Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 12:35

Навоийлик ҳамшира ишдан бўшатилганига норозилик тариқасида жонига қасд қилди


Гулрўҳ Дўстова касалхонанинг жонлантириш бўлимида
Гулрўҳ Дўстова касалхонанинг жонлантириш бўлимида

Навоий кон-металлургия комбинатининг Учқудуқ туманидаги 2-тиббий-санитария қисми ҳамшираси Гулруҳ Дўстова 28 март куни ўз жонига қасд қилди.

Ҳамшира яқинларининг айтишларича, ишдан ноқонуний бўшатилгани ҳақида юқори идораларга ёзган шикоятларига жавоб ололмаган Гулруҳга фаррошлик вазифаси таклиф қилинганидан сўнг, у қон босимини туширадиган дори ичиш орқали жонига қасд қилган. Ҳушидан кетган аёлнинг ҳаёти касалхонада сақлаб қолинган. Бу ҳодисани Учқудуқ тумани прокуратураси тергов қилмоқда.

Учқудуқ туманидаги 2-тиббий санитария қисми ҳамшираси, 29 яшар Гулруҳ Дўстова 28 март куни кундузи ўз уйида жонига қасд қилди. Уни ҳушсиз ҳолда топган эри Муҳаммад Аҳадовга кўра¸ кадрлар бўлими бошлиғи хотинига ишдан бўшатилганини айтиб¸ унга фаррошлик таклиф қилганидан сўнг шу воқеа содир бўлган:

- Кеча мен кундузи ухлаб ётган эдим, чунки тунда ишлайман. Тушга яқин ўрнимдан бир турдимда¸ хотинимнинг ойна олдида ўтирганини кўрдим. Ташқарига чиқиб келсам, ерда чўзилиб ётибди. Кўтариб ўрнига ётқиздим-да сув сепдим, бироз ўзига келди. Кейин нима бўлди, қаеринг оғрияпти десам, менга раҳми келдими ёки ёлғиз фарзандимизгами, мени кечиринг, дори ичиб қўйдим, деди ва яна ҳушидан кетди, дейди Муҳаммад Аҳадов.

Унинг айтишича, чақиртирилган тез ёрдам Гулруҳни олиб кетган ва у реанимация бўлимига ётқизилган:

- Шифокорларга раҳмат, аёлимнинг ҳаётини сақлаб қолишди, дейди Муҳаммад Аҳадов.

Озодлик 29 март куни реанимация бўлимида ҳушига келган Гулруҳ Дўстованинг ўзи билан гаплашди.

Заиф овозда гапирган ҳамшира¸ раҳбарларнинг ўзига нисбатан қилган адолатсизлиги жонига қасд қилишгача мажбур қилганини айтди:

- Ўтган йилнинг октябрь ойида мен ишда эдим. Бир пайт бир одам халатсиз бўлимга кириб кела бошлади. Мен унга бу ерга халатсиз кириш мумкин эмас, бу ерда чақалоқлар бор, деб қўймадим. Бир пайт унинг орқасидан бош врачимиз ўринбосари Эркин Ибрагимович кириб келди-да¸ менга бақириб кетди. Сен нега ақл ўргатасан, сени йўқотмасам¸ қўймайман¸ деди. Шундан кейин менга нисбатан босим бошланди, дейди ҳамшира.

Гулруҳ иддаосича¸ шундан сўнг ўзига нисбатан "жазо кампанияси" бошланган:

- Замглавврачнинг танишидан битта халат сўраганим учун олти ойдан бери тинчлик йўқ, иш жойида йўқ, деб наказание берди, выговор берди. Хўп майли, хўп майли деб, бошимни эгганимча ишлаб юравердим. Йўқ, булар қониқмади бундан, 28 январда менинг штатимни қисқартиришди. Ҳамма жойда мени ёмонлаб, больницага ёмон отлиқ қилишди. Моралний эзишди мени. Ўн йил ҳамшира бўлиб ишлаганман, лекин сўнгги олти ойда мен ёмон бўлиб қолдим. Жуда ҳам тушкунликка тушдим. Энг сўнгги нуқта кадрлар бўлими бошлиғининг, 29 мартдан ишдан бўшадинг, хоҳласанг кўча супурувчиликка жой бор, деб устимдан кулгани бўлди. Кейин жуда алам қилди ва дориларни ичиб юбордим, дейди Гулруҳ Дўстова.

28 январь куни иш ўрни қисқартирилгани ва уч ойдан сўнг ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилган Дўстова¸ ишдан ноқонуний бўшатилаётгани ҳақида маҳаллий раҳбарлардан то президент порталигача шикоят қилган. Лекин бу шикоятлар натижасиз қолдирилган.

Учқудуқ туманидаги 2-тиббий санитария қисми бош врачи ўринбосари Эркин Нормуродов ҳамширанинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади ва у тилга олган халат можаро бўлганини ҳам тан олди.

Айни пайтда Нормуродов¸ ҳамшира аëлнинг сурункали босим ва ноқонуний ишдан бўшатилгани ҳақидаги иддаоларини рад этди:

- Унинг ҳамма гаплари асоссиз. Ўшанда мен халат билан кирганман, менинг ортимдан боласини кўргани келган одам халатсиз бўлган. Ҳамшира унга қўпол муомала қилаяпти. Мен шунинг учун унга наказание берганман. Унга ҳеч ким босим ўтказмаган. Ҳаммаси қонун доирасида. Унинг ишдан кетишига олган наказанияси ҳам сабаб эмас. Сабаби, бизда иш берувчи Шимолий кон бошқармаси ҳисобланади. Уларнинг кадрлар бўлими кўриб чиқади, медсанчастнинг унақа ваколати йўқ. Бу аёлни ишдан бўшатганимиз йўқ. Ўша жойнинг ўзи қисқараяпти, биз унга бошқа бўлимлардан иш таклиф қилаяпмиз. Ҳеч қанақа ишдан кетадиган жойи йўқ. Ўзи йўқ деяпти, деди Эркин Нормуродов.

Учқудуқ тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда Гулруҳ Дўстованинг нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани ўрганиб чиқилаётгани ва бу иш якунига етгандан сўнг батафсил хабар берилишини айтди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 103-моддасига кўра, моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 42 яшар Дилором Маъмирова ҳам 12 февраль куни ўз жонига қасд қилган, аммо унинг ҳаётини қўшнилари аранг қутқариб қолган эди. Мулозимларнинг Маъмирова ва унинг ўнлаб қўшнисидан “президент совғаси” дея текинга берилган уй учун ижара пули талаб қилишгани бу воқеага сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG