Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 14:27

Фермерлардан ерни топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олинмоқда


Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Бўка туманига борган ва фермерлар билан гаплашган эди.

Тошкент вилоят, Бўка туманидаги фермерлардан ерни “ўз ихтиёри билан давлат захирасига ўтказиш” ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинмоқда.

Озодликка гапирган фермерларнинг айтишларича, гарчи улар пахта топшириш бўйича тўғридан-тўғри кластер билан шартнома қилган бўлса-да, вилоят ва туман ҳокимликлари ички ишлар ходимлари ёрдамида фермерларни бир жойга қамаб, ариза ёздириб олмоқда.

Фермерлар бундан асосий мақсад, уларнинг ерларини кластерга олиб бериш эканлигини иддао қилишаётир.

Туман ҳокимининг ёрдамчиси бундай ҳолат бўлганини инкор қилди.

Бўка туманида шу пайтгача ўттиздан ортиқ фермердан ерини “ўз ихтиёри билан давлат захирасига топшириш” ҳақида ариза ёздириб олинганини шу воқеага бевосита гувоҳ бўлган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири Озодликка айтди:

“Биринчи оммавий ариза ёздириш 17 октябр куни бўлган эди. Шахсан вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Узоқовнинг ўзи фермерларни зерноскладга қамаб олиб “бугун якшанба, кечгача вақтим бор, ҳамманг ерни топшириш бўйича аризангни ёзасан”, деди. Йигирматача фермер ёзиб берди, кейин нимадир бўлди, йиғилишни тўхтатиб, кетиворди”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бўкалик фермернинг айтишича, орадан бир ҳафта ўтиб туман ҳокими фермерлардан ариза олишни давом эттирган:

“21 октябр, пайшанба куни эди. Туман ҳокими Низомиддин Аббосов ва милиция бошлиғи фермерларни коллежга йиғди. Ҳаммадан “фермер хўжалиги балансидаги ер майдонини туман захира фондига топшираман” деган ариза ёздириб олди. Ҳеч қандай сабаб кўрсатилмаган, фақат розилик бўлса бўлди экан. Ваҳоланки, Ер кодекси 24-моддасининг ўнинчи қисмига кўра, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Булар эса ўзлари қонун, ўзлари суд ва ўзлари ижро этувчи бўлиб олган!”

Ўзбекистон президенти жорий йил 9 июнида “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш, айни ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланган эди.

Аммо фермерларнинг айтишларича, ҳокимлар президент фармонини ҳам писанд қилмай, ўзбошимчалик билан иш тутмоқда:

“Бу ерда оддий иш тартиби бор. Фермер кластер билан шартнома қилади. Шартномани бажарса яхши, ортиғи билан бажарса 30 фоизлик қўшимча мукофот олади. Бажаролмаса, жаримасини тўлайди. Ҳокимлик икки мустақил субъектнинг орасига суқулиб нима қилади? Нима қилади уларнинг ишларига аралашиб? Чунки ҳокимликнинг бундан манфаати бор. Фермерларни ўз ерларидан воз кечишга мажбур қилиб, бу ерларни ҳеч нарсани эплолмаётган кластерга олиб беришдир. Бу ерда мен бошқа нарса кўрмаяпман. Мажбурий ариза ёздириб олиш Каримов даврида ҳам, Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлганда ҳам бор эди ва унинг президентлик даврида ҳам давом этяпти”.

Ўзини Бўка тумани ҳокимининг ёрдамчиси Темур деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда, фермерлардан ерни топшириш бўйича ариза ёздириб олинаётганини инкор этди:

“Бу нотўғри маълумот, ҳозир ҳокимларнинг ер олиш ёки ер бериш ваколати йўқ. Бизда бунақа ҳолат ҳали кузатилмаган!”

Озодлик олган маълумотга кўра, Андижон вилоятининг Андижон туманида ҳам фермерлардан ерларини туман захирасига қайтариш ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинган:

“Бизда ҳам фермерларни чақириб, беш кун ичида пахта шартномасини бажараман, бажаролмасам, еримни топшираман” деган мазмунда ариза ёздириб олинди. Мақсад ерни туман захирасига олиб, бошқа янги фермерга пуллаш. Ҳар йили шундай қилишади”, дейди андижонлик фермерлардан бири.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда фермерларнинг ерларини ҳокимлар зўрлик билан тортиб олиш ҳолатлари кўп кузатилган.

Гарчи қонунда фермерлар ерларини фақат суд қарори билан олиш белгилаб қўйилган эса-да, ерлари ноқонуний олиб қўйилган фермерлардан шикоятлар келиши давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG