Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Ҳокимлар фермер ерини олиб қўйишда давом этмоқда 


Деновлик фермер Жамшид Ражабов.
Деновлик фермер Жамшид Ражабов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан жорий йилнинг 9 июнида айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритилиб, фермерлар ерини ҳокимлар қарори билан давлат захирасига олиб қўйиш амалиётига чек қўйилган эди.

Ҳокимларнинг фермерлар ерини олиб қўйиш ваколати қонунан тугатилган бўлса-да, Озодликка маълум бўлишича, турли туманларда фермерлар ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олиш ҳамон давом этмоқда.

Сурхондарё вилоят, Шеробод тумани ҳокими Зиёдилла Давлатов ҳам август ойида сув йўқлиги боис кластер билан ғалла шартномасини бажара олмаган ўнлаб фермерни залга қамаб, мажбуран ариза ёздириб олган.

Шеробод тумани ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Хўжанов нима сабабдан фермерлардан ариза ёздириб олинганини изоҳлай олмади.

Фермерларнинг айтишларича, ҳокимлардан бу ваколат олиб қўйилгани билан улар фермердан ерни тортиб олиш ҳақида қарор чиқарадиган Халқ депутатлари туман Кенгашининг раиси бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон президенти жорий йил 9 июнида “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш, айни ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланган эди.

Аммо президентнинг бу қарори аксар туман ҳокимларига етиб бормаган кўринади.

Шеробод туманидаги “Абдусалим Полвон Ражабов” фермер хўжалиги раиси Жамшид Ражабовнинг айтишича, август ойининг ўрталарида туман ҳокими икки мустақил юридик субъект ишига қўпол тарзда аралашиб, фермерлардан ерини захирага топшириш мақсадида мажбуран ариза ёздириб олган:

“Ҳокимликнинг катта мажлислар залига ҳоким ҳамма фермерни чақирди. Ўртада ҳоким икки ёнида ИИБ бошлиғи билан прокурор. Ҳудуд бўйича битта-битта фермерни олдига чақириб, ғалла режангни бажара оласанми ёки йўқ, деб сўраяпти. Йўқ, бажаролмайман, сув бўлмади, дори бўлмади деийшига қарамасдан, аризасини ёздириб, печат босдириб оляпти. Кейин мени чақириб, бажара оласанми деди. Мен, давлат захираси 25 центнерни бажараман, кластер билан шартномага буғдой қолмайди, дедим. Аризани ёздирди, печатим уйда қолгани учун участка нозири уйдан бориб олиб келди. Унгача мени чиқармай ушлаб ўтирди. Мажбур печатни қўйиб чиқиб кетдим”.

Фермернинг айтишича, у давлат захирасига гектаридан 25 центнердан ғалла бериш шартномасини бажарган, аммо сув танқислиги ва кластер ўз мажбуриятларини бажармагани сабаб фьючерс шартномани бажаролмай қолган:

“Сув бермади вақтида, бор-йўғи 300 килодан минерал ўғит берди. Бунақада ғалла бўладими, ҳали ҳам ёнимиздан қўшиб шунча қилдик. Умуман ғалла топшира олмаган фермерлар ҳам бўлди, ҳаммадан ариза ёздириб олди. Кейин кўпчиликни аризасини қайтариб берди, аммо менга қарор чиқартириб, еримни тортиб олди”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа деновлик фермер ҳам ҳоким кластер ёнини олаётганини айтади:

“Мен ҳам бу йил ғалла топширолмай, қилган харажатимга куйиб қолдим. Чунки, сув бўлмади. Сув беринглар деб ҳокимга ҳам, қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбарига ҳам неча бор ялиниб бордим. Ўзлари била туриб энди ғалла талаб қиляпти. Шароитни қилиб бер, кейин сўра дейдиган одам йўқ. Кластер билан қилинган шартномага кўра, агар бажаролмасам келишилган сумманинг 0.25 фоизи миқдорида жарима тўлашим керак. Бор гап шу, лекин мендан ҳам мажбуран ариза ёздириб олди”.

Шеробод тумани ҳокими Зиёдилла Давлатовнинг мобил телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Хўжанов Озодлик билан суҳбат аввалида мажбуран ариза ёздириб олинганини инкор қилар экан, сўнгра фермер “ёмон ишлагани” учун ундан ариза олинганини тасдиқлади:

Абдусалим полвон Ражабов”ми? У ўзи ёзиб берган. У ўзи ишламайдиган фермер, ойлаб ахтариб топиб бўлмайди, далага бормайди. Шунинг учун аризаси олинган”.

Озодликнинг агар фермер умуман ишламаса, давлат захирасига гектаридан 25 центнердан ғаллани қаердан топширди, нега ҳокимлик икки мустақил субъект муносабатларига аралашди, деган саволларига ҳоким ўринбосари жавоб беролмади.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, ерни тортиб олиш функцияси ҳоким бошлиқ маҳаллий Кенгашларга берилгани боис, фермерлар ҳали ҳам ҳокимларнинг таъсир кучи остида қолмоқда:

“Ҳокимлардан ерни тортиб олиш ваколати олингани билан улар ижронинг бошлиқлигича қолмоқда. Ер олиш ваколати ҳозир халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтган. Кенгашнинг раиси эса яна ўша жаноб ҳоким. Бизнинг депутатларимизни эса биласиз, ҳоким нима деса ўшанга қўл кўтараверади. Шунинг учун ҳам қонун чиқарувчи органнинг раҳбари ижрода ишламаслиги керак. Қачонки Кенгаш раҳбари ҳокимлардан ташқари маҳаллий депутатларнинг ўзидан сайланса, кейин бир ўзгариш бўлиши мумкин”.

Форум

XS
SM
MD
LG