Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

HRW: Гей “пропагандага” қарши қонун ЛГБТ ўсмирлар ҳаётини янада оғирлаштирди


Халқаро Хьюман Райтс Уотч (HRW) ташкилоти Россияда гей “пропагандани” ман этувчи қонун лесбиян, гей, бисексуал ҳамда трансгендер (ЛГБТ) ўсмирлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб, мамлакат расмийларини қонунни бекор қилишга чорлади.

Ташкилотнинг навбатдаги ҳисоботида 2013 йилда қабул қилинган қонун Россияда ЛГБТ одамларга ўтказиладиган тазйиқни янада кучайтиргани айтилади.

12 декабрь куни эълон қилинган ҳисоботда мазкур қонун ожиз сексуал ҳамда жинсий озчиликларни нишонга олувчи “сиёсий гомофобиянинг классик мисоли” эканлиги таъкидланади.

Бошида “Болаларни анъанавий оила қадриятларини рад этувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” деб аталган қонун вояга етмаганлар орасида ноанъанавий сексуал алоқалар тарғиботини ман этади.

HRW ташкилоти тадқиқотчиси Кайл Найт сўзларига кўра, “очиқчасига дискриминацион” бўлган ушбу қонун унинг тарафдорлари кўзлаган натижаларга эмас, балки уларнинг акига олиб келмоқда.

Найтнинг айтишича, қонун туфайли болалар ва ўсмирлар учун онлайн маълумот манбалари блокланиб, руҳий соғлиқ мутахассислари ёшлар билан ишлашига тўсиқ қўйилган.

Найт, шунингдек, қонун Россиядаги ЛГБТ шахсларга қарши зўравонликни кучайтириб келаётганини таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатда у шундай деди:

- Янги ҳисоботимиз учун тўпланган далиллар қонун аслида айрим ёшлар ҳаётини барбод қилганини кўрсатади.

HRW болаларнинг мактабда, уйда ҳамда жамоат жойларидаги ҳаёти билан танишиш учун Россия бўйлаб ўнлаб ЛГБТ ўсмир ҳамда психологдан интервью олган.

Хабаровск вилоятида яшовчи 14 ёшли ЛГБТ бола HRW билан суҳбатда 2013 йилги қонун гомофобларнинг хоҳлаган ишга қўл уришига йўл очиб берганини таъкидлаган.

Ҳисоботда ёзилишича, қонунни ЛГБТ шахсларга қарши гуруҳлар суиистеъмол қилиб келади. Ташкилотга интервью берган ЛГБТ ўсмирлар бундай ҳужумларга расмийлар одатда кўз юмишини айтган.

Интервью берганларнинг кўпчилиги ўзларини ҳимоя қилиш учун аноним қолишга мажбур бўлаётганликларини изҳор қилган.

Шунингдек, ЛГБТ ўсмирлар ота-оналари уларни тушунишлари ўта муҳим эканлигини, аммо одатда бундай бўлмаслигини айтишган.

Интервью берганлар, шунингдек, мактабларда ҳам мунтазам равишда тазйиқ ва зўравонликка дучор бўлишларини ва натижада мактабни эрта тарк этишга мажбур бўлишганини таъкидлашган.

HRW Россия Таълим вазирлигини зўравонлик ҳамда таҳқирлашлар ҳақида шикоят юбориш механизмини йўлга қўйиб, шикоят келиб тушганидан кейин, зудлик билан тергов ўтказишни ҳамда тегишли чораларни кўришни йўлга қўйишга чорлади.

Ташкилот Россия ҳукуматини гей “пропаганда” қонунини ҳамда ЛГБТ шахслар ҳуқуқларини бузувчи бошқа қонунларни бекор қилишга ҳамда барча ЛГБТ шахслар, жумладан, болалар ҳамда ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунларни жорий қилишга чорлади.

XS
SM
MD
LG