Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Қамоқдан озод этилган яккабоғлик тадбиркор ўзи ўт қўйган собиқ ҳоким ўринбосари билан ярашди


Яккабоғ ҳоким муовинини тадбиркор ёқиб юбориши олдидан
Яккабоғ ҳоким муовинини тадбиркор ёқиб юбориши олдидан

Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қамоқдан озод қилинди.

31 август куни Озодлик билан суҳбатлашган Баҳриддин Исомовнинг айтишича, у суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг 29 август куни уйига қайтган.

Баҳриддин Исомов қамоқдалиги пайтида унга нисбатан яхши муомалада бўлинганини айтди.

30 август куни Баҳриддин Исомов томонидан ёқиб юборилган Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари Мансур Тўймаев, ундан келиб узр сўраган ва улар ярашган.

Аdvokatnews.uz сайти хабарига кўра, Яккабоғ тумани прокурори санкцияси билан айблов Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”)дан 98-модда (“Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш”)га қайта малакаланиб, айблов енгиллашгани муносабати билан Баҳриддин Исомовга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида Баҳриддин Имомов аффект ҳолатида бўлган

Бундай қарорга Қарши университети психология факультети олимларидан иборат экспертлар гуруҳининг “ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлган” деган хулосаси асос бўлган.

30 август куни Баҳриддин Исомовнинг уйида унинг қамоқдан озод этилиши шарафига қўй сўйилиб, тадбир ўтказилган. Бу тадбирда Яккабоғ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари, ёқиб юборилган Мансур Тўймаев ҳам қатнашиб, Баҳриддин Исомовдан узр сўраган.

31 август куни Озодлик билан гаплашган Баҳриддин Исомовнинг айтишича, томонлар бир-бирларини кечириб, ярашишган:

У келиб узр сўради, мен ҳам узр сўрадим

- У келиб узр сўради, мен ҳам узр сўрадим. Ҳаммаси яхши бўлди".

Баҳриддин Исомов ҳоким ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборганида жуда кучли аффект ҳолатида бўлганини айтди:

- У ерда нима бўлган, нима қўйган, мен ўзим ҳеч нарсани билмайман.

Айни пайтда, Баҳриддин Исомов устидан очилган жиноят иши қайта малакаланиши билан бирга тергов тугатилиб, материаллар судга тақдим қилинган.

Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор Баҳриддин Исомов 20 июль куни кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини трактор билан бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган эди.

Бу воқеа ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Озодликнинг мақоласидан кейин туманнинг аввалги ҳокими Шоҳмурод Донаев, ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев ишдан олинганди.

Баҳриддин Исомов ҳибсга олиниб, унинг устидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бу воқеадан қарийб икки ҳафта ўтганидан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор мажлисида Қашқадарё вилояти ҳокимини хиёнатда айблаб қаттиқ танқид қилган эди:

- Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннининг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кечаю-кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган "дўстлигинг". Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман. Мана, сенинг "дўстлигинг", жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!", - деган эди президент Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман ҳокимлиги тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони ва цехини бепул таъмирлаб берди.

XS
SM
MD
LG