Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Тез ëрдам келмай, бозорда инсультга учраган аëл ўлди. Гувоҳлар ҳақиқат қарор топишини сўрамоқда (ВИДЕО)


Тез ëрдам келмай, бозорда инсультга учраган аëл ўлди. Гувоҳлар ҳақиқат қарор топишини сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00

Озодликка маълум бўлишича¸ Фарҳод бозорида миясига қон уришдан йиқилган аëл тошкентлик 72 яшар пенсионер Татьяна Фëдоровнадир.

8 июнь куни эрталаб соат 10 ларда пойтахтдаги Фарҳод бозорининг кийим-кечак растасидан ўтиб кетаëтган кекса аëл йиқилиб тушган ва буни кўрганлар дарҳол 103 рақами орқали "Тез ëрдам" чақирган.

Фожианинг бевосита гувоҳи, тошкентлик Меҳригул Манамованинг 13 июнь куни Озодликка айтишича¸ биринчи қўнғироқдан икки соатча ўтиб ҳам тиббий ëрдам етиб келмагач¸ атрофдагилар йиқилиб, тилдан қолган аëлни хусусий машинада 16-шаҳар шифохонаси - Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб борган.

Ўз вақтида тиббий ëрдам кўрсатилмагани оқибатида аëл комага тушган ва эртасига вафот этган.

Аёлга чақирилган "Тез ёрдам" келмагани тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларга чиқиб, баҳс ва эътирозлар уйғотди. Бу эътирозлар ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги 13 июнь куни баëнот берди.

Унда ëзилишича¸ 8 июнь куни Фарҳод бозоридан "Тез ëрдам"га иккита алоҳида ҳолат бўйича қўнғироқ бўлган ва иккала ҳолатда ҳам тиббий бригада “зудлик билан етиб борган”.

Бундай баëнотни "жамоатчиликни алдаш" деб атаган Меҳригул Манамова Озодлик орқали воқеа юзасидан очиқ ва ҳалол текширув ўтказилиб¸ ҳақиқат юзага чиқишини талаб қилди.

Фарҳод бозоридаги инсульт

8 июнь куни Фарҳод бозорининг буюм расталари олдида тўсатдан йиқилган аëл¸ Озодликнинг аниқлашича¸ Чилонзор туманида яшаб келган 72 яшар пенсионер Татьяна Фëдоровнадир.

Яқинларининг айтишича¸ икки кун аввал пенсиясини олган аëл эрталаб бозорликка чиққан.

Татъяна бир ойча аввал инфаркт бўлиб¸ касалхонада ëтиб чиққан эди. Уйида 78 яшар қари эри бор¸ қизи ва ўғли Россияга кўчиб кетган. Эри инвалид¸ ҳасса билан уй ичида зўрға юради¸ аммо бозор-ўчарга ярамайди. Иссиқда боши айланиб¸ йиқилган. Бозордагилар дарров Тез ëрдам чақирган¸ аммо келмаган. Биз нима бўлганини 8 июнь куни тушдан кейин эшитдик. Қидириб¸ Татьянанинг дарагини 16-больницадан топдик. Ўша куниëқ комага тушиб¸ эртасига ўлди. Болалари Россиядан келиб¸ 11 июнь куни кўмишди”¸ деди пенсионер аëлнинг жияни.

Гувоҳ ҳикояси

Меҳригул Манамова 8 июнь куни онаси билан Фарҳод бозорига чиқиб¸ тасодифан одамларнинг пенсионер аëл тепасида тўпланиб турганига дуч келган.

Нима бўлганини суриштириб¸ аëлнинг ярим соатча олдин йиқилгани ва атрофдагилар дарров "Тез ëрдам" чақирганидан хабар топган.

(Меҳригул Манамова ўзи тасвирга олган видеоларни Озодликка тақдим этди.)

Фарҳод бозорида инсульт бўлиб йиқилган аëл учун чақирилган Тез ëрдам умуман келмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:25 0:00

Ярим соатдан бери инсульт тахмини айтилган касалга ëрдам келмаганидан жунбушга тушиб¸ Меҳригул ўз телефонидан яна 103 га қўнғироқ қилган.

-Тез ëрдамдагилар жуда бепарволарча гаплашишди. “Машина келса юборамиз”¸ дейишди. Келавермагач¸ 10-15 минутдан кейин¸ яна қилдим. Бу сафар участковойга бердим трубкани. У ҳам қаттиқ-қаттиқ гапириб¸ “ўлиб қолса¸ жавоб берасизлар”¸ деб огоҳлантирди. Барибир ҳеч ким келмади. Шахсан ўзим аëлнинг ëнида 1 соату 10 минутча турдим¸ ëрдам келишини кутиб. Бу орада аëл тилдан қолди¸ танасининг ярми паралич бўлди. Юзи қизариб¸ шиша бошлади. Инсультлиги аниқ эди. Йиқилганидан икки соатча ўтиб¸ Тез ëрдамга умид қолмади. Бозордаги бир йигит ўз машинасида олиб борадиган бўлди¸ аëлнинг ëнига уни танийдиган қўшнисини чиқариб юбордик¸ дейди 13 июнь куни Озодлик суҳбатлашган Меҳригул Манамова.

Тез ëрдамдан умидини узган гувоҳлар тилдан қолган аëлни ўз машинасида касалхонага олиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:54 0:00

Воқеанинг ўзи гувоҳ бўлган қисмини видеога олган Меҳригул Манамовага кўра¸ Татьяна Фëдоровнани касалхонага олиб кетишганидан кейин¸ ўзига "Тез ëрдам"дан телефон қилиб¸ “машинани қаерга юборишни сўрашган”.

Бу орада¸ гувоҳ аëл таъкидича¸ ëрдам сўраб қилинган биринчи қўнғироқдан қарийб икки соат вақт ўтган эди.

Фарҳод бозорида бир вақтнинг ўзида иккита аëл беҳуш йиқилдими?

Меҳригул Манамова¸ Тошкент шаҳар "Тез тиббий ëрдам" маркази бўлим мудири Даврон Қаюмовнинг воқеа юзасидан “Севимли” телеканалига берган изоҳи ўзи учун “ўлганнинг устига тепган” бўлганини айтади.

- Телевизорда менинг Facebook саҳифамда қўйган хабаримни кўрсатиб гапиришди. Тез ëрдам мудири ëлғон гапирди. Шунга Озодликка чиқишга қарор қилдим. Булар жавобгарликдан қутулиш учун¸ гўë ўша куни бир пайтнинг ўзида Фарҳод бозорида иккита аëл беҳуш бўлган¸ деган гапни ўйлаб топишипти. Иккаласига ҳам зудлик билан -10-15 минут ичида бригада юбордик¸ дейди. Мен ўзим у аëлнинг тепасида 1 соату 10 минут турдим камида¸ ҳеч ким келмадику! Зудлик билан ëрдам шуми? Булар жавобгарларни аниқлаб¸ жазолаш ўрнига¸ уни бости-бости қилиш пайида¸ дейди Озодлик билан 13 июнь кунги суҳбатда Меҳригул Манамова.

Беморга атрофдагилар билганича ëрдам кўрсатишга уринди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

Манамова¸ Тез ëрдам мутасаддисидан бу баëнотини тасдиқловчи исбот-далилларни жамоатчиликка тақдим этишни сўради.

- Фарҳод бозорида беҳуш йиқилиб¸ 15 минут ичида Тез ëрдам етиб борган беморнинг кимлигини очиқлашсин¸ бозорга 10:40 ларда етиб борган Тез ëрдам машинасининг номери¸ кимнинг¸ қандай ëрдам кўрсатгани регистрация қилинади¸ шуларни жамоатчиликка кўрсатсин. Йўқса¸ мен буни халқни алдаш ва бизга нисбатан очиқ ҳурматсизлик деб биламан¸ дейди Манамова.

13 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган баëнотда ҳам Даврон Қаюмовнинг айни изоҳи такрорланди – 8 июнь куни соат 10:24 ва 10:34 оралиғида Фарҳод бозоридан иккита алоҳида ҳодиса бўйича чақириқ бўлгани ва иккала беморга ҳам “зудлик билан” "Тез ëрдам" бригадаси жўнатилгани айтилди.

Тошкент шаҳар "Тез тиббий ëрдам" маркази изоҳи

Озодлик воқеа юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар "Тез тиббий ëрдам" хизмати бош врачи Даврон Султонов билан боғланди.

Султонов¸ воқеа юзасидан Соқлиқни сақлаш вазирлиги¸ ўз маркази мутасаддилари хизмат текшируви олиб бораëтганини маълум қилди:

- Ҳақиқатни бекитиш¸ кимнидир жавобгарликдан олиб қолиш ниятимиз йўқ. Аксинча¸ бу фожиа турткисида вазиятни таҳлил қилиб¸ бу каби воқеалар такрорланмаслиги учун ундан сабоқ чиқарамиз. Гувоҳлар келиб¸ сизга айтганларини бемалол махсус комиссияга айтсин¸ ўрганамиз¸ текширамиз.

“Ҳақиқатда Тез ëрдам тез ëрдам кўрсатганида¸ аëл ўлмаган бўларди”

Татъяна Фëдоровнанинг яқинлари¸ қолаверса¸ унинг ўлимига сабаб бўлган воқеа гувоҳи Меҳригул Манамова шундай фикрда.

- Бунақа пайтда¸ ҳамма нарса беморга қанчалик тез тиббий ëрдам кўрсатилишига боғлиқ. Ярим соат ичида ëрдам берилганда¸ Татьяана ўлмас эди. Мен борганда у ҳали тилдан қолмаган эди¸ ўша пайтда тўғри ëрдам кўрсатиш керак эди. Атрофда яхши одамлар кўп эди¸ аптекадагилар ҳам ëрдам беришга ҳаракат қилишди. Бозорчилар ерга латта ташлаб ëтқизишди¸ бошига докани ҳўллаб қўйишди¸ сумкасидан дорисини топиб беришди¸ лекин томоғидан сув ўтмай қолди. Инсульт пайтида нотўғри қимирлатиш ҳам ëмон бўлади¸ шунга биз уни бошини ушлаб¸ машинага ëтқиздик¸ билганимизча ëрдам бердик. Лекин биз мутахассис эмасмиз¸ дейди Манамова.

Ўлган аëлнинг узоқ қариндоши ҳам айни фикрда. Бу суҳбатдош Татьянанинг воқеа юзасидан адолат қарор топтириш учун эшикма-эшик югурадиган ҳеч кими йўқлиги учун¸ бу воқеанинг бости-бости бўлиб кетишини тахмин қилади.

- Ўғли билан қизи онасини кўмиб¸ яна Россияга кетади. Эри 78 ëшда¸ зўрға юради. Биз унга узоқ қариндошмиз¸ югур-югур қилмоқчи эмасмиз. Ҳеч ким даъвогар бўлмаса¸ бу иш ëпти-ëпти бўлиб кетса керак¸ дейди шахси очиқланишини истамаган суҳбатдош.

Меҳригул Манамова ўзи гувоҳ бўлган бу воқеанинг бости-бости бўлмаслиги учун ҳаракат қилишини айтаркан, деди:

- Ўйлаб кўринг¸ бу аëл ўрнида мен¸ сиз ¸ онамиз ëки отамиз бўлиши мумкин. Куппа-кундуз куни бозорда йиқилиб қолсак¸ шундай ўлиб кетаверамизми? Мен томошабин бўлиб ўтиролмайман¸ мендан сўрашса¸ албатта¸ гапираман. Ҳақиқат юзага чиқиши керакку!?

Бозордаги ўлим ўзгаришларга туртки бўлиши мумкинми?

Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар "Тез тиббий ëрдам" хизмати бош врачи Даврон Султонов шунга умид қилишини айтди:

- Ўзбекистонда чилла иссиғи энди бошланади. Юраги заиф одамлар учун ўта хавфли мавсум бу. Бозорлар¸ стадионлар каби одамлар кўп йиғиладиган жойларда медпункт бўлиши керак. Бунақа вазиятда одамлар қаерга бориши кераклиги ҳамма жойда аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Лекин афсуски¸ бу нарса амалда йўқ. Бир гал Пахтакор стадионида ўйин кетаëтган пайтда¸ Тез ëрдам чақириб қолишган. Шовқин-сурон¸ тумонат одам. Зудлик билан тиббий ëрдамга муҳтож одамнинг қаердалигини топиш¸ уни олиб чиқиш учун қанча вақт кетишини бир тасаввур қилиб кўринг. Шунақа ҳолатларнинг ўлим билан тугамаслиги учун медпунктлар бўлиши керак. Ҳозир бу таклиф устида иш бораяпти¸ умид қиламиз¸ ижобий ҳал бўлади.

Тошкент "Тез ëрдам"и раҳбари шунингдек¸ тизимда ҳал этилмай қолаëтган жиддий муаммолар кўплигини айтди.

Чақириқларни автоматик тарзда ëзиб олиш¸ "Тез ëрдам" етиб боргунча телефон орқали бемор ëки унинг ëнидагиларга тиббий маслаҳат бериши учун қонуний асос яратиш ва жамоат тартибини сақловчи ички ишлар ходимларининг бундай вазиятларда биринчи ëрдам кўрсатишга ўргатиш¸ расмий таъкидича¸ яқин келажакда ечимини топиши муҳим муаммолар сирасидандир.

XS
SM
MD
LG