Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:11

12 кг. героин ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтгани ортидан чегарада яна узундан-узун навбат пайдо бўлди


Ўзбек-қозоқ чегарасидаги узундан-узун навбатнинг 25 сентябрь кунги манзараси.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги узундан-узун навбатнинг 25 сентябрь кунги манзараси.

25 сентябрь куни Озодликка келган сурат ва видеоларда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасининг “Ғишткўприк”/”Жибек Жоли” постида Ўзбекистонга кириш учун юзлаб метрга чўзилган машиналар карвони пайдо бўлгани акс этган.

Озодлик гаплашган ўзбекистонликлар ўзларининг икки суткадан бери Ўзбекистон ҳудудига кира олмаëтгани¸ ўзбек чегарачилари ҳам, божхоначилари ҳам бундай тиқин сабаби ҳақида расмий тушунтириш бермаëтганини билдирди.

Қозоғистон Чегара хизмати Озодликка бу тиқинга ўз томонининг алоқаси йўқлиги маълум қилди. Ўзбекистон томондан ҳозирча изоҳ берилмади.

Ўзбек-қозоқ чегарасида яна тиқин

Озодликка ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазият акс этган сурат ва видеоларни юборган ҳайдовчилар ўзларининг икки суткадан бери Ўзбекистонга кира олмаëтганини билдирди.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги узундан узун навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:17 0:00

Черняевкада (“Ғишткўприк”/”Жибек Жоли” чегара-божхона постининг халқ тилидаги номи – таҳр.) навбат силжимаяпти – ўзбек божхоначилари ўтказмаяпти. (Ўзбекистонга киритмаяпти - таҳр.) Бирор расмий чиқиб одамларга тушунтириш бермаяпти. Шофëрлар йиғилиб¸ Божхона қўмитасига телефон қилдик. Улар бизга "ўрганиб кўриб¸ ўзимиз чиқамиз" дейишди¸ аммо ҳеч ким қайтиб телефон қилмади. Постда турганлари одамлар билан умуман гаплашмаяпти¸ изоҳ ҳам бермаяпти. Юк ва енгил машиналарни бараварига ўтказмаяпти. Қозоғистон томонидаги мост умуман қотиб қолган¸ лекин қозоқларнинг бунга алоқаси йўқ”¸ деди чегарадан ўтишда муаммога учрамаслик учун шахсини очиқламаган ҳайдовчилардан бири.

Навбат кутаëтган ҳайдовчилардан бирининг тахминича¸ ўзбек-қозоқ чегарасидаги бу тиқин ўтган жума куни Россияга кетаëтган учта тожикистонлик ëш йигит машинасидан наркотик моддалар топилгани билан боғлиқ:

Тожикистонликлар учта машинада олдинига Ўзбекистонга кирган¸ кейин Ўзбекистон божхона ва чегара контролидан ўтиб¸ Қозоғистонга кирган. Қозоқ божхоначилари ҳар учала машинадан катта партия наркотик топган. Шунга энди ўзбек томони кирувчиларни қийнаб ташлаяпти”.

12 кг героин икки марта ўзбек чегара-божхона постидан бемалол ўтгани тахмин қилинмоқда

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати расмийси Ўзбекистон билан чегарада пайдо бўлган тиқинларга алоқаси йўқлигини билдирди.

Айни пайтда мазкур идора матбуот хизмати мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда катта партия наркотикларнинг қўлга олинганини тасдиқлади.

20 сентябрь куни “Жибек Жоли” постида бизнинг божхоначиларимиз Тожикистон фуқароларига тегишли автомашинага бекитилган 12 кг героинни қўлга туширди. Тергов сири боис сизга қўлга олинган тожикистонликлар шахсини очиқлай олмайман. Улар бу героин билан Ўзбекистон ҳудудидан ўтиб Қозоғистонга кирганда¸ Линда лақабли махсус искович итимиз тайникда наркотик борлигини аниқлаган. Чегарада пайдо бўлган тиқиннинг бу воқеага бевосита алоқаси бор-йўқлигини сизга аниқ айта олмайман"¸ деди Қозоғистон чегара хизмати расмийси.

Қозоқ чегарачилари намояндасига кўра¸ “Ғишткўприк”/”Жибек Жоли” пости Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасининг энг катта ва техник жиҳатдан энг яхши жиҳозланган ўтиш пункти ҳисобланади.

“Бу ерда наркотикларни аниқлаш учун техник имкониятлар¸ шунингдек¸ махсус ўргатилган итлар бор. Аммо биз 12 кг героиннинг қандай қилиб қўшни давлат божхоначиларидан ўтгани ҳақида шарҳ бера олмаймиз” деди Озодлик суҳбатлашган Қозоғистон расмийси.

Қозоғистон Чегара хизмати расмийси¸ “бу қадар катта миқдордаги героиннинг Ўзбекистон давлат чегарасини бир эмас¸тахминларга кўра¸ икки марта кесиб ўтганида чегара ва божхона хизмати ходимларининг нопрофессионаллиги айблаш керакми ëки коррупцияни?” деган саволга ҳам “no comment” дея жавоб берди.

Ҳозирча “Ғишткўприк” чегара-божхона постидан Қозоғистонга ўтган 12 кг. героиннинг Ўзбекистон ҳудудига қандай киргани ҳақида маълумот йўқ.

Жорий йил январида «Ғишткўприк» чегара-божхона пости модернизация ва реконструкция қилиниб¸ ўзбек расмийлари баëнотига кўра¸ “бир кунда 40 минг нафар киши ҳаракатланиши учун имконият юзага келган” эди.

Ўзбекистон томони келтирган расмий рақамларга кўра¸ 2018 йилда айни чегара-божхона постидан 10 миллион 183 мингдан ортиқ одам¸ 101 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтган.

Дунëга тарқалаëтган героиннинг 90¸ Европага етиб келаëтганининг эса 95 фоизи¸ БМТ идорасига кўра¸ Афғонистонда етиштирилаëтган қорадоридан тайëрланмоқда. Бу героин қолган дунë¸ хусусан¸ Европага бир неча йўналишда етиб келади. Улардан “шимолий маршрут” деб аталадигани Тожикистон¸ Қирғизистон¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Россия орқали Европага келади. Мутахассислар тахминича¸ афғон героинининг 25-30 фоизи айнан шу йўналиш орқали тарқамоқда.

XS
SM
MD
LG