Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:52

Ғариб Дўстлик. Ўзбекистон чегарасидаги абгор қозоқ қишлоғи


Туркистон вилояти, Келес тумани, Дўстлик қишлоғи. 5 октябр 2021 йил.
Туркистон вилояти, Келес тумани, Дўстлик қишлоғи. 5 октябр 2021 йил.

Дўстлик (Достик) қишлоғи Ўзбекистон билан чегара ёнгинасида жойлашган. Расман бу ерда салкам 2.5 минг аҳоли яшайди, аммо ишсизлик сабабли кўпчилик шаҳарга кўчиб кетган. Дўстлик Ўзбекистонга жуда боғланиб қолган – суғориш учун сув қўшни мамлакатдан келади, лекин Сардоба сув омбори ўпирилганидан бери сув ҳажми камайиб, экин-тикин қилиш катта муаммога айланди. Қишлоқнинг бундан бўлак муаммолари ҳам етарли.

ЧАНГУ ЛОЙ КЎЧАЛАР, ЯРОҚСИЗ СУВ

Туркистон вилоятининг Келес туманига қарашли Дўстлик қишлоғида инфратузилмадан фақат электр, лойқа сув ва ягона асфальт кўча бор холос. Қишлоқдан Ўзбекистон ҳудуди – чегара миноралари ва ҳарбий техникалар яққол кўриниб туради. Дўстликка кириб-чиқадиган ҳар бир киши чегара назоратидан ўтиши керак.

Дарвоқе, қишлоқ болалари чегарадаги симтўсиқ ёқалаб мактабга қатнашади. Ота-оналар алағда бўлишади‑ю лекин бошқа иложи йўқ.

“Йўлдан юришадиган бўлса, жуда узоқ. Ҳам ёзда тизза бўйи тупроқ, қишда лой кечишга тўғри келади. Тузукроқ йўл қуриб беришларини қачонлардан бери кутамиз, лоақал болалар учун мактаб автобуси бириктиришса, яхши бўларди”, дейди 66 ёшли пенсионер Гулсим Қалдарбекова.

Гулсим Қалдарбекова невараси билан.
Гулсим Қалдарбекова невараси билан.

2019 йилда Дўстликка сув ўтказишган эди, лекин у ичишга яроқсиз бўлиб қолган. Турғунлар айтишича, ерости сув захиралари камайиб, жўмракдан лойқа сув оқадиган бўлиб қолган. Тоза сувни эса сотиб олишади. Ҳар бир оила ҳар ой 5-6 тонна сув учун тахминан 7 минг тангадан тўлайди. Кўплар учун бу каттагина пул. Суғориш ҳам бир ташвиш: ўтган йили Сардоба сув омбори тўғони ўпирилганидан сўнг Ўзбекистондан сув келиши камайиб кетгач, одамлар томорқа қилмай қўйган. Сувсизликдан ҳатто кўчадаги дов-дарахтлар ҳам қовжирамоқда.

Келес тумани акимати мулозими Абубакир Сапаров Озодлик билан суҳбатда аҳоли экинларини суғориши учун сув олиш масаласида қўшни давлат билан музокара олиб борилаётганини айтди.

“ТОПГАНИМИЗ ТОМОҒИМИЗГА ЕТМАЙДИ”

44 ёшли Сарагул Исқулова болалари билан қуриб битказилмаган уйда яшайди. Жой қилиб олинган ягона ҳужрага тўшалган гилам унниқиб кетган. Болалар гиламда ўтириб дарс қилмоқда. Хонадаги ягона деразага эски чойшаб тутилган. Ёғоч яшик устида кичкина телевизор турибди.

“Икки йилдан бери шу аҳволда яшаймиз. Эрим биринчи гуруҳ ногирони. Доимий иши йўқ, мардикорлик қилиб рўзғор тебратяпти. Қишда шу ҳам йўқ. Ўзим ишлай десам, соғлиғим яхши эмас”, дейди Сарагул.

Сарагулнинг эри Ўзбекистон фуқароси экан. Ўзбекистон қозоқ пули қийматида тахминан 20 минг танга нафақа тўларкан. Мол-ҳоллари йўқ, деҳқончилик қила олишмайди. Акимат ҳар ой 60 минг танга ижтимоий нафақа бериб турган экан, лекин ёзда уни тўхтатиб қўйибди.

“Топганимиз еб-ичишимизга етмайди. Қишлоқда сув йўқ – уни сотиб оламиз. Пулимиз бўлмаганда қўшнилардан сув сўраймиз. Нафақани узиб қўйишди, кунлик иш йўқ, у ёғига қандай яшаймиз – ҳайронман”, дейди аёл.

Дўстлик аҳли ўзаро сўзлашувда ўзбекча сўзларни кўп қўллашади. Сабаби, асосан ўзбек телеканалларини кўришади. Қозоғистонникидан эса фақат “Қозоғистон” ва “Хабар” расмий каналлари кўрсатар экан.

ҚИШЛОҚДАН БЕЗГАНЛАР КЎП

Дўстликдан кетишни хоҳловчилар кўп. Қишлоқда деворига “Сотилади” деб ёзилган бир талай уй бор. Одамлар айтишича, илгари қишлоқда амаллаб кун кўриш мумкин эди, лекин ҳозир бу ерда қолишдан маъно йўқ.

“Бурун Ўзбекистон кўп сув берарди. Ҳамма ёқ ям-яшил эди, боғ, томорқа қилардик. Ҳозир сув деярли қуриган, ҳамма нарса қовжирамоқда. Тортиб келинган ичимлик суви эса истеъмолга яроқсиз. Шуни ҳам кун ора беришади. Кўчадан машина ўтса бўлди, ҳамма ёқ чанг-тўзонга бурканади”, дейди қишлоқ турғуни, 48 ёшли Замира Элчибек.

Замира Элчибек
Замира Элчибек

Замирага кўра, қишлоқликларнинг ягона тирикчилик манбаи чорва бўлиб қолган. Аксар хонадонлар 3-4 бошдан қорамол ва бир нечтадан қўй боқади. Илгари аччиқ қалампир етиштиришаркан. Ўзбекистондан сув келиши тўхтаганидан бери экмай қўйишибди. Қўлидан иш келадиганлар аллақачон Олмаота, Чимкент ва Нур-Султонга жўнаб кетишган.

“Иш бўлмаса бунақа жойда тирикчилик қилиш жуда оғир. Ўтган йили қалампир эккандик, сув камлиги учун яхши битмади. 30 сотихдан бор-йўғи тўрт қоп ҳосил олдик. Килосини 50-60 тангадан сотдик – атиги 10 минг танга бўлди”, давом этади аёл.

Замиранинг тўрт фарзанди бор. Эри ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Қиш ва ёзда пул топгани шаҳарга кетади. Вояга етган икки ўғли бекор юрибди. Қишлоқда боғча, мактаб ва ҳарбий қисмдан бошқа ҳеч қаерда иш йўқ. Ўғиллари баҳор ва кузда мардикорлик қилади, қишда яна ишсиз.

Пенсионер Абдилда Эшмуканов 24 йил муқаддам Ўзбекистондан кўчиб келган. Унинг айтишича, қишлоқда кўплаб оилалар пенсия ва нафақа пулларига кун кечиради, аммо қимматчилик ва ишсизлик одамларни жуда ҳоритган.

“Кўчиб кетсаммикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. На сув бор, на йўл, ишни эса гапирмаса ҳам бўлади. Экин-тикин қилолмайсан. Бир пайтлар ўтқазган дарахтларим қуриб бораяпти. Чорвачилик ҳам нари-бери – ем-хашак нархи кун сайин ошяпти”, нолийди қария.

AKИMAT МУАММОДАН ХАБАРДОР, АММО...

Ушкин қишлоқ округи акими Галимжон Бойдўсов Дўстлик, Ушкин ва Қоралас қишлоқларининг абгорлигини тан олади. Ва бу барча муаммоларни маблағ етишмовчилиги билан изоҳлайди.

“Ҳамма муаммолар пул билан ҳал бўлади. Келес тумани ташкил қилинганига энди уч йил бўлди. Янги туман, энди оёққа туряпти. Ана, Ушкинда 80 фоиз йўлларни асфальт қилдик. Газ тортиб келдик. Дўстлик билан Қоралас ундан бир ярим чақирим нарида, лекин у ерларга ҳали газ бормаган. Газ бормагунича йўл ҳам қурилмайди”, дейди аким.

Акимга кўра, илгари округда 7.5 минг киши яшаган бўлса, ҳозир 6 мингга бормайди. У аҳоли меҳнат миграцияси ҳисобига камаяётганини айтади. Кетаётганларнинг аксарияти ёшлар экан.

Аҳолининг 60 фоизи меҳнатга лаёқатли бўлса-да, 6 минг кишидан атиги 300 нафари доимий иш жойига эга – улар боғча, мактабда ва акимат идорасида ишлашади. Қолганлар “ўзини ўзи банд қилган”. Йил бошидан бери манзилли ижтимоий ёрдам оладиган оилалар сони 53 тадан 120 тага етди, дейди Бойдўсов.

XS
SM
MD
LG