD
LG