Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:12

"Ислом тараққиёт маркази" қуриладиган жойдаги уйлар куч билан бузиб ташланди


Нафақахўр аёл уйининг бузилишига қаршилик кўрсатмоқда/
Нафақахўр аёл уйининг бузилишига қаршилик кўрсатмоқда/

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги хонадон эгаларининг шикоят қилишича, 19 декабрь куни бир неча хонадон куч билан бузиб ташланди. Бузилган уйлар ўрнида Ислом тараққиёт маркази қурилиши билдирилган.​

Уйларни бульдозерлар билан бузиш амалиётида, гувоҳлардан бирининг айтишича, Олмазор тумани ҳокимияти, милиция ва маҳалла фаолларидан иборат юз нафардан ортиқ одам иштирок этган.

Озодликка юборилган фотосуратлар ва видеотасвирларда Зарқайнар кўчасидаги хонадонлар эгаларининг бузиш жараёнига қаршилик қилаётганини кўриш мумкин.

Бузиш жараёнига хонадонлар эгалари қаршик кўрсатди
Бузиш жараёнига хонадонлар эгалари қаршик кўрсатди

Жумладан, уйи бузилишига қаршилик кўрсатган 67 яшар Хатира Алимова ҳушидан кетиб қолган.

Хонадон эгаси ҳушидан кетди
Хонадон эгаси ҳушидан кетди

Камида олтмишта милиция ходимлари келганди. Хонадонлар эгаларини куч билан уйларидан олиб чиқиб, панжарали автобусга ўтқазиб қўйишди. Баъзи аёллар ҳушидан кетиб қолди. Лекин, ҳокимият вакиллари ҳеч кимнинг дод-войига қарагани йўқ,” деди хонадон эгаларидан бири.

Ҳодиса юзасидан Озодликнинг Олмазор туман ҳокимиятидан изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчасида яшовчи аҳоли Озодликка уйларининг бузилиши ҳақида Олмазор тумани ҳокимиятидан ноябрь ойи бошида огоҳлантириш хати олганликларини айтганди.

Маҳаллий аҳолига кўра, Олмазор ҳокимияти вакиллари улар кўп қаватли уйларга кўчирилиши ҳақида маълум қилган.

Бузилган уйлар ўрнида Ислом тараққиёт маркази қурилиши билдирилган. Хатда уйларнинг қачон бузилиши ва хонадон эгалари уйларини қачонгача бўшатиб қўйишлари ҳақида аниқ муддат келтирилмаган.

19 декабрда бузилган ҳовли-жойлардан бири яшаган 2 оила - ҳаммаси бўлиб 5 киши 1 та 1 хонали квартирага жойлаштирилгани маълум бўлди.

Эски шаҳарнинг бошқа маҳаллаларидаги уйлар тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум қолмоқда.

Тошкент шаҳрининг, асосан, Олмазор ва Шайҳонтоҳур туманларини ўз ичига олган Эски шаҳар аҳоли нисбатан зич яшайдиган, қадимий маҳаллалардан иборат.

Лекин, Эски шаҳарда қанча одам яшаши ҳақида аниқ статистик маълумот йўқ.

Шаҳар ҳокимлиги сайтида келтирилишича, Олмазор туманида 400 мингдан ошиқ, Шайҳонтоҳур туманида эса 400 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Олмазор туманида аҳоли зичлиги ҳар километр квадратга қарийб 9 минг киши, Шайҳонтоҳур туманида эса 11 минг кишидан тўғри келади.

XS
SM
MD
LG