Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:59

Фейсбук Украинадаги сайлов арафасида ташқи рекламани жиддий назорат қилмоқчи


Фейсбук ижтимоий тармоғи Украина президенти сайлови арафасида бу мамлакат ташқарисидан сотиб олинадиган ракламаларни тақиқлашини эълон қилди. Сайлов жорий йил баҳорида бўлиб ўтади.

Ушбу қарор ижтимоий тармоқнинг 2 миллиард фойдаланувчиси орқали тарқатилаётган сохта ёки чалғитувчи ахборотлардан норозиликларга жавобан амалга ошираётган ишларининг бир қисми бўлади. Буни Киев расмийлари олқишлаши турган гап.

Украина кўп йиллардан бери Фейсбук маъмуриятини Москва кўмагида амалга оширилаётгани гумон қилинаётган нотўғри ахборот тарқатиш кампанияларидан огоҳлантириб келади. Бунга Киевнинг Ғарб билан яқин ҳукуматига ишончсизлик уйғотиш, Москванинг Қримни босиб олганини олқишлаш ва мамлакат шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлашга даъватлар киради.

Фейсбук 28 январда жорий йилда Ҳиндистон, Нигерия, ва Украинада бўлиб ўтадиган сайловларни ҳимоя қилишга оид июнь охиригача амалга ошириладиган ишлари ҳақида баёнот берди.

Украина президенти сайлови 31 мартга белгиланган. Сайлов иккинчи турга қолиши ҳам мумкин. Чунки амалдаги президент Петро Порошенкога 20 дан ошиқ номзод рақиб бўлиши кутилмоқда.

Фейсбук кўраётган янги чоралар натижасида сиёсий реклама берувчилар шахсини тасдиқлаши керак бўлади. Компаниялар эса сиёсат масалаларига оид рекламалари ҳақида одамларга қўшимча маълумот беради.

Бу жамоатчилик қидириб топиши мумкин бўлган архив яратишни назарда тутади. 7 йилгача сақланадиган архив ҳар бир рекламанинг бюджети, қамрови ҳамда рекламани кўрган кишилар демографияси, жумладан, уларнинг ёши, жинси ва манзили ҳақида маълумотларни ўз ичига олади.

Фейсбук Украинадаги сайлов олдидан ушбу чорани қачон жорий қилиши аниқ эмас. Аммо Украинанинг ахборот сиёсати бўйича вазир ўринбосари Дмитро Золотухин ўтган ҳафтада Фейсбук расмийлари билан учрашиб, реклама масалаларини муҳокама қилганини маълум қилди.

Ғарб разведка хизматлари ва нотўғри тарқатилаётган ахборотни тадқиқ қилувчи экспертлар россиялик ҳамкасбларини Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига оид овоз бериш жараёни, АҚШдаги 2016 йилги президент сайлови, шунингдек, Франциядаги президент сайлови ва Германиядаги миллий сайловга кибер-аралашувда айбламоқда.

Экспертлар Фейсбукнинг сўнгги қарорини олқишлаш баробарида бу қадам Россиянинг нотўғри ахборот тарқатишига тўлиқ тўсиқ бўлишига шубҳа билдирмоқда.

Фейсбук маъмурияти олдинроқ Фейсбук ва Инстаграм платформаларидан юзлаб саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтларни ўчириб ташлаганини хабар қилган эди. Аниқланишича, улар собиқ совет ҳудудидаги фойдаланувчиларга мўлжалланган иккита нотўғри ахборот тарқатиш бўйича онлайн амалиётнинг бир қисми бўлган. Уларнинг аксариятини Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги ходимлари юритган.

XS
SM
MD
LG