Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Тошлоқ ҳокими фермернинг Россияда ишлаб топган пулига қилган 18 гектар боғини кесиб ташлади (ВИДЕО)


Фермернинг кесиб ташланган "Крепсон" навли олмалари
Фермернинг кесиб ташланган "Крепсон" навли олмалари

Фарғона вилоят, Тошлоқ тумани ҳокими “Саидбек Сардорбек Файз” фермер хўжалигининг 18 гектар боғини кесиб ташлади.

Фермернинг айтишича, ҳоким бунга Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низомни асос қилиб кўрсатган.

Аммо боғни бунёд қилган деҳқоннинг айтишича, туман ҳокимлиги ташкил этган комиссия кесиш ҳақида хулоса бермаган ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз қарийб 1000 туп энди ҳосилга кирган экспортбоп олма, 400 туп бодом ва 350 туп олхўри йўқ қилинган.

Боғни кестириб ташлаганини инкор этмаган туман ҳокими бу масалани фермер билан 29 декабрда муҳокама қилишини айтди.

Тошлоқ ҳокими фермернинг Россияда ишлаб топган пулига қилган боғини кесиб ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

49 яшар Тожиамад Ўрмонов узоқ йиллар Россияда қора ишчилик билан топган пулини Ўзбекистонга юбориб, боғ бунёд қилишга сарфлаган.

2015 йилда қизи Гулҳаёхон Мирзалиева номига “Саидбек Сардорбек Файз” боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигини ташкил этган.

Ишни 2015 йилда 4,27 гектар ерга боғ қилишдан бошлаган. 2019 йил эса атрофдаги кичик боғларни бирлаштириб, ери 18,5 гектар бўлган.

Фермернинг боғи гуллаганда
Фермернинг боғи гуллаганда

Ҳокимлик билан 49 йилга ижара шартномаси тузган.

Қарийб 1000 туп экспортбоп “Крепсон” навли қизил олма, 400 туп олий навли бодом, 350 туп олхўри, пилла учун 3800 туп тут эккан.

Фермер боғидаги бодомлар шунақа эди
Фермер боғидаги бодомлар шунақа эди

Аммо, 2019 йилнинг октябрида, Тожиамад Ўрмонов Ўзбекистонда бўлиб турган пайтда, туман ҳокими бошчилигидаги комиссия унинг боғини келиб кўргандан сўнг боғни кесиш бошланган.

- Октябрь ойида ҳоким комиссия билан келиб боғни кўрди. Боғингиз қолади деди. Боғда 80 туп катта ўрик бор эди. Ҳоким, шу ўрикларни боғча ва мактабларга ўтин учун беринг, деди. Мен шуни сўраяпти, демак бу ёғи кесилмасдан қолса керак деб ўйлаб, розилик бердим. Ноябрнинг бошида 63 дона ўрикни ўзлари кесиб, ўзлари бутаб шох-шаббасигача олиб кетишди. Қаерга олиб кетишди, мен буни билмайман.

Фермернинг боғи
Фермернинг боғи

Тожиамад Ўрмоновнинг айтишича, декабрь ойининг бошида унинг боғини қолган дарахтларини кесиш бошланган:

- Менинг боғимни кесиш ҳақида ҳеч қандай қарор кўрсатмасдан, кесамиз деб огоҳлантирмасдан, бир бошдан кесишни бошлашган. У пайт мен Россияга, ишимга қайтган эдим. Уйдагиларим аввал икки кун дод-вой қилиб қўймаган, қизим қарорни кўрсатинглар деб ҳокимликка борган. У ерда унга бир умумий қарорни кўрсатишган. Бу қарорда менинг боғим ҳақида гап ҳам бўлмаган.

Ҳоким қарори
Ҳоким қарори

Тожиамад Ўрмонов Россиядан ҳар битта кўчат учун пул жўнатганини айтади:

- Россияда боғ қилай деб икки сменада ҳам ишлаганман. Таксичилик қилганман, ғишт терганман, сувоқчилик қилганман, топганимни фақат шу боққа сарфладим. Юзлаб одамларни ишлатдим, яъни иш жойи билан таъминладим. Кунига 30-40 минг сўмдан пул тўладим. Давлатдан бир сўм ҳам пул олмаганман. Сув чиқариш учун 500-600 метр электрни ўзимни маблағим билан тортдим. Орттириб, шу йил ёзда 13 миллион сўмга насос қўйдирган эдим. Қоровулимга ҳар ойда 600 минг сўмдан ўз ёнимдан маош тўладим. Хуллас, пешона терим ҳисобига бунёд қилган боғимни ваҳшийларча кесиб ташлашди.

Тожиамад Ўрмоновнинг айтишича, пилла учун экилган 3800 туп тут дарахтининг 600таси ҳам кесиб ташланган.

Фермер ҳуқуқини ҳимоя қилаётган, исми сир қолишини сўраган ҳуқуқшунослардан бирининг айтишича, туман ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ўз манфаати йўлида қўпол равишда бузган:

“Туман ҳокими 30 октябрда ҳоким 6419 сонли қарор чиқаряпти. Бу қарорда туманда самарасиз фойдаланган боғларни мониторинг қилинглар, деяпти. Шунинг бир пунктида экспортбоп, сифатли боғларни алоҳида кўрсатинглар, дейилган. Бор қарор шу. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Ана шу қарор асосида ҳоким оадмлари боғни кесиб юборяпти. Фермер эса, майли мана бу ерда 5 гектар тўрт йиллик “крепсон” деган экспортбоп олма бор, шу қолсин ҳеч бўлмаса деса, хўп деб ташлаб кетяпти. Лекин бир ҳафтадан кейин келиб ўша олмани ҳам кесиб кетяпти. Комиссиянинг айнан қайси боғлар кесилиши ҳақидаги хулосаси ҳам йўқ. Ҳоким энди ҳосилга кирган, экспортбоп ҳосил берадиган дарахтларни кестириб ташлади. Бунинг ўзи инсонийлик юзасидан ҳам, қонун юзасидан ҳам жиноят, бу Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қўпол равишда бузилиши. Мен жабрдийда томонга адвокат ёллаб, ҳокимни судга беришни таклиф қилдим”.

Ҳокимнинг фермерга боғдорчилик учун ер ажратгани қарори
Ҳокимнинг фермерга боғдорчилик учун ер ажратгани қарори

Озодлик бу масалага изоҳ беришни сўраб, Тошлоқ туман ҳокими Шуҳрат Абдусаломов билан боғланди. Ҳоким бу масала хусусида 28 декабрь куни фермер билан учрашишини айтди:

- Бу фермер билан эртага мен шахсан юзлашиб, гаплашаман. Бугун тадбиримиз кўп бўлди.

Озодлик: Боғни кестириб юборибсиз, энди нимани гаплашасиз?

Ҳоким: Энди уни жойида кўрамизда. Бўпти, олдимда одам бор эди. Хайр.

Озодлик бир кун аввал Фарғона вилоят, Ўзбекистон тумани ҳокими боғ қилиш учун фермерга ер бергани, фермер 10000 кўчат эккандан кейин боғни тортиб олиб, бошқа фермерга бериб юборгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG