Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:22

Янгийўл ҳокимлиги режани бажарган фермерлар ғалласини ҳам тортиб олмоқда


Тошкент вилояти, Янгийўл туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерлар давлатга буғдой топшириш контрактация шартномасини бажарганига қарамай¸ ҳокимлик режадан ортиқ буғдойни ҳам ўриб олиб кетаëтганини билдирди.

Фермерларга кўра, милиция ходимлари назоратида ўримга туширилган комбайнлар, даладаги сўнгги бошоқни ўриб олмагунча чиқарилмаяпти.

Туман ҳокимлигининг мулозими шундай ҳолат бўлганини тасдиқлар экан, бу тадбир гектар ҳосилдорлиги паст бўлган фермерларга нисбатан қўлланилаётганини айтди.

Ҳокимлик томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермер Озодликка давлатга буғдой топшириш контрактация шартномасини қарийб 140 фоиз қилиб бажарган бўлса-да, ўзига бир кило ҳам буғдой қолдирилмаганини айтади.

“Буғдой ўрими бошланиши билан ҳар бир комбайнга иккитадан орган ходими бириктириб қўйилди. Масалан, комбайн менинг даламга кириб келганидан то чиқиб кетгунча ана шу ходимлар назорат қилиб турди. Комбайн тўккан буғдойни топшириб келаяпмиз, режа 130 фоиздан ҳам ошди, лекин ўрим тўхтатилмади. Энг сўнгги бошоқни ҳам ўриб олиб кетишди. Менга бир кило ҳам буғдой қолдирилмади. Ҳокимликдан масъул қилиб қўйилган одамга арз қилсак, ҳеч гап эмас, давлат пландан ортиқ буғдойингга ортиқча нарх беради, деб рухсат бермади”.

Фермер¸ Бош вазир қарорига кўра, гектар ҳисобига кўп етиштирилган буғдойга давлат бераëтган қўшимча ҳақнинг бозор нархидан пастлигини айтади.

“Бир кило буғдойнинг давлат харид нархи 1200 сўм. Масалан, гектарига 41-50 центнердан топширсангиз, сизга давлат килосига 1320 сўмдан беради. Лекин ғалла кўпайган ҳозирги пайтдаги бозор нархи 1500 сўм. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам ҳозир килосига 200 сўмдан ютқазаяпман экан. Бу қарийб 10 миллион сўм дегани. Агар шу буғдой ўзимда қолганида эди, мен уни ишчиларимга иш ҳақи сифатида бўлиб беришим ёки ўз ихтиёримга кўра бозорда кейинроқ, қимматроқ нархга сотишим мумкин эди. Лекин бизнинг гапимизни ҳокимлик умуман инобатга олмайди”.

Янгийўл тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Элшод Мираҳмедов фермерларнинг буғдойи мажбуран ўриб олиниш ҳолатлари бўлганини тасдиқлар экан, бу тадбир давлатдан имтиёзли кредит олиб ишлаган ва гектаридан паст кўрсаткич олган фермерларга нисбатан қўлланилаётганини айтди.

“Масалан, фермер давлатга 10 тонна буғдойни 1200 сўмдан топшириш бўйича контрактация шартномаси имзолаган. Шунга яраша бунга давлат 100 фоиз имтиёзли кредит берган. Агар фермер бу 10 тонна буғдойни гектар бошига 41 центнердан кам топширса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, давлат харид нархи 980 сўмга айланаяпти. Демак¸ 10 тонна буғдой 9 миллион 800 минг сўм бўлаяпти. Натижада олган кредитини қоплай олмай қолади. Буни тушунмаган фермерлар давлат бизнинг ҳамма ғалламизни олиб қўяяпти, деб шикоят қилмоқда. Фақат ғалланинг давлат харид нархига етказолмаган фермерларнинг буғдойи ўриб олинди. Биз Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида иш олиб бораяпмиз”

Озодлик билан исми сир қолишини сўарб гаплашган янгийўллик бошқа фермер ҳокимлик мулозимининг бу изоҳига муносабат билдирар экан, ëппасига ҳамма фермернинг буғдойи ўриб олинаётганини иддао қилди.

“Агар фермер Бош вазир қарорида кўрсатилганидек, гектарига 40 центнердан кам ҳосил олса¸ ўзи жарима тўлайди. Буни у билади. Шунинг учун режани тўлдиришга, ҳосилдорликни 41 центнердан оширишга ҳаракат қилади. Унинг бошида орган ходими қоровул бўлиб туриши шарт эмас. Лекин бизда бундай бўлмаяпти. Ҳамманинг буғдойи бир дона қолдирилмасдан ўриб кетилаяпти. Аввалги йиллари ҳам шундай бўлган”.

Ўзбекистон Бош Вазири Абдулла Ариповнинг ўтган йилнинг 27 ноябрида имзолаган “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра 2019 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда, бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз, 51- 60 центнергача бўлганида – 20 фоиз, 61 центнердан юқори бўлганида – 25 фоиз харид нархига устама нарх тўланади.

Агар фермернинг ғалласи 30 центнердан кам бўлганида – 25 фоиз, 31 центнердан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлат хариди учун қабул қилинган доннинг умумий ҳажми ҳисоб-китоб қилинади.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG